Эртага Бангладешда 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионатининг саралаш мусобақаси бошланади. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси дастлабки турда Ҳиндистонга қарши майдонга чиқса, Бангладеш Сурия билан баҳслашади. Сурия олимпия терма жамоаси бош мураббийи Муҳаннад Ал-Фақир саралаш босқичида 1-ўринни эгаллаш учун ташриф буюрганини таъкидлаб ўтди.
"Рақибларимиз — Бангладеш, Ҳиндистон ва Ўзбекистон оддий жамоалар эмас. Уларни енгиш осон бўлмайди. Улар сўнгги йилларда ўз ўйинларини яхшилашган. Бироқ биз ўз кучимизга тўла ишонамиз, сафимизда яхши савиядаги футболчилар бор. Мусобақага яхши тайёргарлик кўрдик. Шу боис, саралашдаги барча рақибларни мағлуб этишимиз шарт. Ўзбекистон гуруҳ фаворити, деган фикрга қўшилмайман. Барча жамоага осон бўлмайди.
Биз учун энг муҳими мезбонларга қарши кечадиган биринчи ўйин. Бангладеш таркиби билан бир неча йилдан бери ўзгармай келмоқда. Улар биргаликда бир қатор халқаро ўйинларда иштирок этишди. Улар ўз мухлислари олдида ўйнашади. Шу боис, Бангладеш — кучли рақиб.
Биринчи ўйинда ғалаба қозониш учун энг яхши ўйинимизни кўрсатамиз. Бу ўйинни ютишимиз шарт. Бу ўйин биз учун финалга тенг", - дейди Фақир.
Сурия олимпия терма жамоаси саралаш босқичига тайёргарлик доирасида Индонезия (3:0), Кувайт (4:1) U23 термалари билан ўртоқлик ўйинларида иштирок этди. Улар Бангладешга етиб келишдан аввал Кувайтда 10 кунлик ўқув-машғулот йиғинини ўтказишди. Жамоа саралаш босқичида муваффақиятли иштирок этиши учун Сурия миллий чемпионатида танаффус эълон қилинган.