Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Санжар Ризаев: «Тошкент минтақа футболи пойтахтига айланди»

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбари Мираброр Усмонов яқинда Марказий Осиё футбол уюшмаси (Central Asian Football Association)га президент этиб тайинланди. Шу йилнинг 9 январь куни Австралиянинг Мельбурн шаҳрида бўлиб ўтган Осиё футбол конфедерацияси (ОФК)нинг навбатдан ташқари Конгрессида ташкилот уставига ўзгартиришлар киритилганди. Унга кўра, ОФКга аъзо 47та футбол федерацияси 5та географик минтақага бўлиниши белгилаб қўйилган. Қисқаси, янги Марказий Осиё минтақасини ташкил қилиш Конгресс аъзолари томонидан маъқулланганди. Ўтган ҳафта ОФКнинг ушбу ислоҳотлари доирасида Марказий Осиё минтақаси футбол федерацияларининг мутасадди шахслари Қувайтда йиғилиб, Central Asian Football Association қароргоҳи учун Тошкент шаҳрини танладилар. Айни пайт ташкилотни рўйхатга киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Биз айни мавзу юзасидан ЎФФ матбуот хизмати бошлиғи Санжар Ризаевдан махсус интервью олдик. 

- Санжарбек, сиз Австралияда ўтган Осиё кубоги ҳамда ОФКнинг навбатдан ташқари Конгрессида бевосита иштирок этиб қайтдингиз. Суҳбатимизни айни шу мавзу доирасида бошласак.

- 9 январь куни Мельбурн шаҳрида ОФКнинг навбатдан ташқари Конгресси ўтказилди ва унда Ўзбекистон футболи учун дахлдор масала ОФКга аъзо барча федерациялар томонидан маъқулланди. Яъни ОФК уставининг 7-моддасига ўзгартириш киритилди. Бунгача ОФКга аъзо 47та футбол федерацияси 4та географик минтақага бўлинганди. Энди минтақалар сони 5тага етказилди. Ғарб минтақасидан жами 12та - Баҳрайн, Ироқ, Иордания, Қувайт, Ливан, Уммон, Фаластин, Қатар, Саудия Арабистони, Сурия, БАА, Яман федерациялари жой олди. Жануб минтақасида эса Бангладеш, Бутан, Ҳиндистон, Мальдив ороллари, Непаль, Покистон, Шри Ланка - жами 7та давлат федерацияси бор. АСЕАН минтақасида Австралия, Бруней, Камбоджа, Шарқий Тимор, Индонезия, Лаос, Малайзия, Мьянма, Филиппин, Сингапур, Таиланд, Вьетнам, Шарқ минтақасидан Хитой, Хитой Тайпейи, КХДР, Гуам, Гонконг, Япония, Жанубий Корея, Макао, Мўғулистон, Шимолий Мариана ороллари футбол федерациялари ўрин олди. Штаб-квартираси Тошкентда бўладиган Марказий Осиё минтақаси эса Афғонистон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон федерацияларидан таркиб топади. ОФК уставига киритилган ўзгартиришларга кўра, Марказий Осиё минтақаси учун ташкилот Ижроия қўмитасидан 3та жой ажратилади. Айнан Конгресс ўтказилган куни Осиё кубоги очилиш ўйини бўлди. Маълумки, Австралия - Қувайт баҳсида «соккеруз» зафар қучди. Мельбурн мезбон шаҳарлар орасида энг иссиқ иқлимга эгалиги билан ажралиб турарди. ОФКда фаолият юритаётган айрим дўстларимиз айнан об-ҳаво шароитидан хавотир олишганди. Зеро, иссиқ ҳарорат ўйинларга салбий таъсир қилиши ҳеч гап эмасди. Лекин очилиш ўйини куни салқин ҳаво кузатилди. Ҳарорат 15-16 даража атрофида эди. Бошланишига Австралия терма жамоаси Мельбурнга хос бўлмаган иқлим шароитига кўниколмади, чоғи, ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Лекин майдон эгалари якунда ғалабани ўз томонларига оғдиришди, бирибир - 4:1. Стадион очилиш ўйини учун нисбатан кичик эди. Мен аввалги Осиё кубоклари билан таққослаган ҳолда, фикр билдиряпман. Умуман, Осиё кубоги-2015да бир қатор янгиликларга гувоҳ бўлдик. Биринчи навбатда, ротация тизимини таъкидлаш керак. Яъни жамоалар гуруҳ босқичининг 3та ўйинини турли шаҳарларда ўтказишлари белгилаб қўйилганди. Бунгача гуруҳ баҳслари битта шаҳарда ташкиллаштириларди. Мельбурндаги очилиш учрашувидан сўнг Ўзбекистон миллий жамоаси иштирокидаги ўйинни томоша қилиш учун Сидней шаҳрига йўл олдик. У ерда Мельбурндан фарқли равишда, шаррос ёмғир қуйди. Лоф бўлмасину, лекин бундай кучли жалани ҳеч қачон кўрмагандим. Шундай ноқулай об-ҳаво шароитида кечган ўйинда жамоамиз КХДР термасини кичик ҳисобда мағлуб этди. Шундан сўнг Брисбен шаҳрига учдик. Бу шаҳарда Австралияга хос ёз ҳарорати ҳукм сурарди. Намгарчилик ҳам юқори. Брисбенга учрашувдан бир кун олдин етиб бордик. Шу боис, жамоамизнинг машғулотини ҳам кузатдик. Осиё кубогига матбуот хизмати вакили ёки журналист сифатида эмас, аксинча, хизмат сафари юзасидан боргандим. Шу сабабли, ўйинларни медиа-трибуна ёки мухлислар учун мўлжалланган секторлар эмас, меҳмонларга ажратилган VIP-ложадан томоша қилдим. Балки шунинг учундир ҳар бир ўйин юқори футбол муҳитида ўтгандек таассурот уйғонди. Стадиондаги муҳит жуда чиройли кўринди. Умумий олганда, Осиё кубоги муваффақиятли ўтди, дейиш мумкин. Аммо бир ҳолат кўпчиликнинг таъбини хира қилди. Мусобақани трансляция қилиш ҳуқуқи Fox Sports каналига берилганди. Бу телеканал ўйинларни узатишда бир қатор камчиликларга йўл қўйди. Масалан, сиз Брисбендасиз, лекин Сиднейда ўтказилаётган ўйинни меҳмонхона ёки медиа-марказда туриб, томоша қилолмайсиз. Бу каби эътирозлар журналистлар ва меҳмонлар томонидан мусобақа ташкилотчиларига тез-тез билдирилди.

- Яна шундай эътирозлар ҳам янградики, Австралиянинг ўзида қитъа чемпионати кутилган даражада қизиқиш уйғотмабди. Балки мамлакатда футболнинг биринчи рақамли спорт тури эмаслиги ва кўпчилик регбини афзал кўриши учун шундай бўлгандир...

- Бу фикрга қўшиламан. Ҳаммасининг ўзига яраша сабаблари бор. Бир куни юмуш билан кўчага чиқдим. Такси ҳайдовчиси билан суҳбатлашганимда, у Австралия аҳолиси футболдан кўра, регбига ўхшаш Авс-тралия футболини афзал билишини айтди. Бу спорт тури фақат шу қитъада ўйналиши билан аҳамиятлидир. Австралия футболи бошқа ҳеч қаерда йўқ. Қитъанинг ўзида эса биринчи рақамли спорт саналади. Лекин миллионлар ўйинига ҳам эътибор йўқ эмас. Ҳарқалай, кўча-куйда Авс-тралия терма жамоаси либосини ки-йиб юрган кўплаб инсонларни учратдик. Тўғри, агар Осиё кубоги Авс­тралияда эмас, қитъанинг бошқа бир мамлакати, хусусан, Ўзбекистонда ўтказилганида, тахминимча, мусобақанинг нафаси яққолроқ сезиларди. Чунки биласиз, юртимизда футбол оммавийлиги юқори. «Яшил қитъа»да қизиқиш паст бўлганига сабаб ўлароқ, яна бир жиҳатни мисол сифатида келтириш мумкин. Айнан Осиё кубоги давом этаётган бир пайт Мельбурн шаҳрида «Катта дубулға» туркумига кирувчи йилнинг 4та нуфузли мусобақасидан бири - Австралия очиқ чемпионати ҳам ўтказилди. Биласиз, бу туркумдаги теннис мусобақалари 2 ҳафтага чўзилади.

- Энди яна Конгрессда қабул қилинган қарорга келсак. Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистоннинг етакчи сифатида танлангани ва ташкилот штаб-квартирасининг Тошкентда бўлиши мамлакатимиз футболига нима беради?

- Қайтараман, биринчи навбатда, ОФКнинг олий органи ҳисобланган Ижроия қўмитасида Марказий Осиё минтақаси учун 3та жой ажратилади. Бу жойларни ким эгаллашини минтақа вакиллари ҳал қилишади. ОФК номзодларни тасдиқлайди, холос. Штаб-квартира учун Тошкент танлангани эса Ўзбекистон футболига ОФК томонидан берилган ишонч ва юқори ҳурмат белгисидир.

- Бунгача мавжуд бўлган 4та минтақанинг алоҳида чемпионатлари бор. Марказий Осиё минтақаси чемпионатини ташкиллаш лойиҳаси ҳам илгари суриляптими?

- Албатта. Тез кунларда Марказий Осиё футбол уюшмаси ташкил этилади ва унга ЎФФ президенти Мираброр Усмонов раҳбарлик қилади. Ҳозирда Тошкент шаҳрида уюшманинг қароргоҳини очиш юзасидан юридик ва ташкилий масалалар ҳал этилмоқда. Жараён деярли ўз якунига етиб қолди. Ташкилот очилганидан сўнг штат-жадвали тасдиқланади. Табиийки, унинг таркибида клублар ва терма жамоалар миқёсида мусобақалар ўтказиш бўйича ҳам бўлим иш юритади. Уюшма олдида турган биринчи галдаги вазифа айнан Марказий Осиёнинг илк чемпионатини ўтказишдир. Кейинчалик эса клублар миқёсида ҳам мусобақа йўлга қўйилади. Айтиш мумкинки, тез орада Тошкент шаҳри минтақа футболи пойтахтига айланади.

- Равшан Ҳайдаров мураббийлигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 30 май куни Янги Зеландияда старт оладиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этади. Сўнгги йилларда ўсмирларимиз ҳам, ёшларимиз ҳам ЖЧдаги иштироклари билан мухлисларни хурсанд этишяпти. Билишимизча, сиз бевосита Ҳайдаров жамоаси билан Янги Зеландияга йўл оласиз. Бўлажак кичик мундиалдан нималар кутяпсиз?

- Ушбу терма жамоамиз келажаги порлоқ. Йигитлар катта йўлни босиб ўтишди. Терма жамоанинг баъзи футболчилари ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам қатнашишга улгуришган. Бўлажак мундиал ҳам футболчилар, ҳам мураббийлар учун катта синов. Энг муҳими, мусобақага тўғри тайёргарлик кўриб, жароҳатларсиз етиб борсак, бу бизнинг энг катта ютуғимиз бўлади. Шахсан мен ёшларимизнинг камида чорак финалга чиқишларига умид боғлаяпман. Бу ёш тоифасидаги жамоаларимизнинг устун томонлари - кучли ва номдор рақиблардан қўрқмасдан майдонга тушиш. Тўғри, гуруҳдаги рақиблар кучли. Германия термаси Европанинг амалдаги чемпиони ҳисобланади. Таркибида бундеслигада ўйнайдиган кўплаб футболчилар бор. Шу маънода айтсак, биз учун асосий рақиб - Гондурас термаси. Лекин бу шунчаки, мусобақадан олдинги фикрлар. Жаҳон чемпионатига ким қандай тайёргарлик билан бориши эса, мутлақо бошқа масала.

- Яна бир хушхабарга кўра, футзал бўйича Осиё чемпионати мезбонлиги Тошкент шаҳрига топширилиши мумкин экан. Аҳамиятга молик жиҳати шундаки, келаси йили февраль ойида ўтказиладиган қитъа биринчилиги жаҳон чемпионатига йўлланма беради. Бу масалада ЎФФ­га расмий маълумот келиб тушмадими?

- Ҳозирча йўқ. Лекин ЎФФнинг бу борада музокара олиб бораётганини тасдиқлайман. Федерациямиз раҳбарининг ўзи шундай ташаббус билан чиқди. Марказий Осиё минтақаси штаб-квартирасининг пойтахтимизда бўлиши ва футзал бўйича қитъа чемпионати мезбонлик ҳуқуқини Тошкент шаҳрига топширилиши футболимиз учун қўшалоқ хушхабар бўларди. Дарҳақиқат, навбатдаги Осиё чемпионатида ЖЧ йўлланмалари учун ўйналади. Биз бундан аввал ҳам футзал бўйи­ча Осиё чемпионатига мезбонлик қилганмиз. Яъни ЖЧга йўлланма бермайдиган қитъа чемпионати мезбонлигини ҳеч ким олмаган бир пайтда федерациямиз ташаббус билан чиққанди. Ўйлайманки, бу ҳаракатларимиз навбатдаги Осиё чемпионати мезбонини аниқлаш жараёнида муҳим омил сифатида олинади. Шу йилнинг апрель ойига ОФК Конгресси белгиланган. Ижроия қўмитаси мезбонлик масаласида Тошкент шаҳри номзодини қўллаб-қувватлашига умид боғлаб қоламиз. Бу борада ОФК билан расмий музокаралар деярли якунланди. Фақатгина қитъа конфедерацияси жавобини кутяпмиз. Жаҳон чемпионатида иштирок этиш футзал бўйича миллий жамоамиз учун армон бўлиб кел-япти. Бир неча бор бунга яқин келганмизу, лекин орзулар амалга ошмай қолган. Балки Тошкентга мезбонлик ҳуқуқи топширилса ва ўз мухлисларимиз кўз ўнгида ўйнасак, бир неча йиллик орзумиз рўёбга чиқар. Бизда қитъа чемпионатини ўтказиш бўйича катта тажриба бор. Ушбу мусобақа юқори савияда ташкил этилган. Ҳозирги кунда терма жамоамиз бўлажак қитъа чемпионатига Баҳодир Аҳмедов бошчилигида тайёргарлик кўряпти. Яқинда жамоамиз Латвия­да 2та ўртоқлик учрашуви ўтказиб қайтди. Ҳар икки ўйинда футзалчиларимиз ғалаба қозонишди. Умуман, жамоамиз бу йил ҳисобидан бир нечта халқаро мусобақаларда ҳам иштирок этади. Осиё чемпионати келаси йилнинг февраль ойида ўтказилиши режалаштирилган.

Шу ўринда пляж, яъни соҳил футболи бўйича терма жамоамизнинг тайёргарлигига ҳам қисқача тўхталиб ўтсам. Боиси, бу жамоамиз Осиё чемпионатида иштирок этишга шайланган. Термамиз делегацияси 14 март куни Дубай шаҳрига жўнаб кетади. У ерда бир ҳафта мобайнида тайёргарлик кўради. Бош мураббий Аҳад Юсупов шогирдлари БААдаги йиғин давомида 3та ўртоқлик учрашувида майдонга тушишади. Маҳаллий «Ал-Шабаб» ва «Ал-Аҳли» клубларидан ташқари, Қувайт терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини ташкиллаш бўйича деярли келишувга эришилди. Йиғин тугагач, терма жамоа делегацияси 22 март куни Қатар пойтахти Доха шаҳрига йўл олади. 23-28 март кунлари бўлиб ўтадиган пляж футболи бўйича Осиё чемпионатига айнан Доха мезбонлик қилади. Минтақанинг 15та энг яхши жамоаси биринчилик доирасидаги ўйинлар орқали шу йили 9-19 июль кунлари Португалияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига ажратилган 3та йўлланма учун кураш олиб боради. Маълумот учун эслатиш жоиз, Ўзбекистон термаси «C» гуруҳида БАА, Фаластин ҳамда Ироқ жамоалари билан беллашади.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 17:29, 12.03.2015.
Ўқилди: 5983 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.