Кириш Регистрация
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина 1-0 Перу
20/11 05:00 Чили 4-2 Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия 1-1 Уругвай
21/11 18:00 Пахтакор 0-2 ОКМК
22/11 16:00 Нефтчи - Насаф
22/11 18:15 Қизилқум - Навбаҳор

Блог

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

UzA.uz — спорт хабарлари блоги

Юртимизда хоккей ўйнаш учун имкониятлар яратилмоқда

Баҳо:
+0; -0
Юртимизда қиш фаслининг иккинчи ойи ҳам ўтиб бормоқдаки, ҳали унинг гаштини туйиб улгурмадик. Аҳён-аҳёнда ёққан қор эса заминни оқартирди-ю. аммо кўзимиз тўядиган завқ бағишлай олмади бизга.
 
Болалик пайтимда қишни орзиқиб кутардик. Айниқса, қалин қор ёққанда яхмалак устида учишнинг гашти ўзгача эди. У ер бу ердаги кўлмакча ёки ҳовузлар устини қалин муз қоплаган чоғларда тенгқурларимиз билан маза қилиб хоккей ўйнардик.
 
Тўғри, бугун ҳам қишнинг гаштини туйишни истаган юртдошларимиз Чимён тоғларига чиқиши, қор устида мириқиб чана учиши, кумуш фаслнинг ҳақиқий завқини ҳис қилишлари мумкин. Лекин, ҳамма ҳам Чимён тоғларига чиқолмайдику. Хўш, бундай тоифадаги инсонлар фарзандларига ҳақиқий қишнинг гаштини қандай улашиши мумкин?
 
Тез орада фойдаланишга топшириладиган “Хумо” кўп тармоқли спорт-соғломлаштириш мажмуаси ва унинг муз майдони эса пойтахтимиз аҳолисининг ана шу талабини қондиришга хизмат қилади. Бироқ, унгача Тошкентда истиқомат қилаётган юртдошларимиз учун Яшнобод тумани Фурқат номидаги маданият ва истироҳат боғида жойлашган “Айс Авеню” муз саройи ана шундай имкониятни тақдим этишга қодир.
 
Ушбу манзилга борганимизда муз майдони устида жуда кўплаб ёшлар конькида учиб юришган экан. Маълум бўлишича, бу ерда бир вақтнинг ўзида спорт ихлосмандлари билан бир қаторда қишки ва мураккаб техник спорт турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби тарбияланувчилари ҳам шуғулланишаётган экан. Спорт мактаби аъзолари бу масканда ижара асосида машғулотлар олиб боришар экан.
 
Муз саройида ёшу қари бирдек шуғулланиши мумкин. 12 ёшгача бўлган болалар учун бир соатлик машғулотлар 20 минг сўм, ярим соат шуғулланиш эса 14 минг сўмга тушади. 12 ёш ва ундан катталар учун бу сумма мос равишда 30 минг ҳамда 18 минг сўм этиб белгиланган. Шунингдек бу ерда ойлик абонементлар ҳам жорий этилган бўлиб, бу ҳам аҳолига қулайлик яратади. Ушбу маскан қиш мавсумида ҳар куни соат 10дан 22га қадар аҳолига хизмат қилиб келади. Аммо ҳаво ҳарорати ташқарида 25 даражадан ошиб кетса, муз майдонини сақлаб туриш осон эмас ва шу боис йилнинг иссиқ пайтида бу маскан ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлади.
 
Кези келганда таъкидлаш керак, 50х25 ўлчамли муз майдони жаҳон стандартларига мос келмайди. Лекин, “Хумо” кўп тармоқли спорт-соғломлаштириш мажмуаси ишга туширилгунга қадар бу мажмуа халқаро талабларга яқинроқ келадиган ягона маскан саналади. Чунки Next савдо мажмуасида барпо этилган муз майдони ўлчами бу ердан ҳам кичик.
 
Дарвоқе, ҳар куни кечки маҳал “Айс Авеню” муз саройида юртимиз хоккейчилари машқ қилишар экан. Ҳозир Ўзбекистонда тўртта хоккей жамоаси фаолият олиб бормоқда. Булар – ўша биз билган “Бинокор”, шунингдек “Хумо” (бу жамоада ёшлар жамланишган), “Тошкент” ва “Сезам” жамоаларидир. Улар иштирокида жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон чемпионатини ўтказиш режалаштирилмоқда.
 
Киритилган сана: 24.01.2019 15:03. Ўкилди: 3314 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.