Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Нимчорак финалнинг нимпорлоқ қуёши ёхуд олий лиганинг сояда қолган тури

Баҳо:
+ | -

Муҳтарам мухлис! Сизнинг фикрингиз қандай билмадик, аммо бизнингча, Равшан Ҳайдаров шогирдлари учун фижилик ёшлар умид чироқларини ёқишди. Ҳарқалай, ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи дастлабки туридан сўнг ўзбекистонлик кўплаб мухлислар нимчорак финалдан умид узишганди...

Ҳақиқатдан ҳам, гуруҳ босқичининг биринчи туридан кейин вазият ўта қалтис тус олди. Чунки ўзбекистонлик ёшлар асосий рақиб саналган гондураслик тенгқурларидан енгилишди. Фижилик тенгдошларини хоккейча ҳисобда енгишган немис ёшларига Равшан Ҳайдаров шогирд-ларининг жиддий қаршилик кўрсата олишлари эса тасаввурга сиғмасди. Айни шу тасаввур мантиққа мос эканлиги кейинчалик ўз исботини топди. Бироқ бошқа бир тахмин - тасаввур ўзини оқламади. Гап шундаки, дастлабки тур натижаларини билгач, кўпчилик Гондурас ёшлар термасининг «жажжи» давлатнинг «жижи» футболчиларини йирик ҳисобда мағлубиятга учратиши ва вакилларимиз юртимизга «музқаймоқ ялаб» қайтиб келишлари хусусида сўзлай бошлади. Фақатгина жуда озчилик Равшан Ҳайдаров жамоасининг 3-ўринни эгаллаб, мўъжиза туфайли нимчорак финалга йўл олиши мумкинлиги тўғрисида ҳадиксираб-ҳадиксираб мулоҳаза билдирди. Айни мана шундай мавҳум ва изтиробли паллада Янги Зеландия осмонида кутилмаган ва мўъжизакор чақмоқ чақди. Ё қудратингдан! Фижилик шоввозлар Гондурас ёшлар терма жамоасини йирик ҳисобда таслим қилишди. Одамнинг ишонгиси келмайди, лекин фактлар ўжар бўлади. Тўғриси, бундай акс ҳисоб ҳақида ҳеч ким ўйлаб кўрмаганди. Ўйлаш учун арзирли асос ҳам йўқ эди. Ахир аксарият мухлислар Фижи номининг ўзига энди-энди кўникишди. Қолаверса, биринчи турдаги 1:8 ҳисоби «Фижи футболи ҳаваскорлик даражасида» қабилида тасаввур уйғотди. Қарангки, тасаввур тулпорининг тизгини ҳар доим инсон қўлида бўлавермас экан. Фижи термаси «сенсация»си, очиғи, мамлакатимиз футбол мухлисларини гарангситиб қўйди. Улар «сенсация»дан суюниб-суюнишолмади, хафа бўлиб хафа бўлишолмади. Суюнмайлик дейишса, фижилик шоввозлар Равшан Ҳайдаров шогирдлари учун нимчорак финал йўлини очишди. Ранжимайлик дейишса, вакилларимиз амалга оширолмаган ишни, яъни гондураслик ёш футболчиларни йирик ҳисобда енгиш вазифасини камтарин Фижи термаси қойилмақом даражада уддалади.

Кутилмаганлик, барибир, кишини ўйга толдиради. Боз устига, гондураслик ёшлар германиялик тенгдошларидан ҳам йирик ҳисобда мағлубиятга учрашди. Агар шу мантиқ - натижани чувалаштирсак, у ҳолда фижилик ёшларнинг 2-турдаги ғалабалари эмас, балки Равшан Ҳайдаров шогирдларининг 1-турдаги мағлубиятлари «сенсация»дек туюлади. Факт шуки, вакилларимиз стартда аслида жуда кучсиз жамоага ютқазиб, 3-турда кучсиз жамоа устидан ғалаба қозонишди. Кўкрак кериб қувониб бўлмайдиган ҳолат, тўғрими? Олимпиячиларимизга қирғизистонлик тенгдошлари кўмаклашиб юборишганида ҳам шундай ғалати туйғуни бошдан кечиргандик. Бу сафаргиси ундан кам эмас. «Нотаниш» жамоа «сенсация»си мамлакатимиз футбол муҳитига жон бағишлади ва барча-барча Фижи, Гондурас ва Ўзбекистон ёшлар термалари тўплар нисбатидаги минус ҳолат миқдорини ҳисоблашга тушди. Тўғри, қувонмадик, лекин минус ҳолатнинг энг яхши ижобий миқдори ҳақида ўйладик, шундай ҳисоб-китоб юритишдан уялмадик. Уялмаймиз, азизлар, уялмайлик! Ахир аввал ким эдик, бугун ким бўлдик?! Бундан чорак аср муқаддам биров «Ўзбекистонлик ёшлар жаҳон чемпионатининг нимчорак финалида тўп суришади», деса ким ишонарди?! Ҳеч ким! Мана, бугун яна бир марта ҳеч ким ишонмайдиган буюк ҳодисанинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Йўқ, биз футбол борасидаги «феномен» тараққиёт сабаб, Равшан Ҳайдаров шогирдлари нимчорак финалга чиқишди, деб ўйламаймиз. Назаримизда, нимчорак финал йўлланмасининг чорак қисмидагина Равшан Ҳайдаров шогирдларининг хизматлари яширин. Бу йўлланманинг чорак улуши фижилик, яна бир чорак улуши эса германиялик ёш футболчиларга тааллуқли. Негаки, айнан ўшалар гондураслик тенгдошларини енгиб, биз учун енгиллик туғдиришди. Чорак улушларнинг энг залворлиси эса, озод ва мустақил юртнинг, фидойи мухлисларнинг ҳақидир! Худди шу буюк ҳақдорлик ҳурматидан Яратган Равшан Ҳайдаров шогирдларини қўллаб-қувватламоқда. Футболимиз мутасаддилари, Равшан Ҳайдаров ва унинг шогирдлари билишмайдики, фидоий мухлислар наинки, улар учун қайғуришди, балки 3-турдан аввал улуғ авлиёлар қабрини зиёрат қилишди ва ёш футболчиларимиз ғалабасини Ўзидан сўрашди. Яширишнинг ҳожати йўқ: бу воқеани эшитиб донг қотиб қолдик. Ўтган шанба оқшоми ЕЧЛ финалини кутиб ўтирар эканмиз, бир гуруҳ ёш мухлисларнинг шу хатти-ҳаракатлари хусусида мулоҳаза юритдик.

Пешқўрғонликлар бундай кезларда жуда бошқача бўлиб кетишади. Укамиз Ҳасанбой ҳам ҳовлисидаги сўри-кроватга каттакон мониторли телевизор ўрнатибди. Ака-укалар жам бўлдик. Кечки соат 10ларда узоқ-яқин қўшнилар ташриф буюришди. Муҳокама қизигандан қизиди. Эҳтимол, ишонмассиз, лекин врач Нодиржон Холмирзаев ҳовлига кириб келдию, шундай деди: «Ўртоқлар! «Навбаҳор» «Бухоро»ни 3:1га ютди. «Барселона» ҳам шундай ҳисобда ғалаба қозонади!» Орага сукунат чўкди. «Ювентус»га тарафкашлик қилаётган «Реал» мухлисларининг ранглари ўзгарди ва «Қайдан биласиз?!» дея Нодиржонга савол «бўрон»ини ёғдиришди. У эса сархуш жилмайганча «Мен биламан!» - деди ва яна қўшиб қўйди. «Эртага эрталаб ёшларимиз ҳам ютишади!» Шу сўзлар сабаб, ўртадаги ноқулайлик йўқолди ва давра яна бирлашди, суҳбат мавзуси Равшан Ҳайдаров шогирдлари иштирокидаги бўлажак учрашувга кўчди...

РФИнинг эндиликда собиқ президенти Николай Толстихга ишончсизлик билдирилганидан сўнг вице-президент Никита Симонян сўзга чиқиб, камчиликларидан қатъий назар, уни «Футбол одами», деб атади. Кейин йиғилиш иштирокчилари Николай Толстихни «футбол одами» сифатида олқишлашди. Фикримизча, миллионлар ўйинига дахлдор инсонлар учун энг улуғвор мартаба «футбол одами» бўлишдир. Қанча гап-сўзларга қарамай, Йозеф Блаттер ва Мишель Платини том маънодаги футбол одамидирлар. Шу нуқтаи назардан қаралса, фижилик ёшларнинг ҳар бири жаҳон чемпионатини «футбол одами» бўлиб якунлади. Нимчорак финал чегарасига ҳатлаган ёш футболчиларимизни ҳам шу мартаба билан сийласак арзийди. Дастлабки икки мағлубиятдан сўнг уларни ландовурлар сафига қўшиб қўйганлар ҳам топилди орамизда. Хайриятки, ҳаммаси ўз изига тушди. Умуман олганда, вакилларимиз 3-турда қандай рақиб бўлишидан қатъий назар, уни енга олишарди. Шунча тайёргарлик самарасиз кетиши мантиққа зид, ахир. Қолаверса, кетма-кет мағлубиятлар ғалабани етаклаб келиши муқаррар. Демоқчимизки, энди нимчорак финалдан ҳам ижобий натижа кутишга ҳақлимиз. Рақиб - Европанинг ўртамиёна жамоаларидан бири. Австрия ёшлар терма жамоаси билан вакилларимиз тенгма-тенг ўйнашга қодирлар. Бу ўринда ижобий натижа учун мураббий кўпроқ масъулдир. Ҳозирга келиб маълум бўлмоқдаки, вакилларимиз 1-турда руҳий мувозанатнинг бузилганлиги боис, ўйин аввалидаёқ хатога йўл қўйишди. Нимчорак финалда руҳий жиҳатдан кучли жамоа ғалабага эришади. Чунки юқорида айтганимиздек, ўйин борасида рақибларнинг имкониятлари деярли тенг.

Олий лиганинг ЕЧЛ финали ва Янги Зеландияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионати баҳслари соясида қолиб кетган 12-турига алоқадор мулоҳазалардан ўзимизни тийдик. Зеро, сояда қолган ўйинлар мухлисларимизни ҳам ўйлантирмаслиги аниқ...

Муҳаммад ВАЛИ

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 19:08, 10.06.2015.
Ўқилди: 5053 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.