Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Бахтиёр АШУРМАТОВ: «Яна бир бор ҳаммадан узр сўрайман»

Баҳо:
+ | -

Ҳали Осиё чемпионатининг финал босқичига чиқиш имкониятидан маҳрум бўлмаган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 5 май куни «Жар» стадионида Қирғизистон олимпия терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказди. Ушбу ўйин ҳар икки давлат футбол федерацияларининг келишуви билан амалга ошди. Очиғи, бу ўйин биздан кўра ён қўшниларимиз учун кўпроқ керак эди. Боиси, Қирғизистон олимпия терма жамоаси жойлашган гуруҳдаги саралаш ўйинлари 16 май куни  БААда бошланади. Айнан мана шу гуруҳ учрашувлари якунланганидан сўнг терма жамоамизнинг тақдирига ойдинлик киритилади. «Жар» стадионида кечган ўйинни кузата туриб, Қирғизистондан кўра гуруҳдаги араб жамоалари - Иордания ва Қувайтнинг имконияти юқорироқ эканлиги ойдинлашиб қолди. Нигоҳимиз қаратилган B гуруҳи саралаш ўйинлари 16-24 май кунлари Ал-Айн шаҳрида бўлиб ўтади. Бу гуруҳда иккинчи ўринни олган жамоа Ўзбекистондан юқорида бўлса, биз Қатардаги Осиё чемпионати ва Рио-2016 Олимпия ўйинларига бора олмаймиз. Эслатиб ўтамиз, бу гуруҳда Иордания, Қувайт, Қирғизистон, Покистон, Туркманистон терма жамоалари ўрин олишган. Биз Ўзбекистон-Қирғизистон олимпия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйинидан сўнг ҳар икки жамоа бош мураббийлари билан суҳбатлашдик.

- Бахтиёр ака, бугунги учрашув борасида фикрингиз қандай? Бугунги ўйин учун мўлжаллаган режаларингиз амалга ошдими?

- Кеча терма жамоага номзод йигитларни Тошкентда тўпладик. Мана бугун Қирғизистон олимпия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушдик. Аслида иккита ўйин режалаштиргандик. Ке-йин режага бироз ўзгартириш киритилди ва иккинчи учрашувда жаҳон чемпионатига ҳозирлик кўраётган ёшлар терма жамоамиз ўйнайдиган бўлди. Минг афсуски, жуда ноқулай аҳволга тушиб қолдик. Тақдиримиз В гуруҳи жамоалари қўлида қолиб кетяпти. Мураббийлар штаби, футболчилар бундан жуда ҳам афсусдамиз, ўзимиз айбдормиз. Осиё чемпионати финал босқичига чиқа олмаслик, бу биз учун 2016 йили Бразилияда бўлиб  ўтадиган Олимпиада эшиклари беркитилишини ҳам англатади. Лекин умидни батамом узганимиз йўқ. Охиригача ишонишда ва умид қилишда давом этамиз. Ўйлайманки, ҳаммаси биз ўйлагандек бўлади. Тақдиримиз бошқа гуруҳдаги термалар ўйинига боғлиқ деб тайёргарликни тўхтатиб қўйиш ҳам яхши эмас. Шу сабабли Қирғизистон терма жамоасининг таклифини қабул қилдик. Гувоҳи бўлганингиздек, ушбу ўйинда бир гуруҳ янги футболчиларни ҳам синаб кўрдик.

- Улар қандай таассурот қолдирди?

- ОЧЛда иштирок этаётган ва плей-оффга чиқиш имкониятини сақлаб қолган Пахтакор ва Насаф жамоаларида ўйнайдиган футболчиларни безовта қилмасликни лозим топдик. Уларнинг ўрнига Темур Ҳакимов, Никита Павленко каби йигитларни бугунги учрашувда майдонга туширдик. Ҳакимов ҳақида гапирадиган бўлсам, бу иқтидорли ҳужумчи ўзига бўлган талабни пасайтириб юборганди. Бу йилдан 1-лига жамоаси - «Оқтепа»да ўйнаяпти. Ҳозирча ўзидан яхши таассурот қолдиряпти. «Нефтчи»га қарши ўтказилган ўйинни томоша қилдим. Ўша учрашувда жуда яхши ҳаракат қилди. Темур шу зайлда ишлашда давом этса, нафақат олимпия, балки миллий терма жамоага ҳам таклиф этилиши мумкин. Бугунги ўйинда ҳам у ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Никита Павленко ҳақида ҳам шундай фикрдаман. Сўнгги ўйинларда «Олмалиқ» жамоасининг асосий футболчиларидан бирига айланди, голлари ҳисобини очди.  Жавоҳир Расулов ва айниқса, Қувондиқ Рўзиев ҳақида ҳам жуда илиқ фикр билдира оламан. Бугун жуда яхши ўйин намойиш этишди. Афсуски, барибир йигитлар ва мураббийлар штабида тушкунлик кайфияти сақланиб қоляпти. Энди 24 майни кутишга мажбурмиз. 

- Рақиб жамоа ҳақида қандай  фикрдасиз?

- Айтиб ўтилганидек, Қирғизистон терма жамоаси 16 майдан Осиё чемпионати финал босқичи йўлланмалари учун курашга киришади. Жамоада ҳимоявий ўйин яхши йўлга қўйилган. Қарши ҳужумларга таяниб ҳаракат қилади. Тезкор қарши ҳужумга ўта олади. Мана бугун ҳам 2-3та вазиятда жамоамизни жазолашлари мумкин эди. Лекин тажриба бироз камлик қилганлиги учун ўта қулай вазиятларни голга айлантира олишмади. Лекин Қувайт ва Иордания терма жамоаларига муносиб тарзда қаршилик кўрсатишларига ишонаман.

- Адашмасам, 16-24 май кунлари бўлиб ўтадиган В гуруҳи ўйинларини томоша қилиш учун Миржалол Қосимов билан БААга борасизлар. Тўғрими?

- Ҳозир аниқ бир нарса дея олмайман. Лекин боришимиз керак бўлса, борамиз. Яна бир бор мухлислардан, федерация раҳбариятидан, бизга ишонган барча-барчадан узр сўрайман. Бор вужудимиз билан ҳаракат қилдик. Аммо якун биз ўйлаганчалик бўлиб чиқмади. Насиб қилса, Осиё чемпионати финал босқичига чиқиб олсак, тайёргарликни ҳам, муносабатни ҳам тамоман ўзгартирамиз. Мухлислар умуман   бошқа кўринишдаги терма жамоани кўришлари мумкин бўлади.

 

Шундан сўнг Қирғизистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Миржан Эшеновнинг ҳам фикрлари билан қизиқдик.    

- Бугунги учрашувда тажриба ўз сўзини айтди, - дея сўз бошлади М.Эшенов - Бу таблодаги натижада ҳам акс этди. Бу ўйиндан ўзимиз учун керакли хулосаларни чиқариб олдик. Биринчи навбатда йигитлар тажриба тўплашди. Айнан халқаро тажрибанинг камлиги сабаб шогирд­ларим юзага келтирилган иккита юз фоизлик вазиятдан унумли фойдалана олишмади. 2:0 ҳисоби ўйинга мос бўлди, деб айта оламан.

- Ўзбекистон олимпиячилари  ҳақида қандай фикрдасиз?

- Футболчиларнинг аксарияти олий лиганинг «Пахтакор», «Бунёдкор» каби етакчи клубларида ўйнар экан. Бу жамоалар эса ОЧЛда иштирок этади. Табиийки, халқаро тажрибага эга бўлиб бораётган футболчиларингиз бугунги ўйинда ҳам ажралиб турди. Бизда эса тамомила бошқача ҳолат. Терма жамоанинг 30 фоиз футболчилари олий лига клубларида ўйнайди. Қолганлари 1-лига клубларида тўп тепади.

- Осиё чемпионатининг саралаш баҳсларига тайёргарликни қандай баҳолайсиз?

- Тўрт кун аввал футболчиларни тўпладик. Тошкентга келишдан олдин Қирғизистон миллий терма жамоаси билан ҳам назорат ўйини ўтказдик. Учрашувда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Эртага (суҳбат 5 май куни уюштирилган, - муал.) Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан ҳам ўртқолик учрашуви ўтказамиз. Бу жамоангизнинг жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётганидан хабаримиз бор. Энди бевосита гуруҳдаги рақибларга тўхталадиган бўлсам, Қувайт жисмоний жиҳатдан кучли жамоа. Бу жамоанинг Кўрфаз кубогида ўтказган ўйинлари ёзилган дискларга эгамиз. Шу орқали рақибни ўрганямиз. Иорданияга эса гуруҳ фаворити сифатида қараяпман. Бу жамоа билан Осиё ўйинларида ўйнаб, 0:2 ҳисобида имкониятни бой бергандик. Туркманистон терма жамоаси билан Ҳамдўстлик кубогида тўқнаш келганмиз. Покистон ҳақида эса умуман маълумотга эга эмасмиз.

- Саралаш учун аниқ вазифа қўйилганми?

- Осиё чемпионати финал босқичига чиқишни мақсад қилганмиз. Бунинг учун бор имкониятни ишга соламиз. Режага кўра, 12 май куни БААга етиб боришимиз керак. Иқлимга мослашиш мақсадида 4 кун олдин боряпмиз.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 17:50, 09.05.2015.
Ўқилди: 7816 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.