Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Иқтидор абадий яшайди!

Баҳо:
+ | -

Ёхуд Хайрулла Ҳамидовга атаб
Хайрулла Ҳамидовнинг мақоласини ва унга билдирилган комментларни ўқиб, очиғи, ўзимга бир хулоса ясадим. Иқтидор ҳеч қачон ўлмаскан. Инсоннинг таланти бўлса, доим ўз ўрнини, ҳурматини топиб боравераркан.

Хайрулла ака узоқ йил футболдан айро яшади. Узоқ вақт кўринмади. Ва бугун қайтди. Ишонасизми, у кишига бўлган муносабатни кўриб, мен Хайрулла Ҳамидовнинг узоқ вақт «йўқолиб» кетганига ишонолмадим. Чунки мухлислар, жонли футбол шарҳини, оригинал шарҳни ва аъло даражадаги саводни соғинганлар Хайрулла акани доим мулоқотда бўлиб турадигандек қарши олишди. Айтмоқчиманки, бу инсонни ҳеч ким ҳеч қачон унутмаганди.

Одатда, бирор-бир инсон ҳақидаги чин фикрларни у инсон кетганидан кейин эшитамиз. Ҳатто бир журналистимиз маълум сабабларга кўра кўринмай қолганида «Яхши бўлибди, шундан қутулибмиз-да», деганлар ҳам бўлди. Аммо Хайрулла Ҳамидов ҳақида бунақа фикр эшитмадим. Ҳатто «Шу инсон фалон жойда хато қиларди, фалон ўйинни нотўғри шарҳлаган», деган гапни ҳам эшитмадим. Ахир шамол бўлмагандан кейин дарахтнинг учи ҳам қимирламайди-да. Мен бу гапим билан боя таъкидлаган журналистимизни ёмонлаш ёки саводсизга чиқариш фикридан йироқман, шунчаки, Хайрулла Ҳамидовнинг қанчалик иқтидорли эканлигини кўрсатиб ўтмоқчи эдим холос.

“Футбол ичида, футбол атрофида” кўрсатуви чиндан ҳам шедевр эди. Очиғи, ҳозиргача мазкур кўрсатувнинг ўрнини босадиган дастур яратилмади. Нега дейсизми? Чунки телевидениеда бошқа Хайрулла Ҳамидов йўқ эди. Шу ўринда яна бир гап. Бу инсон шарҳловчиликни шунақа олиб борардики, синчиклаб эшитган одам ҳам хато топа олмасди. Таассуфки, ҳозирги баъзи шарҳловчиларимизнинг гапларидан, қулоқни ёпиб турсак ҳам, истаганча камчилик, хато топамиз. Ахир шарҳловчилик «Фалонча тўпни пистончага узатди, пистонча тепди», дейишдангина иборат эмас. Шарҳловчилик кутилмаган жумлалар, ишқибозларни «Мана бу зўр гап бўлди», дейишга мажбур қиладиган топилмалар, хуллас, иқтидорни талаб қиларди. Айримларга ўхшаб футболкасининг орқасига «Syria» (Сурия дегани) деб ёзилган футболчини саводсизларча «Тўп билан Сийра», дейиш ёки ҳамюртларимизнинг ўйинини худди африкалик ёки америкаликка ўхшаб шарҳлаш шарҳловчилик эмас. Кечирасиз-у, ҳозирги баъзи шарҳловлиларнинг гапларини футболга қизиқадиганлар ҳам айта олади. Аммо профессионал шарҳловчиларнинг ишини ўзларидан бошқа ҳеч ким қила олмайди. Хайрулла Ҳамидов ана шундай шарҳловчиликнинг нонини ҳалоллаб ейдиганлар хилидан эди. Умид қиламизки, биз энди футболни телевизорнинг овозини ўчириб эмас, баралла қўйиб томоша қиламиз. Умид қиламизки, биз энди ўйин олдидан «яна шу шарҳловчими?» дея асабни бузмасдан, «хайрият, яхши шарҳловчига топширилибди», деб қувонганча ўйин томоша қиламиз. Умид қиламизки, биз энди хато санашга мажбур бўлмаймиз.

Хайрулла Ҳамидов — сўнмайдиган иқтидор. Буни бу инсоннинг мақоласидан ҳам билдик. Чунки узоқ муддатлик танаффусдан сўнг, бошидан қийинчиликларни кечирганидан сўнг, бир неча йил футболдан узоқ яшагандан сўнг бундай мақола ёзиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Менимча, бу фикрларимни инкор этадиган одам топилмаса керак...

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 10:00, 28.03.2015.
Ўқилди: 6252 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.