Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Виктор Карпенко: «Аслида чапақай эмасман»

Баҳо:
+1 | -

SPORTS.uz сайтининг «Интервью» рукнида Ғузорнинг «Шўртан» клуби ярим ҳимоячиси Виктор Карпенко билан уюштирилган суҳбат чоп этилди. Қуйида ўша интервьюни бироз қисқартирилган ҳолдаги таржимасини эътиборингизга ҳавола этяпмиз.

- Виктор, ўтган йили «Локомотив» таркибида тўп сурдингиз. Мавсум якунланганидан кейин эса футболчилик фаолиятингизни якунлашингизни маълум қилгандингиз. XXIV миллий чемпионатимизда эса «Шўртан»да ўйнайдиган бўлдингиз. Ушбу қарорингизни қандай изоҳлайсиз? Ғузорликлар  янги мавсумда ўз олдиларига қандай мақсад қўйишмоқда?

- Очиғини айтсам, фаолиятимни якунлашни режалаштирмагандим. Бу ҳақда бироз бўрттириб юборишибди. Менимча, «Локомотив» раҳбарияти шунчаки мен учун майдондаги фаолиятимни якунлаш вақти етиб келди, деб ҳисоблади. Шу сабабли, менга мураббийлик соҳасида ишимни давом эттириб, «Локомотив»нинг ўринбосарлар таркибида ишлашни таклиф этишди. Аммо обдон ўйлаб кўриб, ҳали майдонда тўп суриш учун кучим етиши, жамоага ёрдамим тегишини ҳис қилдим. «Темирйўлчилар» билан келишувга эриша олмаганимдан кейин, «Шўртан»дан таклиф тушди. Менимча, Ғузорда яхши жамоа шаклланди. Мақсад ва вазифа тўғрисида тўхталадиган бўлсам, янги мавсум арафасидаги йиғилишда клуб раҳбарияти буни эълон қилади. Биз- ўйинчилар эса ҳар бир учрашувда майдонга ғалаба иштиёқида тушамиз. 

- Сиз бундан 4 йил олдин миллий терма жамоамиз таркибида Қатарда бўлиб ўтган Осиё кубогида иштирок этгандингиз. Ўшанда бош жамоамиз ярим финалгача етиб борганди. Шу йилнинг январь ойида Австралияда ўтказилган қитъа чемпионатида эса термамиз чорак финалдан кейиноқ ортга қайтишга мажбур бўлди. Сизнингча, «яшил қитъа»да бўлиб ўтган Осиё кубогида бизга нима етишмади?

- Австралиядаги мусобақада мен жамоа ичида эмасдим. Шунинг учун омадсизликнинг аниқ сабаблари борасида бирор нарса дея олмайман. Четдан қараганда, йигитлар ёмон ўйин кўрсатишмади. Балки терма жамоамизга илк «плей-офф» босқичидаёқ кучли рақибнинг тўғри келганлиги омадсизликка сабаб бўлгандир? Лекин менимча, бош жамоамиз Осиё кубогига яхши тайёргарлик кўрганди. Тўғри, Хитой терма жамоасига қарши кечган ўйинда футболчиларимизда жисмоний жиҳатдан камчилик борлиги сезилиб қолди. Чунки ўша учрашувда тўпни кўпроқ хитойликлар назорат қилишди.

Аммо Саудия Арабистони термаси билан бўлган кейинги баҳсда ҳамюртларимиз яхши ўйин намойиш этишди. Умуман олганда, ҳозирги терма жамоамизни 4 йил олдинги термамиз билан солиштирадиган бўлсак, унчалик аҳамиятли фарқ йўқ. Айни пайтдаги термамизнинг таркибига бир назар ташланг-а! Унинг сафидаги 8 нафар ўйинчи 4 йил олдин Қатарда бўлиб ўтган мусобақада ҳам тўп суришганди. Аммо барибир терма жамоамиз таркибини ёшартириш, мураббийлар эса ёш ўйинчиларга кўпроқ ишонч билдиришлари керак. Масалан, Австралиядаги қитъа турнирида Жамшид  Искандеров ва Сардор Рашидов яхши ўйин намойиш эта олишларини исботлашди. Ваҳоланки, бош жамоамизнинг захира ўриндиғидан асосий таркибда ўйнашга қодир бўлган кўплаб футболчилар ўрин олишганди. Чорак финал доирасидаги Жанубий Корея термасига қарши кечган учрашув хусусида тўхталадиган бўлсам, ўша ўйинда жамоани ўз ортидан эргаштира оладиган ўйин­чи етишмади. Шундай бўлса-да, умуман олганда, Австралиядаги Осиё кубогида терма жамоамизнинг иштирокини муносиб баҳоласа бўлади.

- Нима учун миллий терма жамоамиздаги фаолиятингизни эрта якунладингиз?

- Бош жамоамиздаги фаолиятимни 2013 йили Тошкентда Эрон термасига қарши кечган ўйиндан сўнг якунлаганман (ўшанда терма жамоамиз 0:1 ҳисобида мағлубиятга учраганди - IF.). Ўша учрашувда эронликларга имконият бой берилганлиги учун бош мураббий Вадим Карленович Абрамов истеъфога чиқарилганди. Ўшанда 35 ёшга тўлгандим ва фақатгина ўз клубимда тўп суришим мумкинлигини ҳис этдим. Терма жамоамиз бошқаруви Миржалол Қосимовга ўтгач, бош жамоадан кетишга аҳд қилдим. Шунинг учун Миржалол Қўшоқовичнинг олдига бориб, бош жамоамиздаги фаолиятимни якунлашим ва энди асосан ўз клубим таркибида тўп суришимни таъкидладим.

- Сиз Вадим Абрамов ва Миржалол Қосимов бошқарувидаги клублар ва терма жамоада ўйнагансиз. Ушбу икки мутахассис нимаси билан бир-биридан фарқ қилади?

- Менимча, унчалик фарқ йўқ. Шунчаки Абрамов қўл остидаги жамоа уюшқоқ, жипслашган эди. Қосимов терма жамоа бошқарувини олганидан кейин ҳам бош жамоамизнинг ўйинида унчалик ўзгариш юз бермади. Абрамов давридаги футболни намойиш этишда давом этдик. Тактик тарафдан олиб қараганда эса фарқ бор. Вадим Карленович тўпни кўпроқ назорат қилишга эътибор қаратса, Миржалол Қўшоқович шогирдларига асосан қанотлардан ҳужум уюштиришни таъкидлайди. Аммо инсонийлик нуқтаи назаридан улардан бирини яхши, иккинчисини эса ёмон дея олмайман.

- Сизни чап ва ўнг оёғида бир хил зарбага эга бўлган юртимиздаги ягона футболчи, дейишади. Ўзингизга қайси оёғингизда тўпни йўналтириш қулай?

- Аслида чапақай эмасман. Шундай экан, ўнг оёғимда зарба йўллаш менга осон. Лекин учрашувлар пайтида вазиятга қараб иш кўриш, ҳужумнинг қандай ривожланиши ва қайси оёқда зарба йўллаш қулайлигига қараб, тўпни йўналтиришга интиламан.Юқори савияли футболчи ҳар икки оёғида ҳам бир хил ўйин кўрсата олиши шарт.  

- Мухлислар кўпинча олий лигамиздаги келишилган ўйинлар бўйича шикоят қилишади. Бу ҳақда нима дейсиз? Фаолиятингиз давомида келишилган учрашувларга дуч келганмисиз?

- Келишилган ўйинлар турлича характерга эга бўлади - қайсидир учрашувда бир қатор футболчилар ёмон ўйин намойиш этишади ёки ўйнашни хоҳлашмайди. Демак, бундан келиб чиқадики, кимдир уларни шунга мажбурлаган. Мен эса бундай муаммога дуч келмаганман. Футбол келишилган учрашувлардан холи бўлиши шарт. Гарчи кўпчилик бу фикримни маъқулламаса-да, шундай ўйинларга қарши кескин кураш олиб бориш керак. Буларнинг барчаси эса клуб раҳбарларига боғлиқ. Жамоалар қанчалик кучли бўлса, келишилган учрашувлар шунчалик камаяди.

- Футболчилик фаолиятингиз давомида афсусланган ҳолатларингиз ҳам бўлганми?

- Бўлмаган. Фаолиятим ўзим хоҳлаганимдек кечди. Тўғри, айрим пайтларда ички сабаблар туфайли қарорлар қабул қилганман. Лекин бундан умуман афсусланмайман. Футболчилик фаолиятим кўнгилдагидек ўтди ва ҳар бир ҳамкасбимга шундай йўлни босиб ўтиш насиб этишини тилайман. Менга вақтни ортга қайтаришни таклиф этишганида ҳам фаолиятимдаги ҳеч нарсани ўзгартирмайман.

Манба: sports.uz
Киритилди: 17:15, 15.03.2015.
Ўқилди: 4428 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.