23 ёшгача бўлган футбочилар ўртасидаги Осиё чемпионатига саралаш доирасида Сурияга қарши ўйиндан олдинги матбуот анжуманида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мураббийи ёрдамчиси Алексей Евстафеев иштирок этди.
"Сурияга қарши ўйинга яхши тайёргарлик кўрамиз. Футболчилар майдонга ғалабани ўйлаб тушишади. Умид қиламанки, улар эртанги ўйинда ишончни оқлашади", - дейди Евстафеев.
Жамшид Искандеров Сурияга қарши жуда муҳим ва қийин ўйин кутиб турганини айтди.
"Бу ўйин биз учун ҳам, Сурия учун ҳам муҳим. Шу боис эртага қийин ўйин кутиб турибди".
— Эртага Сурияни дуранг ҳам қониқтиради, Ўзбекистонга эса фақат ғалаба лозим. Майдонга шу хаёлда тушасизлар, футболчилар ўйинга тайёрми?
— Ҳа, албатта. Биз бу ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Ўйлайманки, эртанги ўйинда биз керакли натижага эришамиз.
— Ҳиндистон ва Бангладешга қарши ўйнадингиз. Савол айнан мана шу жамоалар ҳақида. Ушбу икки терма жамоадан қайси бири кучлироқ деб ўйлайсиз.
— Бу икки терма жамоадан қайси бири кучли эканини эртага уларнинг ўзаро ўйинидан сўнг билиб оламиз.