Ҳозиргина мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин АҚШнинг Индиан-Уэльс шаҳрида давом этаётган “Мастерс” сериясига кирувчи йирик турнирининг асосий тўр баҳсларидаги иштирокини ғалаба билан бошлади.
Ҳамюртимиз илк даврада америкалик Остин Крайчекка қарши кортга чиқди. Таққослаш учун, Крайчек ATP рейтингида 141, Истомин эса 65-ўринни эгаллаб турибди. Учрашувда 7:6, 6:4 ҳисобида Денис Истоминнинг қўли баланд келди.
Энди Денис 16 март куни ўтказиладиган иккинчи давра учрашувида дунёнинг 16-ракеткаси Роберто Баутиста Агут билан ҳисоб-китоб қилади. Испаниялик ракетка устаси ўз иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи босқичдан бошлайди.
Эслатиб ўтамиз, ATP World Tour Masters 1000 тоифасига кирувчи BNP Paribas Open турнирининг умумий мукофот жамғармаси 5 миллион 381 минг 235 долларни ташкил қилади.