Осиё футбол конфедерацияси (AFC) бош котиби, малайзиялик мутахассис Алекс Сусэй мансабини тарк этди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайти орқали маълум қилинди.
Май ойида Сусэй ташкилотнинг молиявий маълумотларини яширишда айбланиб, ишдан вақтинчалик четлаштирилди. Эндиликда у бутунлай истеъфога чиқарилди.
AFC’нинг собиқ президенти, қатарлик Муҳаммад бин Ҳаммам ушбу лавозимга сайланишда овозларни сотиб олганликда айбланиб ФИФАдан бутунлай четлаштирилган эди. 2012 йили Сусэй бин Ҳаммамнинг молиявий фаолиятидаги нуқсонларни беркитишда айбланганди.
“AFC Сусэйга ташкилот структурасидаги 20 йиллик фаолияти давомида Осиё футболига содиқ қолгани учун миннатдорчилик билдиради ва келажакда унга муваффақият тилаб қолади”, – дейилади ташкилот баёнотида.
Бош котиб ваколатини янги сайловларга қадар Сусэйнинг ўринбосари Виндзор Жон бажариб туради.