Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Совуётган темир

Баҳо:
+1 | -

Ўтаётган ҳафтада юртимиз спорти, хусусан футболимизда ғоят муҳим воқеа кузатилди – Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги ёш футболчиларимиз Янги Зеландия давлати мезбонлигида ўтувчи кичик мундиалда иштирок этиш учун узоқ сафарга жўнаб кетишди. Биз эса кўнгилларда улкан умидлар билан уларга оқ йўл ва зафарлар тилаб қолдик. Шубҳасиз, энди барчамизнинг фикру-хаёлимиз, ўйларимиз терма жамоамизнинг ЖЧдаги иштирокига боғланиб қолади. Агар термамизнинг ишлари биз ўйлагандек кетса, яқин бир ой фақат шу мавзуда гаплашамиз, баҳслашамиз. Бироқ яқин келажакдаги ўзбек футболи учун ғоят катта аҳамиятга эга бўлган кичик бир ҳодиса ана шу мундиал атрофидаги воқеалар соясида қолиб кетмоқдаки, уни назардан қочириш ҳам асло мумкин эмасди.

 

Келинг, сизни ҳам кўп қийнамай, гапнинг индаллосига кўчиб қўя қолайлик: биз қуйида олимпия терма жамоамиз ҳақида сўз юритмоқчимиз. Ҳеч кимга сир эмас, март ойидан бери ҳадик билан кутганимиз - Иордания мезбонлигида ўтган «В» гуруҳи баҳслари куни кеча якунланди ва унда худди ўша биз илинж билан кутган воқеа содир бўлди. Яъни, қирғизистонлик олимпиячиларнинг биринчи турдаги саъй-ҳаракатлари ва Иордания термасининг сўнгги турдаги виждонли ўйинлари сабаб, март ойидан бери тушкунлик гирдобида юрган футболчиларимиз (эҳтимол, мураббийлар ва айрим футболимиз мутасаддилари ҳам) кўнгилларига ёруғлик кирди. Таъбир жоиз бўлса, шу ўтган икки ойлик вақт ичида олимпия терма жамоамизнинг ҳолати дорда бир оёғи билан турган дорбозникидан сира фарқ қилмасди. Хайриятки, юқоридаги икки терманинг қўллаб-қувватлашлари натижасида ҳам олимпиячиларимиз келгуси йили ўтадиган Осиё чемпионатида иштирок этадиган бўлишди, ҳам футболимиз раҳбари Мираброр Усмоновнинг «кескин чоралар» хусусидаги ваъдасини эслашга эҳтиёж қолмади. Шундай экан, барчада енгил тин олиш учун асос бордек. Лекин аслида сира ҳам ундай эмас.

Чунки, саралаш баҳсларига аввалига Шуҳрат Мақсудов, кейин эса Бахтиёр Ашурматов билан тайёргарлик кўрган термамиз Бангладешдаги ўйинларда биз кутган натижага эриша олмади. Тўғри, футбол борасида биздан анча ортда бўлган Ҳиндистон ва Бангладеш термалари умумий ҳисобда 6:0 натижаси билан мағлуб этилди. Лекин вакилларимиз Суриядан енгилиши мумкинлиги етти ухлаб тушимизга кирмаганди. Ҳа, кимдир «бу - футбол ва унда кутилмаган мағлубиятлар учраб туради», деб айтиши мумкин. Лекин олимпия­чиларимиз жам бўлган таркибни қайтадан бир текшириб чиқинг-чи! Термадаги қайси футболчи ўйин амалиёти камлигидан ёки савияси пастлигидан нолийди?! Деярли ҳеч ким! Шундай экан, Сурия термаси каби рақибларни «чап оёғимизда» енгишимиз керак эмасмиди?!

Ўша ўйинлар вақтида эса бир-бирини инкор қилувчи икки хил туйғулар ичра аросатда қолдик. Яъни, Сергеев, Искандеров, Машарипов, Козак каби анча-мунча танилган номлар бир ёқда-ю, улар намойиш қилаётган нурсиз ўйинлар бошқа томонда. Умуман олганда, футболчилар ва уларнинг ҳаракатлари биз кутганчалик бўлиб чиқмади. Бу нимадан далолат беради? Бу шуни исботлайдики, ё футболчилар ўзлари учун тушунарсиз тактика остида ҳаракат қилишди ёхуд мураббий улардан нимани талаб қилаётганини тўла англаб етишолмади (футболчиларда ғалабага хоҳиш у қадар кучли бўлмади дейишга тил бормайди). Акс ҳолда, Сурия термаси гуруҳда биринчи ўринни эгалламасди.

Қизиғи шундаки, мазкур гуруҳ бос­қичи ва орадаги таҳликали икки ойлик муҳлат биз учун каттагина сабоқ бўлиши керак эди. Бўлди ҳам.  Аммо ҳозиргача ундан чиқариладиган хулосалардан дарак бўлмаяпти. Ваҳоланки, биз термамизнинг ОЧ-2016да иштирок этиши аниқ бўлиши биланоқ дарҳол баъзи ўзгаришлар, ривожланиш ва ўйинни кучайтириш учун зарур бўлган вазифаларнинг белгилаб олинишини кутгандик. Зеро, халқимиз «Темирни қизиғида бос», деган нақлни бекорга айтмаган. Шундай экан, мақсад - Риога бориш бўлса, тайёргарликни бугундан бошлаш керак эмасмиди, ахир?! Бунинг учун алоҳида йиғилиш ўтказилиб, келгуси вазифалар ва йиғинлар масаласи ҳал қилиб олиниши зарур эди-ку. Қолаверса, ўша йиғилишда бош мураббий вазифаси ҳам атрофлича кўриб чиқилса, зарар қилмасди. Агар Бахтиёр Ашурматовнинг олимпия терма жамоасидаги фаолияти мутасадди раҳбарларни қониқтираётган бўлса, у «Навбаҳор» клубидаги вазифасини тўхтатиб (балки, кейинчалик яна қайтиш шарти билан), бор диққат-эътиборини термага қаратгани маъқул. Агар бунинг акси бўлса, дарҳол иқтидори етарли ёшларга янги устоз қидириш керак эмасми? Агар ўша мутахассис хориждан бўлса, нур устига аъло нур бўларди. Биз газетамизнинг аввалги сонларидан бирида, худди шу мавзуга тўхталиб, агар олимпиячиларимизни хорижлик мутахассис бошқарса, бу уларнинг келажаклари учун ҳам фойдадан холи бўлмаслигини айтгандик.

Тўғри, юқорида таъкидлаганимиздек, айни пайтда барчанинг асосий диққат-эътибори Янги Зеландияга қаратилган бўлиб, ЎФФ масъуллари ҳам худди шу сабаб туфайли олимпиячиларимиз масаласини бироз кейинга сурган бўлишлари ҳам мумкин. Лекин «вақтида босилмаган темир» кейинчалик «қийшайиб», кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Шундан салгина чўчиймиз, холос.

Умид қиламизки, тез орада бу мавзу атрофлича муҳокама қилинади ва барча масалалар ўз ечимини топади. Унгача эса мундиалга йўл олган ёшларимизни ғойибона бўлса-да, биргаликда қўллаб-қувватлаб турамиз. Олға, ўзбегим ўғлонлари! Шояд, сизларнинг муваффақиятингиз олимпиячи акаларингизга ҳам қанот бўлса...

Исроил РАҲИМОВ.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 19:09, 30.05.2015.
Ўқилди: 7044 марта.
Фикрлар: 19 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.