Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

"Ювенутс" етакчиларни сақлаб қолиши шарт!

Баҳо:
+ | -

«Ювентус» мавсум-2014|2015-да муносиб иштирок этди. Туринликлар Италия чемпионати ва кубогида ҳеч қандай муаммосиз ғолиб чиқишди. Энг асосийси, клуб узоқ танаффусдан сўнг ЧЛ финалига чиқди. Энди «бьянконерлар»нинг ҳозирдан келажак ҳақида қайғураётганлари ўз-ўзидан тушунарли. Жамоа бош директори Беппе Моратта La Gazetta dello Sport нашрига берган интервьюсида асосан трансферлар бўйича фикр юритди. Sovsport.ru сайти эса, унинг ҳар бир футболчи хусусида айтган сўзларини келтириш баробарида уларга қисқача изоҳ ҳам берди.

Тевес ҳақида

- Биз Карлитоснинг таркибимизда қолишини истаймиз. Яқин орада у билан алоҳида учрашиб, барчасини обдон муҳокама қиламиз. Шубҳасиз, Тевес чинакам профессионал ва биз шунга яраша, унга алоҳида ҳурмат кўрсатишимиз керак. Ҳозир тўп Карлоснинг оёғида ва келажаги кўп жиҳатдан ўзига боғлиқ. Биз эса кутамиз.

Изоҳ. Карлос Тевеснинг ўзи жонажон ватани - Аргентинага қайтиб, «Бока Хуниорс» сафини тўлдиришни ўйламоқда. Аслида унинг «Юве» билан шартномаси 2016 йилнинг ёзида ниҳоясига етади. Бироқ Аргентина клуби ҳужумчини жорий ёздаёқ ўз таркибида кўрмоқчи ва бунинг учун туринликларга 5 млн. евро тўлашга тайёр.

 

Погва ва Видаль ҳаҚида

- Мақсадимиз тайин - нафақат Италия, балки Европада ҳам ўз позициямиз - мавқемизни мустаҳкамлашни истаймиз. Бунинг учун кўп нарсага эришиб улгурган жамоамизни янада кучайтиришимиз шарт. Қисқаси, барқарорликни сақлаб қолиш, жамоа салоҳиятини янада ошириш учун таркиб ўзагини бузмаслик талаб этилади. Айниқса, етакчиларни йўқотмаслик лозим.

Изоҳ. Бундан 2-3 ҳафта илгари Франциянинг L~Equipe нашри «Погба нав­батдаги мавсумни «Реал» ёки «Барселона»да бошлайди. Бу клублар футболчи учун 80 млн. евро тўлашга розилар», - дея хабар тарқатди. La Gazetta dello Sport эса, Погбанинг «Юве» раҳбарларига Туринда қолиш ҳақида сўз берганини ёзди. Француз ярим ҳимоячисининг «кекса синьора» билан тузган шартномаси 2019 йилнинг ёзигача амалда бўлади, аслида. «Юве» ҳозирда қўшимча моддий маблағга эҳтиёж сезмаётгандир. Ахир клуб ЧЛдаги муваффақиятли иштирок ортидан яхшигина маблағ олади.

Чили ОАВда эса, Артуро Видалнинг шахсий агенти - Фернандо Феличевичга «Юве» раҳбарияти билан 2021 йилгача мўлжалланадиган янги келишув шартларини муҳокама этиш вазифасини топширгани ҳақида хабар берилди. Унинг амалдаги шартномаси муддати 2017 йили тугайди. Шунингдек, турли нашрларда «МЮ», «Арсенал» ва «Ливерпуль» клубларининг Видалга жиддий қизиқишаётгани таъкидланяпти.

 

Дибала ҳаҚида

- Ҳа, бизнинг қизиқишимиз доирасига тушган футболчилар бор, улардан бири айнан Дибала. Бироқ «Палермо» президенти Зампарини билан ҳали тўлиқ келишиб олганимизча йўқ. Музокаралар давом этяпти, лекин аниқ гап айтиш қийин.

Изоҳ. Аргентиналик ҳужумчи Пауло Дибала бир оёғи эмас, икки оёғи билан «Ювентус»да. Ҳарқалай, «Палермо» мураббийи Жузеппе Якини журналистлар билан суҳбатда барчасини рўй-рост  айтди-қўйди: «Дибала - «Ювентус» футболчиси». Паулонинг ўзи янада аниқроқ гапирди: «Ювентус» мен учун бежиз шунча пул сарфламаганини тўла исботламоқчиман». Апеннин ОАВда айтилишича, аргентиналик тўпурар «Ювентус»да тиббий кўрикдан ўтишга ҳам улгурган. Кўринишидан, Моратта шунчаки, барчасини бирданига ошкор қилишни истамаяпти, чоғи. Олдинроқ Италия матбуоти «Юве»нинг бу футболчи учун 30 млн. евро тўлашга тайёрлигини маълум қилганди. Шунингдек, 8 млн. миқдорида бонус борлиги, яна «Юве»нинг қайсидир вакили «Палермо»га ижара асосида йўл олиши айтилганди. Энди Мората-Дибала боғлами Италия футболида энг тезкор тандемга айланиши мумкин. Қолаверса, салоҳиятли испан ҳужумчиси ҳозир 22 ёшда, унинг аргентиналик амплуадоши эса 21 ёшни қаршилади. Тевес ўз юртига қайтмаса, айнан шу ёш ҳужумчилар ортида ҳаракатланса керак. Айтганча, шу уч ҳужумчи «А» сериясининг охирги мавсумида биргаликда 41та гол уриб, яна 24тасига ҳаммуаллифлик қилди. Дибаланинг ўзи эса «Гол}пас» тизимида 25 очко тўплади (13та гол ва 12та «пас»).

 

Хедира ва Нето ҳаҚида

- Хедира юқори савияли футболчи. Яхши томони, унинг «Реал» билан тузган шартномаси муддати тугаяпти. «Фиорентина» дарвозабони Нето ҳақида ҳам худди шу гапларни айтишим мумкин. Бу масалада барчасини чуқур ўрганиб чиқиш керак.

Изоҳ. Андреа Пирлонинг хорижга кетиши эҳтимоли бор. Бундай ҳолатда «Ювентус» таянч позицияси учун кучли футболчига эҳтиёж сезади. Хедира яхши вариантдек кўринмоқда, ахир у эркин агент мақомини олди. Энг қизиғи, Андреа Пирло ҳам «Юве» таркибига айнан эркин агент сифатида қўшилганди (2011 йили).

«Фиорентина»нинг 25 ёшли голкипери Нето ҳозир 25 ёшда ва у «А» серияси ўйинларида чакки таассурот қолдиргани йўқ. Жанлуижи Буффон ҳам, унинг ўринбосари Марко Сторари ҳам фахрий ёшда - 37. Жижи 2018 йилги ЖЧда иштирок этишни ўйлаётган бўлса, Сторарининг келажаги ҳақида бир гап айтиш мушкул. Эҳтимол, унинг Туриндаги тақдири Нетонинг трансфер масаласига боғлиқдир. Айтганча, бразилиялик посбон қишда «Фиорентина» билан ёзда ўз кучини йўқотадиган шартномаси муддатини узайтиришни истамаганди. Энг қизиғи, ўшанда флоренцияликлар моҳир дарвозабонни бир неча тур давомида захирада ушлаб тургандилар.

 

Заза ва Берарди ҳаҚида

- Заза ҳам, Берарди ҳам анча ёш бўлишларига қарамай, ёрқин ўйин кўрсатишяпти. Биз улар учун курашишга тайёрмиз, аммо аввало, «Сассуоло» билан келишиш лозимлигини ҳам яхши тушунамиз.

Изоҳ. Заза 23 ёшда, Берарди эса энди 20 ёшни қаршилади. Биринчиси - марказий ҳужумчи, иккинчиси - қанот ҳужумчиси. «Сассуоло» «А» сериясида 12-ўринни эгаллади, икки ҳужумчи эса биргаликда нақ 26та гол ҳосил қилди. Умуман, ушбу футболчиларнинг трансфер ҳуқуқлари «Сассуоло»нинг ўзида эмас. Яъни 50 фоиз ҳуқуқ айнан «Ювентус»га тегишли. Аммо туринликлар уларнинг ўз таркибларида кўришни исташса, ҳар бири учун камида 15 млн. евро тўлашлари лозим бўлади. Ўртадаги келишув шартлари шундай. Буни «Сассуоло» спорт директори Нерео Бонато ошкор қилди. «Юве» учун ушбу ҳужумчиларни биринчи бўлиб сотиб олиш ҳуқуқини ўзида сақлаш шарти билан уларни «Сассуоло»да қолдириш идеал вариантдек кўринмоқда. Зеро, Дибала Туринга йўл олди ва энди Тевес жамоада қолса, унда ҳар иккисига ҳам эҳтиёж сезилмайди. Бордию, Карлос кетишни ихтиёр этса, унда Доменико Берардининг ёзда «Ювентус»га ўтиши эҳтимоли анча ошади. Ҳарқалай, у Симоне Зазага нисбатан анча серқирра футболчи. Шу ўринда Берардининг ўзи «Сассуоло»да қолишни исташини маълум қилганини ҳам айтиш жоиз.

 P.S.: Пауло Дибала ва Сами Хедира расман «Ювентус» аъзосига айланишди. Умуман, трансферларга боғлиқ хабарлар ҳар куни янгиланяпти. Шундай экан, юқорида тилга олинган футболчилар ҳақида айтилган гаплар ва берилган изоҳлар бир кундаёқ ўз аҳамиятини йўқотиши ҳеч гап эмас.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 19:42, 23.06.2015.
Ўқилди: 4208 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.