"Сток Сити"га қарши ўйинда "Челси" ҳужумчиси Диего Коста иккинчи бўлим бошида захирадан майдонга тушди ва 11 дақиқа ўтиб жароҳат туфайли майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Жозе Моуриньо ҳужумчининг жароҳати борасида маълумот бериб ўтди.
«Диего Коста барча текширувлардан ўтказилди. Шундан сўнг у икки кун давомида умумий гуруҳда тўла куч билан шуғулланди. Шифокорлар штаби ва футболчининг ўзи 90 дақиқа бўлмаса ҳам, майдонга тушиб, жамоага ёрдам беришга ишончи комил эди. Мураббий сифатида мен баъзан тактик жиҳатдан таваккалга қўл ураман. Шу боис, тиббиёт штаби бундай пайтда қарор қабул қилиши лозим.
Доимий равишда эҳтиёткор бўладиган тиббиёт штаби мен билан ишлай олмайди. Футболчининг тикланиши учун 2-3 ҳафта кетадиган жароҳатга 1 ой керак дейдиган шифокор мен билан ишлолмайди.
Бугун барчамиз учун ёқимсиз ҳолат юз берди. Аммо бу футбол. Ҳозирча Коста қанча муддат майдонга туша олмаслиги ҳақида гапиришга эрта. У уйига қайтиши ва 48 соатдан кейин тиббий кўрикдан ўтиши лозим. У бир неча ҳафта давомида майдонга туша олмаслиги аниқ. Мавсум охиригача олдимизда 7-8 ҳафта вақт бор. Унинг ярмида у биз билан бирга бўлади», – дейди Моуриньо.