Ҳар доимгидек дам олиш кунлари кўҳна қитъа биринчиликларида бир қатор муҳим ва шиддатли ўйинлар бўлиб ўтади. Қуйида бизнинг наздимизда энг асосий футбол матчлари деб топилган 5та жуфтлик ҳақида маълумот бериб ўтмоқчимиз.
«Челси» – «Манчестер Юнайтед»
(Шанба. 21:30)
Навбатдаги чемпионлик йўлида одимлаётган лондонликлар муҳим ўйинларда баъзан керакли натижани қайд этмаслиги ҳам мумкин: январдан бери "қариялар" 3 марта дуранг қайд этди ва 6 учрашувда фақат бир тўп фарқи билан ғалабага эришди. Очко мисқоллаб йиғилади, аммо "аристократлар" сўнгги йилларда асосий рақибларга қарши баҳсларда нима учундир қийинчиликка дуч келишмоқда. Айниқса, ҳозир Диего Коста ва Лоик Ремисиз, ҳужум чизиғида кекса Дидье Дрогбага ишонч билдираётган "Челси"га осон эмас.
"Юнайтед"да ҳам ҳужумчилар билан боғлиқ муаммолар кун тартибидаги муҳим масалалардан бири. Аммо ван Гал бунга бошқачароқ ечим топишга уринмоқда: ван Перси жароҳат олган, камига Ди Марияни ҳам заҳирага "михлаб" қўйган мураббий Фалькаони умуман ёшлар жамоасига бадарға қилди. Жароҳат олиб сафдан чиққан ҳимоячилар рўйхатини эса узоқ давом эттириш мумкин: Кэррик, Жонса, Эванс, Блинд, Макнейр.
Шундай "Юнайтед" кетма-кет 6 та ғалаба эришиб, ҳамшаҳарларини ортда қолдирди ва ҳозирча иккинчи ўринни ҳеч кимга бериб қўймоқчи эмас.
«Реал Мадрид» – «Малага»
(Шанба. 23:00)
"Вильярреал" билан қайд этилган дуранг "Бернабеу"даги ажойиб муҳитга бироз соя ташлагани аниқ: чунки "Реал"нинг ички чемпионатда ўз майдонидаги ғалабали серияси сентябрдан бери давом этиб келаётган эди-да.
Айни вақтда турнир жадвалида "Барселона" билан бир хил қатордан жой олиши учун Қироллик клубига ўша бой берилган 2 очко етмаяпти. Шундай экан Карло Анчелотти шогирдлари учун каталонияликларнинг очко йўқотишини кутиш ва ўз ўйинларини фақат ғалаба билан якунлашдан бошқа йўлнинг ўзи йўқ. "Реал" бугунги ўйинда жароҳатланган Бенземасиз ғалаба қозонишга уриниб кўради. Бу эса анчадан бери заҳирада ўтириб, яшил майдонни соғинган Чичарито учун ажойиб имконият деганидир.
Анчелотти майдонга бир вақтнинг ўзида уч нафар севимли футболчисиини тушириши мумкин. Дисквалификацияни ўтаб бўлган Хамес ва Крооснинг Модрич билан ажойиб ҳамкорликни йўлга қўйиши кутилмоқда.
"Малага" меҳмондаги охирги 4 учрашувда бир хил 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Демак, бугун Қироллик клубининг 3 очкони қўлга киритишига кўп нарса халал бермаса керак. Аммо Хави Гарсия бошчилигидаги "Малага"нинг февралда "Камп Ноу"да ғалабани тантана қилганини ёддан чиқариш адолатдан бўлмайди.
«Ювентус» – «Лацио»
(Шанба. 23:45)
Юз бериши қийин бўлган энг кутилмаган натижа аввалги турда қайд этилди: "Ювентус" А Сериянинг энг кучсиз жамоаси - "Парма"га ютқазиб қўйди, боз устига туринликлар ақалли бир марта бўлса ҳам рақиб дарвозасига йўл топа олишгани йўқ. Аммо кўпчилик бу ҳолатни туринликларнинг "Монако"га қарши ЕЧЛ чорак финал дастлабки ўйини олдидан кучни тежаш режаси сифатида баҳолади.
Мамлакат чемпионати пешқадамларини бугун ҳам осон ўйин кутиб тургани йўқ. Уларга қарши қаторасига 8 учрашувда ғалаба нашидасини сурган "Лацио" футболчилари тўп суради.
«Вольфсбург» – «Шальке-04»
(Якшанба. 20:30)
"Бўрилар" келгуси мавсумда Европа Чемпионлар Лигасида иштирок этиш вазифасини аллақачон ижобий ҳал қилиб бўлдилар – чунки қолган 6 турда улар тўртинчи поғонадан пастга тушиб кетмасликлари муқаррар.
"Шалке-04" эса кучли тўртликка кириш учун анча тер тўкишига тўғри келади. Чунки 10 очколик фарқни йўққа чиқариш осон бўлмаслиги аниқ.
Гельзенкирхенликларнинг сўнгги йилларда "Фольксваген Арена"да ўта бўш ўйин намойиш қилишлари одатий ҳолга айланиб улгурган. Аммо ҳозир улар ғалаба қозониш учун ҳужумга ўтишга мажбурлар. Қизиқ, Бундеслигада ўз майдонидаги 18 ўйиндан бери мағлубиятга учрамай келаётган "Вольфсбург" меҳмонларнинг бу истагига қандай муносабат қайтарар экан?
«Интер» – «Милан»
(Якшанба. 23:45)
А Сериянинг олтин даври ортда қолганига анча вақт бўлди. Италия чемпионати ҳозирда Европанинг энг кучли ва энг қизиқарли биринчилиги сифатида қайд этилмайди. Милан суперклублари аввалгидек юлдуз футболчилар билан шартнома имзолаётгани ҳам йўқ. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам Милан дербисига бўлган талаб ва қизиқиш асло камайган эмас.
Эртанги тўқнашув жамоа ҳужумчилари Менез ва Икардининг ўзаро дуэлига айланиб кетса ҳам ажабмас. Чунки айни вақтда ушбу футболчилар ҳисобида 16та гол бор ва улар тўпурарлар пойгасида ўзаро рақобатлашмоқдалар.
Иккала жамоанинг жорий мавсумдаги қайд этаётган натижаларига ҳавас қилиб бўлмайди. Аммо Милан клублари тарихидаги энг паст кўрсаткичлардан бири 1941/42 йилга тўғри келганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўшанда "россонерлар" ва "нерадзуррлар" мос равишда 10- ва 12-ўринни банд этишганди.
Маҳмуджон АЗИМОВ
тайёрлади