Kun.uz: Бугунги кунда дунёнинг энг кучли футболчиларидан бири сифатида тан олинган аргентиналик Лионель Мессининг болаликдаги мураббийи Карлос Маркони у билан қандай ишлагани ҳақда гапириб берди.
У кичик Лионель ҳали “Ньюэллс Олд Бойз”нинг болалар жамоасида ўйнаб юрганида, ёш футболчини гол уришга рағбатлантириш учун айёрона йўл ўйлаб топганини маълум қилди.
“Месси шоколадли ширинликларни жуда ёқтирар эди. Мен унга ҳар бир голи учун бир донадан ширинлик беришимни ваъда қилганимда у жуда кўп гол урар эди. У 4 гол урганида 4та, бешта гол урганида эса бешта печенье ёки шоколад берардим. У бўйи паст бўлгани учун боши билан гол урмас эди. Бир куни унга бош билан урган голи учун 2 та печенье беришни ваъда қилдим. У ўша куни барча рақибларини алдаб ўтди ва бўш дарвозага етиб борганида, тўпни ўзи тепага кўтариб бош билан гол урди ҳамда мендан иккита печенье олди”, дейди Маркони The Sport Bible нашрига берган интервьюсида.
Маълумот учун, жорий мавсумда Лионель Месси “Барселона” таркибида Ла-Лиганинг 28 учрашувида майдонга тушди ҳамда 32 гол ва 18 голли узатмага муаллифлик қилди.