Бугун Ўзбекистон ҳамда Бангладеш ўртасидаги U-23 ёшлар ўртасидаги ОЧ саралаш 2-тур ўйинидан олдинги матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Бангладешга қарши ўйин ҳам биринчиси каби осон бўлмаслигини айтди.
"Бангладеш илк дақиқаларда ўтказиб юборилган тезкор голлардан сўнг ўзларига келиб олишлари қийин бўлди ва якунда Суриядан мағлубиятга учрашди. Бангладеш ёмон жамоа эмас, Сурияга қарши иккинчи бўлимда яхши ҳаракат қилишди. Уларга қарши осон бўлмайди, аммо биз ғалаба учун майдонга тушамиз".
-Ҳиндистонга қарши ўйинда биринчи голни уриш учун узоқ вақт кутдингиз. Таркибда Жамшид Искандеров, Игорь Сергеев каби кучли ўйинчилар бўлса ҳам, анча қийин бўлди. Бунга сабаб нима?
-Кеча ўйиндан кейин ҳам айтган эдим, Ҳиндистон кучсиз жамоа эмас. Улар гол ўтказиб юборгунича яхши ҳимояланишди. Ўйинда шогирдларим яхши ҳаракат қилишди. Шунчаки, биринчи ўйин доим оғир кечади.
-Абаҳани клубига қарши кечган ўртоқлик ўйини жамоангиз учун фойдали бўлдими? Футболчиларингиз бу ердаги шароитга мослаша олишдими?
-Албатта, турнир старти олдидан ўртоқлик ўйинида майдонга тушганимиз футболчилар учун анча фойдали бўлди. Бу ердаги шароитга мослаша олдик деб ўйлайман.
-Сурияга қарши ўйин жамоа учун энг муҳим ўйин бўлиши кутилмоқда. Ушбу учрашувда ғалаба қозонишингизга ишонасизми?
-Мен шогирдларим кучига ишонаман. Агар ўз ўйинимизни намойиш этсак, албатта Сурияни мағлубиятга учрата оламиз.