“Барселона” бош мураббийи Луис Энрике Чемпионлар Лигаси 1/4 финали “ПСЖ”га қарши учрашув олдидан фикрларини айтиб ўтди.
“Ҳа, “ПСЖ”да йўқотишлар бор, лекин ўтган йили айнан улар бизни Ибрагимовичсиз мағлуб этишганини ва биз ҳам ўз навбатида у ўйнаган учрашувда ғалаба қозонганимизни унутмайлик. Шу сабабли қайси футболчининг йўқлиги жиддий йўқотиш экани борасида олдиндан бир нима деб бўлмайди.
Таркибларимиз мавсум бошида гуруҳ босқичидагидан катта фарқ қилмаяпти. Шунчаки бир оз улғайдик. Сентябрда парижликларга қарши яхши ўйин кўрсатгандик. Гарчи ютказиб қўйган бўлсак ҳам кўплаб ҳавфли вазиятлар яратганмиз. Ҳимояда ишончлироқ ўйнашимиз керак.
Бу ерга(Парижга) келиб-кетишга кўникиб қолдик. Сўнгги йилларда Парижга кўп келаяпмиз. “ПСЖ”нинг таркиби ажойиб, жамоа буни икки ўйин натижасига кўра “Челси”ни мағлуб этиб исботлаб қўйди.
Жамоаларимиз бир-бирига жуда ўхшайди, шу сабабли имкониятлар деярли тенг. “ПСЖ” позицион ҳужумларда ҳам, қарши ҳужумларда ҳам яхши ҳаракат қила олади. Рақибнинг кучли томонлари кўп.
Учрашув қизиқарли ўтиши керак. Ўйлашимча кўп гол киритилади ва бизнинг “ПСЖ”дан кўра кўпроқ гол уришимизга умид қиламан.
Албатта ғалаба қозониш осон бўлмайди, чунки “ПСЖ” аввал ҳам бизга кўплаб муаммолар олиб келган клуб”, – дея Энрике сўзларини келтиради Sports.ru.