Испания футбол федерацияси тартиб-интизом қўмитаси «Райо Вальекано»га қарши ўйинда (2:0) Криштиану Роналдуга кўрсатилган сариқ карточкани бекор қилди.
Эслатиб ўтамиз, Роналду рақиб жарима майдончаси ичида «Райо Вальекано» Антонио Амайядан ўтиб кетишга уринаётганида йиқилганди. Ҳакам эса вазиятни Криштиану симуляция ишлатди деб баҳолаб, португалиялик футболчига сариқ карточка берди.
Ушба сариқ карточка Криштиану Роналду учун бешинчиси бўлганди ва у «Эйбар»га қарши бўладиган Испания чемпионатининг навбатдаги турини ўтказиб юбориши керак эди.
«Реал Мадрид»нинг аппелляцияси қаноатлантирилди. Шунинг учун Криштиану Роналду шанба куни бўладиган ўйинда майдонга тушиши мумкин.