Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Миржалол Қосимов: «Корея ва Япония билан ўйин биз учун муҳим»

Баҳо:
+ | -

Эртага Ўзбекистон миллий  жамоаси Тэджон шаҳридаги World Cup Stadiumда ФИФА кунидан ўрин олган учрашувда Осиёнинг амалдаги вице-чемпиони Жанубий Корея термасига қарши майдонга тушади. 31 март куни эса Япония ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасида ўйин бўлиб ўтади. Бош жамоамиз Сеулга жўнаб кетиш олдидан Тошкентда қисқа муддатли кун давомида машғулот ўтказди. Миржалол Қосимов бошчилигидаги машғулотлар «Жар» стадионида ташкил этилди. Илк кунги машғулотда жами 17 нафар футболчи иштирок этди. Эртаси куни эса «Насаф» ва «Олмалиқ» клубларидан терма жамоага таклиф этилган футболчилар сафга қўшилишди.

Легионерлардан Азиз Ҳайдаров, Одил Аҳмедов, Санжар Турсунов, Баҳодир Насимов икки кунлик машғулотларда қатнашишди. Бир неча йилдан бери «Чанчун Ятаи» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Анзур Исмоилов Хитойдан Сеулга етиб борган бўлса, Сервер Жепаров терма жамоамиз делегациясини ўша ернинг ўзида кутиб олди. Душанба куни ўтказилган 2-турнинг «Насаф»-«Олмалиқ» учрашувидан кейин эса Шавкат Саломов, Элдор Суюнов, Шуҳрат Муҳаммадиев ва Фаррух Сайфиев «Ўзбекистон» меҳмонхонасида терма жамоа сафига бориб қўшилишди. Кичик жароҳати сабабли, «Пахтакор» клуби ҳимоячиси Александр Мерзляков ўзи алоҳида шуғулланди. Йиғиннинг биринчи куни футболчилар тур ўйинларини ўтказиб келишгани боис, ортиқча босим берилмади. Машғулот енгилроқ кўринишда ўтказилди. Чигалёзди машғулот ва кросс югуришидан сўнг ўйинчилар одатдагидек икки таркибда бўлинган ҳолда, футбол ўйнашди. «Қизиллар» таркибидан Артём Филипосян, Шавкат Муллажонов, Азиз Ҳайдаров, Санжар Турсунов, Сардор Рашидов, Зоҳир Қўзибоев ва Воҳид Шодиев ўрин олишган бўлса, «яшиллар» жамоаси таркиби қуйидагича кўринишда бўлди: Ислом Тўхтахўжаев, Акмал Шораҳмедов, Одил Аҳмедов, Лутфулла Тўраев, Сардор Мирзаев, Баҳодир Насимов, Шаҳзод Нурматов. Дарвозаларни «Бунёдкор» жамоасининг икки посбони Акбар Тўраев ва Абдукарим Муҳамедов қўриқлашди. Эътиборлиси, Миржалол Қосимов «қалдирғочлар»нинг ўринбосарлари таркибида ўйнаётган 21 ёшли дарвозабонга ўзини намоён этиши учун имконият яратиб берди. Тўғри, унинг Корея ва Япония термаларига қарши кечадиган ўйинларда майдонга тушмаслиги ҳақиқатга яқинроқ. Лекин Қосимов ёш, истеъдодли ўйинчиларга ҳам миллий терма жамоа руҳиятини бериш ва бу билан уларда ўзларига бўлган ишончни уйғотишни мақсад қилган. Миржалол Қўшоқович билан уюштирган кичик суҳбатимиз чоғида бош мураббий айнан шу ҳолатга алоҳида урғу қаратди.

- Маҳаллий футболчиларимиз олий лиганинг 2-тур учрашувларини, легионерлар эса ўз чемпионатларидаги ўйинларини ўтказиб қайтишгани учун икки кунлик машғулотларда кучли юкламаларни бермадик. Қолаверса, «Насаф» ва «Олмалиқ» жамоаларидан чақирилган 4 нафар ўйинчимиз йиғиннинг иккинчи куни сафимизга қўшилишди. Учрашувдан деярли уч кун олдин Сеулга етиб борамиз ва ўша ерда Жанубий Корея термасига қарши кечадиган баҳсга тўлиқ куч билан тайёргарликни олиб борамиз.

- Бу икки ўйин сиз учун қанчалик аҳамиятга эга бўлади?

- Биз учун ЖЧ-2018 саралаш баҳслари бошланадиган июнь ойигача бошқа ФИФА кунлари бўлмайди. Шу боис, айнан март ойининг сўнгги кунларига белгиланган ФИФА кунларидан максимал даражада фойдаланишни мақсад қилган эдик. Шу мақсадда қитъанинг кучли икки терма жамоаси билан ўйин ўтказишга келишганимиз жуда яхши бўлди, деб ўйлайман. Жанубий Корея терма жамоаси амалдаги Осиё вице-чемпиони ҳисобланади. Японияга ҳам ортиқча таъриф бериш шарт эмас. Бу икки учрашувдан максимал даражада фойдаланиб қолишимиз керак. Режага мувофиқ, легионерларимиздан Сервер Жепаров ва Анзур Исмоилов Кореянинг ўзида сафимизга қўшилишади.

- Виталий Денисов таркибда кўринмайди. Бунинг сабаби жароҳат билан боғлиқми?

- Ҳа, Виталий кичик жароҳати сабабли, Россия чемпионатидаги ўйинларда ҳам майдонга туша олмади. Тўғри, сўнгги учрашувда майдонда тўлиқ ҳаракат қилди. Лекин бу сафар уни безовта қилмасликка қарор қилдим. Бу позицияда «Пахтакор» ҳимоячиси Александр Мерзляковни синаб кўраман. Сашада ҳам кичик жароҳат бор. Лекин у терма жамоа билан Кореяга боради.

- Ёш футболчиларга имконият беришда давом этяпсиз. Машғулотларда улар бу ишончни қанчалик ҳис қилишяпти?

- Бизда истеъдодли ёшлар кўп. Эътибор берсангиз, Ислом Тўхтахўжаев, Шоҳруҳ Гадоев сингари ёшлар айнан терма жамоадаги ўйинлари орқали кашф этилишди ва ўз клубларининг етакчи футболчиларига айланишди. Бу сафар «Бунёдкор»дан Абдукарим Муҳамедовни чақирдим. Лекин бу ўйинларнинг бирида у дарвозамизни қўриқлайди, дегани эмас. Миллий терма жамоа билан бирга машғулот ўтказишининг ўзи ёш ўйинчида ўзига бўлган ишончни оширади. Биринчи мақсадимиз ҳам шу. Босқичма-босқич Абдукарим сингари ёш футболчиларни терма жамоа йиғинларига бирин-кетин жалб қилиб борамиз.

- Бўлажак икки баҳсда натижа биринчи планга чиқадими ёки бошқа режаларингиз борми?

- Ўйин ФИФА кунида ўтказилади ва табиийки, рейтинг ўринларига таъсир ўтказади. Энди фақат натижани ўйлаймиз, десак ҳам хато бўлади. Юқорида айтдим, бу учрашув биз учун жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Июнь ойигача ўзимиз истасак ҳам бошқа бундай рақиблар билан ўйин ташкил қила олмаймиз. Шу сабабли, Корея ва Япония терма жамоалари билан ўтказиладиган учрашувлардан максимал даражада фойдаланиб қолишимиз керак. Осиё кубогининг чорак финалида Жанубий Корея термаси билан ўтказган драматик учрашувимиз ҳали мухлислар ёдларидан кўтарилгани йўқ. Ўйлайманки, иккала ўйинда ҳам мазмунли футбол намойиш этиб, ишқибозларимизни хушнуд этамиз.

Даовоми бор. Мазкур мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" газетасининг пайшанба сонида ўқишингиз мумкин.

К.Алимов суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 01:18, 27.03.2015.
Ўқилди: 6156 марта.
Фикрлар: 18 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.