Таэквондонинг WTF йўналиши бўйича катталар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионати баҳслари доирасида икки ҳамюртимиз совриндорлар сафидан жой олди.
Ушбу жаҳон чемпионатида дунёнинг 141 давлатидан келган энг кучли даян усталари ғолиблик ва шу билан бирга Рио-2016 Олимпия ўйинларининг муҳим рейтинг очколари учун баҳс олиб боришяпти.
Қувонарлиси, Ўзбекистон таэквондо WTF тарихида илк олтин медалга эга бўлдик. +87 кг вазн тоифасида даянга чиққан ҳамюртимиз Дмитрий Шокин барча рақибларини енгиб, жаҳон чемпионига айланди. У ҳал қилувчи финал беллашувида Лондон-2012 Олимпиадаси чемпиони бўлган габонлик спортчини мағлубиятга учратди. Асосий вақтда 10:10 ҳисоби қайд этилди. Қўшимча вақтда Шокин аниқ зарба билан рақибини мағлуб этди.
Эслатиб ўтамиз, Шокин финалга қадар аввалига ямайкалик Жейсон Грантни 31:1, кейин италиялик Леонардо Басилени 8:2, чорак финалда германиялик Волкер Водзихни яна ҳам ишончли 11:2, ярим финалда кубалик таэквондочини 7:6 ҳисобида ("олтин очко" эвазига) доғда қолдирганди.
-87 кг вазн тоифасида юртимиз спорт шарафини ҳимоя қилган Жасур Бойқўзиев эса финал жангида озарбайжонлик азалий рақибига кичик фарқ билан имкониятни бой бериб, кумуш медал билан тақдирланди.
Ўз вазн тоифасида дунёнинг биринчи рақамли таэквондочиси бўлиб турган Бойқўзиев финалга қадар сербиялик Милош Голубовични 8:2, италиялик Карло Молфеттани 9:5, чорак финалда мексикалик Мисаэль Лопесни 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Ярим финал беллашувида россиялик Владислав Ларинни ҳам енгди.
Демак, ҳозирча ҳисобимиздаги медаллари 3тага етди. Ҳамюртларимиз орасидан биринчи бўлиб баҳсларга киришган Никита Рафалович -74 кг вазн тоифасида финалга қадар етиб бориб, кумуш медал билан тақдирланган эди. Эртага ўтказиладиган мусобақанинг сўнгги куни Максим Рафалович ўз имкониятини синовдан ўтказади.