Kun.uz: “Реал” бош мураббийи Карло Анчелотти келажакда жамоалар мураббийлигидаги ҳар кунлик ишдан чарчаши мумкинлиги ҳақида гапириб ўтди.
“Мен келажакда Италия терма жамоасида ишлашни хоҳлайман. Лекин бу иш ҳозирги ишимдан чарчасам ва зериксам юз бериши мумкин”, дейди у “Football Italia нашрига берган интервьюсида.
Анчелотти 1994 йилда Италия терма жамоаси жаҳон чемпионатида қатнашганида мураббийлар штаби аъзоси эди.
“Ўша фаолиятим ажойиб ва муҳим тажриба бўлган, Арриго Саккидан кўп нарсани ўргангандим”, дейди италиялик мутахассис 1994 йилги фаолияти ҳақида.
Шунингдек, у ҳозирда Мадрид жамоасида муҳит бузилгани ҳақида чиққан гапларни инкор этган. Президент билан муносабатлари ҳақидаги саволга ҳам жавоб берган.
“Муҳими бу эмас. Мураббий президент билан яхши алоқада бўлишдан кўра, ёрдамчилари ва футболчилар билан яхши муносабатлар ўрнатиши эвазига ютуқларга эришади. Биз Зидан билан кўтаринки руҳда машғулотларни ўтказамиз. Роналду ҳам ҳар ўйинда гол уриш орқали мени хурсанд қилишда давом этмоқда”, дейди мураббий.