"Барселона" Европа чемпионлар лигасининг чорак финал баҳсини сафарда ўтказди ва ярим финал ўйин йўлланмасини деярли ҳал қилиб қўйди. Златан Иброҳимовичсиз ўйнаган "ПСЖ" ўз майдонида каталонияликлардан 3та тўп ўтказиб юборди. Парижликларнинг ягона голига эса "Барса" таркибидаги француз — Матьё ёрдам бериб юборди.
Ўйин бошида жарима майдончаси ичида зарба бермоқчи бўлган Пасторенинг оёғига тўп текканида ва вазият голга айланганида, натижа бутунлай бошқача бўлиши мумкин эди. Умуман олганда, бу кеча Лоран Блан шогирдлари бир неча марта омад кулиб боқмаганини таъкидлаш лозим.
Ўйиннинг 14-дақиқасида омад Мессидан ҳам юз ўгирди. Унинг жарима майдончаси ташқарисида йўллаган зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтди. Орадан кўп ўтмасдан Бускест майдон марказида рақибдан тўпни олиб қўйиши натижасида ташкил этилган қарши ҳужум гол билан якунланди. Иньеста-Месси-Неймар комбинациясидан кейин бразилиялик футболчи бирга бир вазиятда Сиригуни доғда қолдира олди.
Биринчи бўлимнинг катта қисмини ҳимояда ўтказган майдон эгалари тайм сўнгида бироз фаоллашишди, аммо танаффусгача ҳисобни тенглаштира олишмади.
Иккинчи бўлимда эса майдонда 22 футболчи ўйнади, ўйин тақдирини эса Луис Суарес ҳал қилди. Уругвайлик футболчи икки марта Давид Луизнинг оёқлари орасидан тўпни олиб ўтиб кетди ва иккита гол урди. Суареснинг юксак индивидуал маҳоратига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Ҳақиқий ҳужумчи.
Ўйин тугашига 8 дақиқа қолганида Грегори ван дер Виль жарима майдончаси бурчагида зарба йўллади. Зарбани қайтармоқчи бўлган Матьёнинг оёғига теккан тўп дарвоза тўрига бориб тушди. 1:3.
Жавоб ўйини 6 кундан кейин — 21 апрель куни бўлиб ўтади. "ПСЖ" яна бир марта таваккал қилиб кўради. Буни қанчалик уддалайди, буни ўша куни билиб оламиз.
ЕЧЛ, Чорак финал, дастлабки ўйин
ПСЖ Франция – Барселона Испания 1:3 (0:1, 1:2)
Голлар: 0:1 – 18 Неймар, 0:2 – 67 Суарес, 0:3 – 79 Суарес, 1:3 – 82, автогол Матье.
ПСЖ – Сиригу, Маркиньос, ван дер Виль, Тиаго Силва (Давид Луиз, 21), Максвелл, Матюиди, Рабьо (Лукас, 65), Пасторе, Кабай, Лавесси, Кавани.
Барселона – тер Штеген, Монтойя (Адриано, 80), Бускетс, Пике, Альба, Иньеста (Хави, 53), Маскерано, Ракитич (Матье, 74), Неймар, Суарес, Месси.
Огоҳлантиришлар: Пике (32), Кабай (37), Месси (54).