Москванинг "Локомотив" клуби Россия Премьер-лигасининг 19-турида ўз майдонида "Арсенал" клубини қабул қилди. Тулаликлар битта гол эвазига рақиб майдонидан ғалаба билан қайтишди. Ҳамюртимиз Виталий Денисов ушбу ўйинда майдонга тушмади, у захирада қолди. Учрашув борасида ўзбекистонлик ҳимоячи "Р-Спорт" веб-сайтига ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Биз гол ура олмадик. "Арсенал" нимаси биландир ҳайрон қолдирди деб айта олмайман. Улар урган голга аҳамият берадиган бўлсак: футболчи дарвозага зарба бермоқчи бўлди, аммо тўп унинг оёғига яхши тегмай қолди ва у голли пасга айланди. Ҳимоячиларимиз рақибга ета олишмади.
Рақибни менсимаслик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Биз ўйин давомида тўла устунликка эришдик, кўплаб вазиятларга эга бўлдик, айниқса, биринчи бўлимда. Шунчаки улардан фойдалана олмадик. Тушунарсиз вазиятда ўз дарвозамиздан гол олиб чиқдик", - дейди Денисов.
Иккинчи бўлимда Ренет Янбаев томонидан урилган голни ҳакам инобатга олмади.
"Бу вазият ҳақида аниқ фикр билдира олмайман, лекин бу пайтда ҳакам голни бекор қилиш учун ҳеч қандай асос йўқ эди. Ҳакамнинг йигитларга айтишича, кимдир дарвозабонга халал берган эмиш", - дейди "Локо" ҳимоячиси.
Денисов Россия кубоги доирасида "Рубин"га қарши ўйин олдидан касал бўлиб қолганди ва ўшандан бери бирорта ўйинда майдонга тушмади.
"Ҳозирча ўйинларга тайёрманми ёки йўқми, бир нарса дея олмайман. Майдонга чиққанимдан кейин маълум бўлади", - дейди Виталий.