Ливерпуль” клуби ярим ҳимоячиси, жамоанинг кўп йиллик сардори, бутун футбол фаолиятини биргина шу клуб билан боғлаган Стивен Жеррард клуб сафидаги охирги ўйинини ўтказди ва мухлислари билан хайрлашди. Футболчи 16 май кунида “Кристал Пэлас”га қарши учрашувда сўнгги бор “Ливерпуль” таркибида “Энфилд” майдонига тушди. Ўйин 1:3 ҳисобида меҳмонлар ҳисобига ҳал бўлди.
“Мен ўзимни жуда ғалати ҳис қиляпман. Мен бу лаҳзалар келишидан жуда қўрқардим, сизнинг олдингизда яна ўйнай олмаслигимдан дилим вайрон бўлмоқда.
Клубимиз яхши қўлларда, бизда ажойиб раҳбарият ва мураббий бор. Жамоа жуда катта салоҳиятга эга. Ўйлайманки, жамоа яқин орада янги ўйинчиларни харид қилади. Жамоага келгусидаги фаолиятида катта омадлар тилаб қоламан.
Клубнинг барча ходимларига миннатдорчилик билдираман. Мен улар билан охирги 17 йил бирга ишлаганимдан жуда бахтиёрман. Бу “Ливерпул”нинг барча собиқ футболчиларига ҳам тааллуқли, уларга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Бироқ ҳаммадан кўпроқ мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман. Мен дунёнинг кўплаб ареналарида ўйнаганман, бироқ улардан зўрроқ мухлисларни учратмаганман. Сиз энг аъло мухлисларсиз”, деб айтди Стиви Жи ўзининг хайрлашув нутқида.
Эслатиб ўтамиз, Стивен Жеррард жорий мавсум тугагандан кейин Лос-Анжелеснинг “Лос-Анжелес Гэлакси” клубига ўтади. Стиви Жи америкаликлар жамоаси билан 1,5 йиллик шартнома тузиш арафасида турибди. Унга кўра футболчи йилига 7,7 млн евро атрофида маош олади.
34 ёшли футболчининг якуний трансфери июнда, унинг “Ливерпуль” билан шартномаси якунлангандан кейин амалга ошади.
Жеррард 2005 йилда УЕФА талқини бўйича йил ўйинчиси деб эълон қилинган ҳамда айни пайтда тўрт мусобақа – Англия кубоги, Англия Лигаси кубоги, Чемпионлар Лигаси ва УЕФА кубоги финалларида тўп кирита олган дунёдаги ягона футболчи ҳисобланади.