Жанубий Корея - Ўзбекистон ўйинидан кейин матбуот анжуманида қатнашган терма жамоамиз бош мураббийи ўйиндан олдин оққон касалига йўлиққан Ли Кванг Жонгни руҳан қувватлаш аксияси ҳақида гапирди:
«Бу инсоннинг тезда тузалиб кетишини тилайман. Корея терма жамоаси билан ўйин эса бизга жуда ҳам фойдали ўйин бўлди. Стадионни тўлдириб, бизнинг ўйинимизга бефарқ бўлмаганларга катта раҳмат. Шунга мос равишда қизиқарли ва муросасиз ўйин бўлди деб ўйлайман».
«Футбол бир кишигина ўйнайдиган ўйин эмас. Жамоавий ўйин яхши қурилса натижага эришиш мумкин. Корейслар таркибида Сон Хеунг Мин ва Ку Жа Чолнинг ўйини ёқди. Умуман олганда, Жанубий Корея жуда интизомли жамоа. Биз ҳам Кореядаги ўзбек мухлислари ва Ўзбекистондан бизни кузатган мухлисларимизни ранжитмаслик учун қаттиқ тайёрландик ва ҳаракат қилдик», - деди Миржалол Қосимов.
Отабек Йўлдошев
Жанубий Корея, Сеул