Ўзи ишлаб чиққан регламентдан ташқари яна янги қоидаларни футболимизга татбиқ қилишни хуш кўрадиган Ўзбекистон Профессионал футбол Лигаси янги бир қоидани жорий қилди. Унга кўра бундан буён чемпионат баҳсларида қизил карточка билан жазоланган футболчиларнинг лицензияси ҳакамлар томонидан олиб қўйилади.
Футболчининг майдонга тушишига руҳсат берувчи мазкур лицензия ҳар доим клубда бўлади. Мураббийлар ҳар бир учрашувдан олдин ушбу ҳужжатни ҳакамлар бригадасига кўрсатиши керак. Эндиликда футболчи қизил карточка олса ҳакамлар ўша футболчининг лицензиясини клубдан олиб ПФЛга топширади. ПФЛ эса ўз навбатида футболчи жазо муддатини ўтаб бўлгач лицензияни клубга яна қайтариб беради.
Катта эҳтимол билан ушбу қоида ПФЛ клубларнинг манфаатини ўйлагани учун жорий қилинган. Сабаби авваллари футболчи учрашувда қизил картока олса ПФЛ футболчига нечта ўйинда майдонга тушиш таъқиқланганини салкам икки ҳафтадан кейин маълум қиларди.
Табиийки клублар жазо муддати эълон қилинавермагач футболчини майдонга туширвориб, кейин бунинг учун жазо олишга мажбур бўлишарди. Қабул қилинган янги қоида айнан ушбу ҳолатга чек қўяди.