Футбол оламидаги энг буюк мураббийлардан бири Брайан Клаф ҳеч қачон рўйхотирлик қилган эмас. У бир сафар шундай деганди: «Ҳа, мен қўрс, такаббур ва исёнкорман. Шунинг баробарида жаҳоннинг энг яхши мураббий ҳам ўзимман!» Британия футболи тарихидаги энг муваффақиятли мутахассислардан бири агар ҳаёт бўлганида, 21 март куни 80 ёшини қарши оларди. Британия империяси ордени офицери ҳаётлик чоғи нафақат спортдаги натижалари, балки унинг ташқарисидаги хатти-ҳаракатлари билан ҳам кўпчиликни ҳайрат кўчасига етакларди. «Ичиш устаси» (пиво симириш суръати бўйича Англия рекордчиси) ва «Зўр йигит» (Рой Киннинг таърифи) - Брайан Говард Клаф ҳақида ҳаттоки, алоҳида кино ҳам суратга олинган. Биз эса «ССФ» маълумотлари асосида футбол оламида ёрқин из қолдирган мураббийни шунчаки, хотирлаб ўтамиз.
Клафнинг 3та
эътиборли фикри
1. - Мен дарҳақиқат, қўрс-қўпол, такаббур-манман, одамлар ғазабини қўзғатувчи исёнкор, гап уқмас-одамови, чўрткесар-дангалчи, гердайган-қайсар кишиман. Шунингдек, айни пайт жаҳон футболидаги энг яхши мураббий мақоми ҳам ўзимга тегишли.
2. - Агарда қандайдир муаммо туғилса, қайсидир масалада фикрлар ўзгача янграса, барчамиз стол атрофида ўтириб, чамаси 20 дақиқа бафуржа гаплашиб оламиз, кейин эса менинг ҳақ эканлигим тасдиқланади.
3. - Оламдан кўз юмганимдан сўнг қабрим устига гул юборманглар. Яхшиси, уларни ҳозир беринглар. Гул ўрнига бренди билан сийласангиз ҳам қаршилигим йўқ.
Клаф ҳаҚида 3та факт
1. The Times талқини бўйича Брайан Клаф футбол тарихидаги энг яхши мураббийлар рўйхатида 7-ўринни банд этган. Шунингдек, Британиянинг кўплаб нашрлари уни Англия терма жамоасини ҳеч қачон бошқармаган (Клаф 2 марта -1977 ва 1982 йилларда миллий жамоага устозлик қилиш таклифини рад этган) энг яхши мураббий сифатида эътироф этишади.
2. 2009 йили экранларга «Лаънатланган Юнайтед», деб номланган бадиий фильм чиқди. Унда Клафнинг «Лидс Юнайтед»даги қисқа муддатли фаолияти ҳақида ҳикоя қилинган. Чунончи, мураббий жамоа футболчиларини аввалроқ «Симуляциячилар, лўттибозлар», - дея танқид қилганди. Шу сабаблими, улар билан келишолмайди ва атиги 44 кундан сўнг «Лидс»дан кетади. Фильмда Клаф образини Майкл Шин яратган. Эътиборли факт: ушбу картина жаҳон бозорида 4 миллион доллар йиққан. Бу фақат кинотеатрлар кассаларидаги чипталар сотувидан тушган маблағдир.
3. 2003 йилнинг январида 67 ёшли Клаф жиддий жарроҳлик операциясини бошдан ўтказди. Яъни мураббийнинг жигари алмаштирилди. Чунончи, нақ 30 йил давомида алкоголь ичимликлари билан «қалин дўст тутуниш» ўз таъсирини кўрсатганди. Шифокорларнинг айтишича, агар операция бўлмаганида, Клаф икки ҳафта оралиғида вафот этарди. Жарроҳлик операциясидан сўнг эса яна 20 ой яшади. У 2004 йилнинг 20 сентябрь куни ошқозон саратони туфайли ёруғ оламдан кўз юмди.
Клаф ҳаҚида 3та воҚеа
(Рой Киннинг ҳикояси*)
1. - Мен Клафни илк марта «Кова»дан «Ноттингем»га ўтганимда кўрганман. У хонага киргунча музокаралар ўхшамаётганди. Клафнинг эгнида эскигина яшил свитер бор эди, ёнида эса тилларанг ретривер ити. Мураббий хонага кириши билан буйруқ берди: «Ирландиялик жентльменларга ичимлик келтиринг».
- Бу йигит яхшими?-сўради Клаф мени кўрсатиб.
- Чидаса бўлади, босс, - дея жавоб берди «Ноттингем» томонидан музокараларни олиб борган Рон Фентон.
Кейин катта суммаларни ўз ичига олган баҳслар бошланиб кетди. Кўп ўтмай, «Кова» вице-президенти Жон О~Рурк ниҳоят, ижобий жавоб берди:
- Жаноб Клаф, келишув амалга ошди, тамом.
- Бу пуллар ўз чўнтагингга тушмайди, шундайми, -луқма ташлади Клаф.
Шундан сўнг мураббий бизнинг делегацияга юзланиб, қўшимча қилди:
- Менга шунчаки, Брайан, дея мурожаат этишингиз мумкин. Келинглар, энди келишув муносабати билан ичамиз.
Шу ондаёқ менга ва ўз итига қайрилиб, паст овозда давом этди:
- Бу гаплар сенга тааллуқли эмас. Мен сен учун жаноб Клафман, тушунарлими?
Шунда беихтиёр ўйлаб қолдим:
- О, қандай зўр йигит...
2. - «Кристал Пэлас»га қарши қайта ўтказилган кубок ўйинининг вазиятларидан бирида тўпни дарвозабон Марк Кросслига жуда секин узатганим қимматга тушди. Тўғри, Марк тўпга улгуриб, уни тепиб юборди. Аммо бахтга қарши, тўп тўғри Жон Салако оёғига тушди ва у чамаси 45 метр узоқликдан гол урди. Даҳшат! Ўйиндан сўнг кийиниш хонасига киришим ҳамоно Клаф тўғри юзимга тарсаки туширди. Зарба кучидан ҳаттоки, полга йиқилиб тушдим. Мураббий эса тепамда тик турганча бақирарди: «Қайтиб, орқага, дарвозабонга тўп берма!» Унинг важоҳатидан ўзимни мутлақо йўқотиб қўйган ва қандайдир жавоб беришга ботинолмагандим. Қисқаси, бошимни қимирлатганча фикрини маъқуллашга ярадим, холос. Менинг футболдаги «асал ойим» шу тариқа тугади. Клафнинг қандай босим остида қолганини тушуниб, унга нисбатан кек сақлаганим ҳам йўқ. Умуман, ушбу нокдаун мен учун унутилмас ва ажойиб дарс бўлганди.
3. - Бир сафар Клаф машғулотларга кеч қолди. Шунда унинг ёрдамчилари махсус жиҳозни олиб, унда ишлаб туришимизни тайинлашди. Чамаси ярим соатдан сўнг майдонда мураббийнинг ити - Делл кўринди, унинг ортидан ўзи ҳам келди. «Бу нимаси?» - сўради Клаф. Ёрдамчилари оғиз очишга улгурмасларидан олдин ўзи буйруқ берди: «Мана бу лаш-лушларни йўқотиб, тўпларни олиб келинг!» Унинг кучли ва шунинг баробарида заиф томони ҳам шу эди. Яъни бировнинг фикрини ҳеч қачон тан олмасди. Футбол эса ўзгариб борарди. Афсуски, Клафнинг вақти ва у сира ёқтирмайдиган Маргарет Тэтчерники ҳам ўтиб бораётганди...
* - Рой Кин 1990 - 1993 йилларда «Ноттингем Форест»да айнан Клаф бошқарувида ўйнаган.
Маълумот учун
Брайан Говард КлАф
Туғилган санаси ва манзили: 1935 йил 21 март, Мидлсбро
Вафот этган санаси ва манзили: 2004 йил 20 сентябрь, Дерби
Футболчилик фаолияти: «Мидлсбро» - 1955-1961; «Сандерленд» - 1961-1964. Ҳужумчи сифатида тўп сурган Клаф Англия чемпионатида 274та ўйинда майдонга тушиб, 251та (!) гол урган
Мураббийлик фаолияти: «Хартлпуз Юнайтед» - 1965-1967; «Дерби Каунти» - 1967-1973; «Брайтон» - 1973-1974; «Лидс» -1974; «Нотингем Форест» - 1975-1983. Мураббий сифатида 1972 ва 1978 йилларда Англия чемпиони бўлган, 1978, 1979, 1989 ва 1990 йилларда Англия Лига кубоги, 1979 ва 1980 йилларда Европа Чемпионлар кубоги ҳамда 1979 йили Европа суперкубогини қўлга киритган