Бу йилги Англия Премьер-лигаси ҳам анча қизиқарли ва курашларга бой тарзда ўтмоқда. Чемпионат якунлангани сари томошабоплиги кўзга ташланмоқда. Жорий мавсум Премьер-лига ўйинларида бир қатор кашфиётчи футболчилар етишиб чиқишмоқда. Қуйида мана шу футболчилар хусусида сўз юритамиз.
Харри Кейн
Жамоаси: “Тоттенхэм”.
Амплуаси: ҳужумчи.
Кейн учун бу йил чиндан ҳам омадли келди. Футболчи ёш бўлишига қарамай, ўзининг қатор голларини киритиб, “шпорлар” муваффақиятига ҳисса қўшиб келмоқда. Кейн Англиянинг энг ёш футболчиси учун аталган совринни қўлга киритишида, ўзининг тинимсиз меҳнати орқали эришди. Ҳужумчи тобора очила бошлаганидан сўнг Роберто Сольдадо, Эммануэль Адебайор сингари ҳужумчилар заҳирага ўтириб қолди. Бунга ҳужумчининг тинимисиз равишда гол киритаётгани сабаб бўлмоқда.
Дэнни Ингз
Жамоаси: “Бернли”.
Амплуаси: ҳужумчи.
Бир йил илгари бу футболчини ҳеч ким танимасди. Негаки, Ингз ёрқин ўйинлар кўрсатмаган. Ҳаттоки, қуйи дивизионларда ҳам ҳозиргидек чиройли ўйинлар намойиш этмаган. “Бернли” билан кучлилар орасига чиққанидан сўнг Ингз бор маҳортании кўрсатиб, грандларнинг назарига тушди. Бунга жорий мавсумда киритаётган тўплари орқали исботлаб келяпти. Дэнни тезкор, дриблингли футболчи ҳисобланади. Ҳозирда унга “Реал Сосьедад”, “Тоттенхэм” сингари жамоалар бежиз қизиқишмаяпти.
Морган Шнайдерлин
Жамоаси: “Саутгемптон”.
Амплуаси: ярим ҳимоячи.
Франциялик ярим ҳимоячи илгари “авлиёлар” сафида Адам Лаллана ва Жей Родригесни соясида қолиб кетаётганди. Эндиликда Шнайдерлин клубнинг етакчисига айланди ва муҳим бир бўғимига айланди. Роналд Куман ярим ҳимоячини сотмасликни ҳозирданоқ раҳбариятга талаб қилиб келмоқда. Чунки Морган Шнайдерлинга қатор клублар талабгорлик қилишмоқда. Шуни ҳам қўшимча қилиш лозимки, аввалги мавсумларда Шнайдерлин Франция терма жамоасига чақирув олиш орзусида юрган эди. Жорий йилда Премьер-лигада намойиш қилган ўйинлари орқали эса футболчи Дешамнинг ишончига кирди.
Чарли Остин
Жамоаси: “КПР”.
Амплуаси: ҳужумчи.
“КПР”нинг етакчиси сифатида кимни кўрсатиш мумкин? Жои Бартон, Рио Фердинанд, Роберт Грин. Лекин Чарли Остин деган футболчини эсдан чиқардингиз. Остин ҳам худди юқорида тилга олган футболчиларимиз сингари ўтган мавсумда Англияда ҳеч ким эмасди. Бу йил эса улар ҳақиқий кашфиётчига айланишди. Остин ҳам ажойиб тўпурарлик маҳоратига эга эканлигини кўрсатмоқда. Қатор голлар шодаси билан жамоани элитада олиб қолишга астойдил ҳаракат қилмоқда. Якун қандай бўлади, бунга оз фурсат қолди. Лекин кейинги мавсумда ҳужумчи кучлироқ жамоада тўп суриши табиий.
Райан Бертран
Жамоаси: “Саутгемптон”,
Амплуаси: ҳимоячи.
“Челси” клубида ўз жойини топа олмаган ва кейинчалик “Саутгемптон”га ижарага берилган ҳимоячи “авлиёлар”да етакчи мақомини олди. Бертранни ижарага олган “Саутгемптон” жамоаси бир муддатдан сўнг бутунлай сотиб олишга қарор қилишди. Бунга ҳимоячининг мустаҳкам ва ишончли ўйин кўрсатиши сабаб бўлди. Жорий мавсум рамзий жамоасидан Бертран жой олишига ҳам сабаб шуки, у бугунги кунда чемпионатдаги энг мустаҳкам ҳимоячилардан бири ҳисобланади. Шундай экан, унинг кўрсатаётган ўйинларига тан бериш фойдадан холи эмас.
Иззатбек Абдуваҳобов тайёрлади