Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ўзгаришлар...

Баҳо:
+ | -1

Ўтган ҳафта ЎФФ ҳамда “Терма жамоалар маркази” шундай қарорлар қабул қилдики, бу кенг жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлгани рост. Хусусан, миллий терма жамоамизнинг бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг исътефога чиқиши-ю, ўрнига Самвел Бабаяннинг келиши, ҳеч устозга ёлчимаётган олимпиячиларимиз муҳим паллада яна янги “ота”га эга бўлиши, хуллас, ўзгаришлар... Бу ёғи нима бўлишини вақт кўрсатади.

Аввало шуни айтмоқчиманки, шахсан мен Самвел Бабаян учун хурсандман. Сабаби, бир пайтлар клуб доирасида маъмур сифатида ишлаган бу инсон миллий терма жамоа бош мураббийи даражасигача кўтарилди. Буни ҳақиқий ўсиш дейиш мумкин. Бунақаси ҳар доим бўлавермайди. Бу футболчиларимизга ҳам ибрат бўлиши керак. Ўз устида тинмай ишлаган инсон барибир бир кун ўз меҳнатларининг самарасини кўради.

“Терма жамоалар маркази” амалга оширган бу ўзгаришлар албатта терма жамоаларимиз олдига қўйилган олий вазифаларни бажаришлари учун амалга оширилгани айни ҳақиқат. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Хўш, буни бажарса бўладими, ўзи?! Келинг, қуйида шу ҳақида сўз юритайликчи. Албатта, инсон бажарган ишни инсон амалга ошира олади. Устига-устак, Ўзбекистон иқтидорларга бой, фақат ишни тўғри йўлга қўйилиши лозим. Шундай экан, нега ўзбек футболининг сўнмас юлдузи Миржалол Қосимов бу вазифани бажара олмади? Ёки навбатдаги уринишини ҳам омадсиз бошлади? Энг ёмони, хунук натижадан кейин истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Аслида Миржалол Қўшоқовични истеъфога чиққани ва айниқса, ўз аризасига кўра ишдан бўшагани учун у кишидан хурсандман. Ҳа, фақат тўғри маънода хурсанд бўлдим. Боиси, вазият шу даражага етиб келганига анча бўлганди. Футболчилик даврида етарлича обрўга эга бўлган инсон мураббий бўлиб, айниқса, миллий терма жамоаси устози сифатида сезиларли даражада ҳурматини йўқотиб қўйганди. Шунинг учун ҳам у терма жамоадан кетиши керак эди. Аслида аввалги саралашда муваффақиятсизликка учраганимиздан кейин истеъфога сўраган мураббийни яна ўз постида олиб қолишдан мантиқ йўқ эди. Шу ерда ЎФФнинг ўзи нотўғри йўл тутди. Чунки вазифани бажара олмай, катта босим остида қолиб кетган ва ишдан бироз хафсаласи сўнган мутахассисни яна ишда олиб қолишнинг ўзи бир мантиқсизлик. Тўғри, Қосимов ҳаммасини унутиб яна енг шимариб иш бошлади, бироқ бундай ҳолатда ниманидир ўзгартириб юбориш қийин. Биз Миржалол Қўшоқовични мураббий сифатида камситмоқчи эмасмиз, аммо у ҳозирги ҳолатда бундан ортиғига қодир эмас. Шуни тўғри тушуниш керак. Қолаверса, футболимизнинг эскирган тизими билан нимагадир эришиш анча мушкул вазифа саналади. Шундан келиб чиқиб, энди нима ўзгаради, деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Ҳамма, аниқроғи, ишқибозлар Қосимовнинг истеъфога чиқишини, унинг ўрнини хорижлик мутахассис эгаллашини кутиб турган бир вазиятда “Пахтакор”ни ўтган йили чемпионлик сари етаклаб келган Самвел Бабаян бошқарувни ўз қўлига олди. Очиғи, бунақа бўлишини очиғи ҳим ким кутмагади. Қосимовни истеъфога чиқишини кутганимиз рост, бироқ унинг ўрнини олий лигада ишлайдиган мураббий эгаллашини тахмин ҳам қилмагандик. Боиси, юртимизда миллий терма жамоамизни мундиалга олиб чиқадиган мураббийни борлигига ишониш қийин, гарчи у ўзи бошқарган клубларни кўп марта чемпионлик сари етаклаб келган бўлса-да?! Яна бир гап: ҳозир хориждан мураббий олиб келганимизда ҳам бирданига нимагадир эришиш мушкул, унинг бизга берадиган бизга фойдаси шу бўладики, кўпни кўрган легионерларимиздан тўғри фойдаланиб, натижага эришиши мумкин, аммо бу ҳам бир эҳтимоллик назарияси. Бир нарсани тўғри тушуниш керак. Ўзбек футболининг тизими анчагина эскирган ва буни тўғри йўлга қўймагунимизда мундиалда қатнашишга тайёр бўла олмаймиз. ЎФФ президенти ҳар доим терма жамоа аввало жаҳон чемпионатига чиқишга лойиқ бўлиши керак, мундиалга чиқиб, шунчаки иштирок этмаслиги лозим, деган маънодага гапларни айтади. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам шундай. Биз бунга тайёр эмасмиз. Битта мағлубиятдан кейин мураббий алмаштирилдики, лекин тизим ҳақида ўйланмасдан мундиални чиқишни орзу қиляпмиз. Аслида Миржалол Қосимов биринчи марта истеъфо сўраганида уни ишдан бўшатиш, ўшанда хориждан мураббий олиб келиб, ишни тўғри йўлга қўйишимиз керак эди. Ҳозир 2018 йилги жаҳон чемпионатини эмас, 2022 йилги мундиални ўйлаган маъқул. Бунинг учун юртимизда болалар футболидан тортиб, биринчи ва олий лигани кучайтириш керак. Акс ҳолда 2022 йилги мундиалдан ҳам қуруқ қолишимиз ҳеч гап эмас. Ҳа, Самвел Бабаян клубда нималарга қодирлигини кўрсатди, ёш таркиб билан ҳам чемпионликни нишонлади, бироқ бу миллий терма жамоа. Олий лигада чемпион ёки вице-чемпион бўлган футболчилар билан жаҳон чемпионатига чиқиш шунчаки иш эмас. Қолаверса, охирги йилларда олий лига қандай мусобақага айланиб қолганини барча билади, буни ҳеч ким инкор қила олмайди. 2015 йилдан олий лига анча тартибга келиб қолгани ҳам футболимизнинг ютуқларидан бири бўлиб турибди. Аслида чемпионатимизни сал эртароқ, яъни, 2013 йилда тартибга солганимизда Россиядаги мундиал ҳақида Миржалол Қосимов билан ҳам боришни ўйлайверсак бўлаверарди. 

Бабаяннинг асосий ютуғи шуки, у клубдаги ишларни тўғри йўлга қўйди. Аниқроғи, битта тўғри тизим ишлаб чиқди. Бунга кўп йиллар керак бўлган бўлса-да, барча танқидларга кўз юмиб ишлади ва натижага эришди. Мураббийликни қўл остидаги ёрдамчилари бажараверди. У ёрдамчиларини шундай шароит яратиб бердики, улардан шунчаки, ишлаш талаб қилинарди. Натижа ўз-ўзидан бўлаверарди. Буни миллий терма жамоада ҳам йўлга қўйиш мумкин, фақат бош мураббийнинг ваколати жуда кенг бўлиши керак. Яъни, олий лига мураббийлари Самвел Бабаянга тўлиқ бўйсунишлари, ўз миллий терма жамоа манфаатидан келиб чиққан ҳолда иш тутиши лозим. Шунда ҳам 2018ни эмас, 2022ни ўйлайган ҳолда ишлаган маъқул. КХДРга ютқазиб қўйганимиздан кейин кўпчилик гуруҳдан чиқа олмасликни ўйлаяпти. Йўқ, катта эҳтимол билан бу гуруҳдан чиқамиз. Чунки корейсларга руҳий тайёргарлик жойида бўлмагани учун ютқаздик. Аниқроғи, ғалабага ҳаддан ташқари ишониб юборганимиз ва натижада ҳимоя ҳамда дарвозада жуда қўпол хатоларга йўл қўйганимиз мағлубиятимизга замин яратди. Тошкентдаги жавоб баҳсида ғалаба қозонишимизга ва қолган ўйинларда ҳам ютишимизга ишонаман. Яъни, бу гуруҳдан кейинги босқичга чиқамиз. Аммо ҳал қилувчи ўйинлар келганида яна оқсашимиз рост ва ҳаммаси эски ҳаммом, эски тослигига қолади. Аввалгидек, бир қадам қолганида озгина етмай қолди, дея ўзимизни овутиб юраверамиз. Энг ёмони, шундай ҳолатда бизда ҳеч нарса ўзгармайди. Катта эҳтимол билан бош мураббий ишдан олиниши мумкин, аммо Қосимовда бўлгани каби сўнгги паллада мундиалдан қуруқ қолган Бабаян ҳам истеъфо сўраса ишдан бўшатилмайди. Шунинг учун гарчи ўзбек футболи минусга кетсада, шу босқичдаёқ тўхтаганимиз маъқул. Шундагина Мираброр Усмонов янада жиддий қарорлар қабул қилиб, футболимизни тартибга соларди. Болалар футболидаги кўз бўямачиликлардан тортиб, асосий чемпионатларимизда юз берадиган олди-сотди иштирокчилари ҳам жазоланарди. Фақат шундагина нимагадир эришишимиз мумкин, акс ҳолда 2022 йилги мундиал ҳам биз учун орзу бўлиб қолаверади. 

Олимпия терма жамоамизга Виктор Жалилов бош мураббий этиб тайинланганига очиғи, аввалига умуман тушунмадим ва ҳайрон бўлдим. Гарчи Виктор Романович ўз вақтида кучли мутахассис бўлган бўлса-да, ҳозир давр бошқа, иш бошқа, замон бошқа. Боз устига, олий лигада жамоалар қандай чемпион бўлаётганини юқорида изоҳлаб ўтдик. Аммо кейинроқ маълум бўлишича, Самвел Бабаян нафақат миллий терма жамоага, балки олимпия термасига ҳам масъул экан. Табиийки, Самвел Вячеславович иккала терма жамоа мураббийлари штабига ҳам ўзи истаган мутахассисларни жалб қилади. Аслида натижага у жавобгар экан, бизга ким ишлашини фарқи йўқ. Асосийси, олимпиячиларимиз Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, Рио йўлланмасини қўлга киритишса, бизга шунинг ўзи етарли бўлади. Мени бироз бўлса-да, хурсанд қилган жиҳат шу бўлдики, Бабаян бошиданоқ тизимни ўзи тузиб чиқмоқда. Яъни, келажакда олимпиячилар миллий терма жамоа асосини ташкил қилар экан, демак, шундай бўлиши керак. Бир вақтлар Вадим Абрамов шундай тизимни йўлга қўйганди, аммо сўнгги паллада олимпиячиларимиз муваффақиятсизликка учраган, унинг ортидан миллий терма жамоа ҳам ютқазган, оқибатда Абрамов истеъфога чиқишга мажбур бўлганди. Вадим Карленовичдан фарқли равишда, Бабаянинг ютуғи шуки, барча терма жамоаларимизнинг асосини “Пахтакор” академияси тарбияланувчилари ташкил қилади. Табиийки, улар билан қандай ишлашни Вячеславович жуда яхши билади. Айтганча, бу иккала мутахассисда ҳам Миржалол Қосимовдан фарқли равишда бир хил хислат бор. Нима хоҳлаётган бўлса, ўшани бажаришга ёрдам беришмаса ҳам ўзи бир амаллаб мақсадига етишни истайди. Шунинг натижаси ўлароқ кўп нарсага эришишади. Аниқроғи, ташкилотчилик қобилияти анчагина юқори. Бундай вазиятда қўл остида мураббийлар салоҳиятли бўлса, кифоя, нимагадир эришиш мумкин. Самвел Бабаянга кўпроқ ваколат бериладиган бўлса, миллий терма жамоа манфаати йўлида нималардир қилиши эҳтимоли бор. Хусусан, керак бўлса, битта футболчи тарбиялаб берасан, деган талаб қўйсин. Чунки барча клубларимизнинг асл мақсади миллий терма жамоа. Шунчаки, бу бизда ҳозирча биринчи ўринга чиқаётгани йўқ. Бабаян олий лигадаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда енг шимариб ишласа, нимагадир эришишимиз мумкин. Аслида бош мураббий шундай бўлиши керак. 

Тез орада миллий терма жамоа мураббийлари штабида хорижлик мутахассис иш бошлаши яхши ҳолат. Ҳар ҳолда уни футболимизга бироз бўлса-да, фойдаси тегиши мумкин. Қолаверса, замон билан ҳамнафас юришни ёқтирадиган Бабаянга ҳам бу яхши ёрдам бўлиши аниқ. Терма жамоани “ушлаб” турган легионерларимизнинг очилмаган қирраларини айнан хорижлик мутахассис очиб берса не ажаб?! Чунки бу легионерларимиз билан нимагадир эришсак бўлади. Лекин барибир хоҳлаймизми-йўқми, олий лиганинг аҳволини ҳам тўғирлашимиз керак. Бунинг учун айтганимиздек, миллий терма жамоа бош мураббийига кўпроқ ваколат берилиши лозим ва ўз-ўзидан у ҳам сидқидилдан ишлаши шарт! 

Хуллас, бу ўзгаришлар қандай самара беришини навбати билан кўриб олаверамиз. Бу ёғига мухлисларга сабр тилаймиз. 

Фурқатбек НИШОНОВ

Манба: www.arena.uz
Киритилди: 14:04, 01.07.2015.
Ўқилди: 10369 марта.
Фикрлар: 35 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.