Кириш Регистрация

Тажриба ва шижоатнинг немисча кўриниши

Баҳо:
+ | -

Муваффақиятларга эришиш хусусида гап кетганида, кўпни кўрган фахрий футболчиларнинг бой тажрибаси ва ёш иқтидор соҳибларидаги ғайрат-шижоатни омухта қилиш зарурати қайта-қайта таъкидланади. Лекин амалга оширилажак ўша уйғунликни қандайдир ўлчамлари, мезони борми? Шу каби саволларга жавоб топиш илинжида Championat.соm. сайти сўнгги 4та йирик турнирларда мунтазам равишда совриндор бўлиб келаётган Германия терма жамоасидаги кадрлар сиёсатига эътибор қаратди. Хўш, жамоанинг юксалиши йўлида мураббийлар қандай йўл танлашди? Бундестимнинг муваффақиятларида ёш ўйинчиларнинг ҳиссаси қай даражада бўлди?
ЖЧ-2006. Учинчи ўрин
Филипп Лам (22 ёш (ўша даврда) - 7та ўйин, 1та гол).
Пер Мертазакер (21 ёш - 6та ўйин).
Марсель Янсен (20 ёш - 1та ўйин).
Бастиан ШвайНштайгер (21 ёш - 7та ўйин, 2та гол, 3та самарали тўп узатиш, 1та сариқ карточка).
Давид Одонкор (22 ёш - 4та ўйин, 1та самарали тўп узатиш, 2та сариқ карточка).
Лукаш Подольски (21 ёш - 7та ўйин, 3та гол, 1та сариқ карточка).
Майк Ханке (22 ёш - 1та ўйин).
Португалияда бўлиб ўтган Евро-2004да Руди Фёллер раҳбарлигидаги Германия терма жамоаси ўта омадсиз иштирок этиб, ҳатто гуруҳдан чиқиш вазифасини ҳам уддалолмади. Голландия, Латвия ҳамда Чехия термалари билан бўлган баҳсларда немислар бор-йўғи 2 очкога эга бўлишди. Оқибатда жамоа нуфузли турнирни, бош мураббий эса жамоани барвақт тарк этди. Шундан кейин федерация раҳбарияти бундестим учун янги мураббий топиш тараддудига тушди. Бироқ Оттмар Хитцфельд, Арсен Венгер ёки Мартин Ольсенлар билан келишишнинг иложи бўлмади. Шу тариқа мутасаддилар яқин ўтмишнинг таниқли ҳужумчиси Юрген Клинсманн номзоди билан кифояланишга мажбур бўлишди. Чунки Клинсманн мураббийлик тажрибасига мутлақо эга эмасди. Устига-устак дебютант мутахассис футбол оламига умуман нотаниш бўлган, ўзи билан мураббийлик курслари орқали таниш Йоахим Лёвни ёрдамчи мураббий лавозимига таклиф этди. Ана шу қарор бундестим тарихидан бурилиш нуқтаси сифатида жой олди.
Табиийки ўз уйидаги мундиалга муносиб тайёргарлик кўриш учун ажратилган 2 йил давомида «немис машинаси» доимий танқидлар остида бўлди. Аммо турнирдаги ҳар бир беллашувдан кейин мухлислари сони тобора ортиб борди. Евро-2004га нисбатан Юрген жамоа таркибида 10та ўзгаришни амалга оширди. У фақат Оливер Кан (37 ёш), Йенс Леманн (36) ва Тимо Хильдебранд (27)дан иборат ўта тажрибали дарвоза чизиғини ўзгаришсиз қолдирди. Майдон ўйинчиларининг 50 фоизи ўз жойларини ёшларга бўшатиб бердилар. Натижада сўнгги қитъа биринчилигидаги суст ва ишончсиз жамоа ўрнида мухлислар қувноқ, шиддаткор, фаол ва тажовузкор жамоа¬ни кўришди. Муваффақиятларда ёш футболчиларнинг ҳиссалари сезиларли бўлди.
Бундестим ҳимоя чизиғидаги чап қанотда ҳозирда сардор даражасига кўтарилган 22 ёшли  Филипп Лам ёрқин ўйинларни намойиш этди. Учрашувнинг 6-дақиқасида амалга оширган фантастик зарбаси нафақат Коста-Рика терма жамоаси устидан эришилган ғалабага (4:2 ), балки мундиалнинг бронза медалларига ҳам йўл очиб берди. Ҳимоя маркази Кристоф Метцельдер (25 ёш) билан Пер Мертезакер (21) га ишониб топширилди. Фақат ўнг қанотда нисбатан тажрибалироқ Арнс Фридрих (27) ҳаракат қилди. Шунга қарамай, «немис машинаси» мундиалнинг 7та учрашувида ўз дарвозасидан 6та тўп ўтказиб юборди. Бу анчайин юқори кўрсаткич. Илк кунларданоқ Клинсманнинг ишончига сазовор бўлган баланд бўйли Мертезакер ҳозир ҳам юксак савияда ўйнашда давом этмоқда. Унинг ҳисобидаги ўйинлар сони аллақачон 100тадан ошиб кетган.
Германия мундиалида мезбонлар жамоасидаги етакчилик ролини тажрибали Михаэль Баллак (30 ёш) ижро этди. Лекин у асосан гуруҳ босқичи доирасидаги 2та учрашувда  Эквадор (3:0) ва нимчорак финалда (Швеция 2:0) термаларига қарши кечган ўйинларда ўзини кўрсата олди, холос. Бошқа баҳс¬ларда асосий роль унинг жамоадошларида бўлди. Шундай бўлса-да, Баллакнинг жамоада тутган ўрни юқори эди. Ахир барча ҳаракатлар фақат у ор¬қали амалга ошириларди. Ана шу мураккаб вазифани адо этишда Баллакга унинг тенгдоши Торстен Фрингс яқиндан ёрдам берди. Голли вазиятларни юзага келтириш ва уларни маромига етказиш Евро-2004да ўз деб¬ютини нишонлаган 21 ёшли Бастиан Швайнштайгер зиммасига юкланди. Ҳозирда футболчининг ҳисобида 110тадан ортиқ ўйин ва 23та гол бор.
Аргентина термаси билан бўлган чорак финал баҳсида Швайнштайгер ўзини кўрсатолмай, сўнгги 15 дақиқага ўрнини Тим Боровскига бўшатиб берганди. Ана шу ўзгариш немисларга қўл келиб, Боровскининг бош билан оширган тўпини Клозе дарвозага йўллаган, ҳисоб тенглашганидан кейин пенальтилар сериясида омад бундестимга кулиб боққанди. Ярим финалда Бастиан захирадан майдонга тушди ва яна ўз ўйинини тополмади. Оқибатда Германия термаси «овер-тайм»ларда Италия термасидан тўп ўтказиб юбориб, турнирдаги илк мағлубиятини тан олди. Лекин Швайнштайгернинг таркибга қайтиши жуда омадли чиқди: Португалия термасига қарши кечган баҳсда у 2та ажойиб зарбани амалга ошириб (3:1), бронза медаллари тақдирини узил-кесил ҳал қилди.
Лукаш Подольскининг ЖЧ-2006даги иштироки ҳам таҳсинга лойиқ. Мундиалнинг энг яхши ёш иштирокчиси сифатида эътироф этилган ҳужумчи барча учрашувларда майдонга тушиб, 4та ўйинда тўлиқ тўп сурди. Подольски Швеция термасига қарши кечган баҳс¬ (2:0)да «дубл»ни нишонлади. Чунки ўша голлар бундестимга чорак финал йўлланмасини ҳадя этганди. 28 ёшли Мирослав Клозе эса 5та гол билан мундиалнинг энг яхши тўпурари бўлди. Бундан ташқари, ЖЧ тарихидаги энг яхши тўпурар унвони сари йирик қадамни амалга оширди.
Давид Одонкор, Марсель Янсен ва Майк Ханке каби ёш футболчиларнинг баъзилари баҳоли-қудрат тўп суришган бўлса-да, кейинчалик таркибдан тушиб қолишди.
 
ЖЧ-2010. Учинчи ўрин
Деннис Аого (23 ёш - 1та ўйин, 1та сариқ карточка).
Хольгер Бадштубер (21 ёш - 2та ўйин).
Жером Боатенг (21 ёш - 5та ўйин, 1та самарали тўп узатиш).
Сердар Таски (23 ёш - 1та ўйин).
Марко Марин (21 ёш - 2та ўйин).
Месут Озил (21 ёш - 7та ўйин, 1та гол, 3та самарали тўп узатиш, 1та сариқ карточка).
Сами Хедира (23 ёш - 7та ўйин, 1та гол, 1та сариқ карточка).
Томас Мюллер (20 ёш - 6та ўйин, 5та гол, 3та самарали тўп узатиш, 2та сариқ карточка).
ЖЧ-2006 ниҳоясига етгач, кўпчилик мухлису-мутахассисларнинг илтимосларига қарамай, Юрген Клинсман ўз ўрнига Йоахим Лёвни қолдирган ҳолда жамоани тарк этди. Ўша пайтгача ёрдамчи мураббий фақат тактик ишланмалар ва турли рақибга ўзига хос тарзда тайёргарлик кўриш масалалари билан шуғулланиб келганди. Кўпчиликнинг фикрича, ўз уйида қайд этилган муваффақият айнан Лёвнинг хизматлари самараси, Клинсманнинг хизмати эса унга халақит бермаганлиги. Лекин АҚШ термасининг Бразилиядаги иштироки Клинсманга отилган тошлар асоссиз эканлигини исботлаб берди.
Нима бўлганда ҳам ёлғиз қолган Йоахим «немис машинаси»нинг қудратини оширишда давом этди. Тажрибали Кан ўрнини эгаллаган Мануэль Нойер шунчалик ишонли ўйнай бошладики, ҳозирда бундестимни усиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳимоя чизиғида мураббий атиги бир ўзгаришни амалга оширди - марказда Мертезакер ўрнини сал аввалроқ дебютини нишонлаган 21 ёшли Жером Боатенг эгаллади. Таъкидлаш жоизки, ёш ҳимоячи муносиб ўйин кўрсатди. Боатенг фақат Испания термаси билан бўлган ярим финал (0:1) баҳсида суст ўйнади. Дарвоқе, бу таъриф жамоанинг бошқа аъзоларига ҳам тааллуқли. Денис Аого, Хольгер Батштубер ва Сердар Таскиларни Лёв ЖАРга олиб борган бўлса-да улардан фойдаланмади. Чунки Батштубер Австралия ва Сербия терма жамоаларига қарши кечган ўйинларда ишончни оқламаганди. Ўрта чизиқдаги ўзгаришлар сезиларли бўлди. Бастиан Швайштайгер Михаил Баллакдан плеймекерлик вазифасини қабул қилиб олди, унга яқиндан ёрдам берадиган диспетчерлик ролида эса 21 ёшли Месут Озил пайдо бўлди, Сами Хедиранинг келиши ажойиб учликни шакл¬лантирди. Учлик шу қадар самарали ўйнадики, мундиалдан кейин Озил ва Хедира Мадриднинг «Реал» клуби футболчиларига айланишди.
 
ЖЧ-2014 - Чемпион
Бразилиядаги мусобақа Йоахим Лёв фаолиятидаги учинчи ва бевосита бош мураббийлигидаги иккинчи мундиал эди. Шунгача жамоа 2 марта финалга чиқиш имкониятига эга бўлган, лекин шижоатли, тезкор ва қувноқ ёш жамоага нимадир етишмаганди. Дарҳақиқат, чиройли ва сермазмун ўйин кўрсатишга одатланган бундестим айрим учрашувларда фақат натижа учун тўп сурган рақиблар (Италия - ЖЧ-2006 ва Евро-2012, Испания ЖЧ-2010) қаршилигини синдира олмаганди. Балки ўшанда ёш жамоага айнан тажриба етишмагандир?
Таъкидлаш жоизки, Йоахим Лёв ана шу омадсизликлардан тегишли хулосалар чиқара олди. Лекин Бразилиядаги мусобақа арафасида унинг жамоаси муаммолардан холи эмасди. Хусусан, ҳимоя чизиғининг ўнг қанотида савияли ўйинчилар танқислиги боис, Лам бир қатор позицияларда ўйнашга мажбур бўлди. Охир-оқибат, ўша заиф ўнг қанот жавобгарлигини у ўз зиммасига олди. Шунингдек, марказий ҳимоя чизиғининг ўта кучли (Боатенг, Мертезакер, Хуммельс) эканлиги ҳам муаммони бартараф этишни осонлаштирди. Натижада бўлажак чемпион дарвозаси олдида енгилмас қўрғон қад рослади.
Ўрта чизиқ бўйича мураббийда танлаш имконияти жуда катта эди. Йохим Лёв 2010 йилдаги таркибга нисбатан айрим ўзгаришлар билан чекланиб қўя қолди. Яъни марказда Хедира билан Швайнштайгерлар ўз ҳукмронликларини ўрнатишади, ҳужумлар самарасига эса Озил билан Мюллер жавоб берадиган бўлишди. Тўғри, ҳар қайси учрашув моҳияти ва берилган топшириқдан келиб чиққан ҳолда, бу футболчилар ўз позицияларини тез-тез ўзгартириб туришди. Шу тариқа немислар шиддатидан анча толиқиб қолган рақибларини янада мушкулроқ аҳволга солиб қўйишди. Бу ёқда Тони Кроос (24 ёш) ва Марио Гётце (22 ёш) ҳам рақибларга қўшимча муаммолар туғдиришди. Ҳа, мураббий ёш Марио билан Андре Шюррледан асосан «жокер» сифатида фойдаланди. Масалан, Марио Жазоир термаси билан бўлган ўйинда Лёвнинг ишончидан маҳрум бўлиб, Франция терма жамоасига қарши кечган учрашувда атиги 7 дақиқа тўп сурди. Бразилия билан бўлган баҳс¬ни захира ўриндиғидан кузатди. Лекин Шюррле 5 марта захирадан майдонга тушиб, 3та гол урди! Яъни ҳар бир гол учун бор-йўғи 51,7 дақиқа вақт сарфлади! Буниси ҳам майли, жаҳон кубогининг тақдири ҳал қилинадиган ўта оғир финалнинг «овер-тайм»ида айнан шу Андре узатган тўпни Марио Аргентина дарвозасига жойлаб қўйди! Мана сизга малакали мураббийнинг тинимсиз изланишлари ва унинг самараси! Эътиборлиси, ҳозир ҳам етарлича ёш иқтидор соҳибларини тўплай олган лекин ҳали улардан фойдаланишга улгурмаган Йоахим Лёв ҳамон изланишда давом этмоқда. Чинакам устоз шундай бўлиши керак!


Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 15:51, 24.03.2015.
Ўқилди: 2901 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.