Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Абдураҳмон Фозилов: «Мухлислар клуби Бабаянни қўллаб-қувватлайди»

Баҳо:
+1 | -2

Ўзбекистон терма жамоасида рўй берган ўзгаришлар ҳақида гапирмаган одам қолмади. Бу борада миллий жамоамизнинг Мухлислар клуби фикри ҳам аҳамият касб этиши турган гап. Шу сабаб ўлароқ, клуб раиси Абдураҳмон Фозилов билан алоҳида суҳбат ташкил қилдик. Интервью мавзуси табиийки, терма жамоа ва унинг атрофидаги ҳолатларни қамраб олди.

- Абдураҳмон ака, Ўзбекис­тон миллий жамоасидаги ўзгаришлар ҳақида қандай фикр билдирасиз?

- Ижобий! Чунки ҳар қандай ўзгариш айнан яхши мақсадни кўзлаб амалга оширилади. Аммо бу борада гапиришдан олдин собиқ бош мураббий Миржалол Қосимов ҳақида илиқ фикр билдириб ўтмоқчиман. Шахсан ўзим Мухлислар клуби раиси сифатида Миржалол Қўшоқовичнинг терма жамоа бошқарувида олиб борган ишини ижобий баҳолайман. Ўзингиз ўйланг, биз ҳали ҳеч қачон мундиалга бу қадар яқин келмаган эдик. Жаҳон чемпионатига чиқишимизга биттагина гол етмай қолди. Бунақаси ҳали бўлмаган. Масалан, нариги гуруҳда Австралия терма жамоаси биздан кам очко жамғариб Бразилияга йўл олди. Демак, бизга ЖЧ шунчаки, насиб қилмаган экан. Ўзбекистон миллий жамоасининг бу қадар кўтарилишида Миржалол Қосимовнинг хизматлари катта. Биз - Мухлислар клуби аъзолари Миржалол акага раҳмат айтамиз ва Самвел Бабаяндан бунданда яхшироқ натижа кутиб қоламиз.

- Мухлис сифатида Бабаяндан қандай ўйин кутмоқдасиз?

- Ўзбекистон миллий жамоасида сўнгги вақтларда фаолият олиб борган маҳаллий мураббийлар ҳар доим ўз ишларига сидқидилдан ёндашдилар. Рауф Инилеев ақлли футболни йўлга қўйганди. Вадим Абрамов эса ҳужумкор футболни ёқлади. Миржалол Қосимов учун ишончли футбол биринчи ўринда тургани сабабли, ҳимоя мустаҳкамланди. Истардик-ки Самвел Бабаян мана шу уч мураббийнинг услуб ва ғояларини омухталаштириб, янгича ўйин татбиқ этса. Биз терма жамоадан ҳар доим шиддатли ўйин ва ишончли ғалаба кутганмиз. Ишонамизки, Бабаян бошчилигида шундай ўйин кўрамиз.

- Ўзбекистон термаси Мухлислар клубининг келгуси режалари қандай?

- Жуда оддий. Терма жамоа қаерда ўйнамасин, уни қўллаб-қувватлаймиз. Мана, яқинда Янги Зеландияда ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Афсуски, бу мусобақага ёлғиз ўзим боришимга тўғри келди. Чунки Ўзбекистон ёшлар термаси ўз ўйинларини ўтказиши лозим бўлган Крайстчерч шаҳрида яқинда табиий офат бўлган ва унинг асоратлари ҳамон сақланиб турган экан. Шу сабабли, Янги Зеландия футбол федерация­сига қилган мурожаатимизга жавобан расмий хат келди ва мусобақа мезбонлари мухлислар учун етарли шароит яратиб беролмасликларини маълум қилдилар. Оқибатда ёлғиз ўзим бордим. Аммо шунга қарамай, у ерда маҳаллий ишқибозлардан гуруҳ тузиб, жамоамизни имкон қадар қўллашга ҳаракат қилдим. Стадионда ҳар доим байроғимиз ҳилпираб турди. Бунинг самараси ўлароқ, мусобақани ташкил қилишда иштирок этишган ФИФА ходимларидан илиқ фикрлар эшитдик. «Ҳали ҳеч бир мамлакат мухлислари ўз терма жамоаларини бу қадар қўллашмаган. Биз қаерда бўлмайлик, дун­ё­нинг исталган нуқтасида Ўзбекистон терма жамоаси мухлисларини кўрганмиз. Қойил қолса арзийди, Европа ёки Америкадан ишқибозлар келмасликлари мумкин, аммо ўзбекистонлик мухлисларни ҳамма жойда учратасиз», - дейишди улар. Демоқчиманки, Ўзбекистон терма жамоаси Мухлислар клуби бундан кейин ҳам футболчиларимизни талаб даражасида қўллаб-қувватлашда давом этади.

- Яхши биламиз, маълум вақт муқаддам Мухлислар клуби ичида ҳам бўлиниш кузатилганди. «Пахтакор» ва «Бунёдкор» тарафдорлари ўртасида ўзаро ихтилоф мавжуд бўлиб, айниқса, Миржалол Қосимов терма жамоа бошқарувига тайинлангач, «пахтакорчилар» ичида унга қарши чиққанлар учраган. Энди МТЖни Самвел Бабаян қўлга олди, «бунёдкорчилар» ичидан ҳам шундай мухлислар чиқмайдими?

- Йўқ, асло. Ўзбекистон терма жамоаси Мухлислар клуби тўлиғича ва батамом Самвел Бабаянни қўллаб-қувватлайди! Сиз айтган бўлинишга келсак, бу ҳолат аллақачон барҳам топган. Тўғри, беш қўл баробар эмас ва баъзилар Миржалол Қосимов ҳамда терма жамоага қарши турли фисқу-фасод тарқатган бўлишлари мумкин. Аммо бундайлар кўп эмас, нари борса 10-15 нафар. «Пахтакор»нинг ва ўзбек футболининг асл мухлислари эса, терма жамоани астойдил қўллаб-қувватладилар ва бундайлар саноқсиз. Шахсан ўзим уларнинг кўпларини биламан ва ҳурмат қиламан.

Клубимизда қандайдир муаммо туғилмайди, бунга ишонаман. Вақтида ўзим «Бунёдкор» Мухлислар клубини бошқарганман. Ҳозирда бу ишни укамиз Шавкат Имомов олиб бормоқда. Мухлислар клубидаги ҳар бир инсонни яхши биламан. Улар Ўзбекистон миллий жамоасига астойдил қайғуришади. Хуллас, ихтилофлар даври аллақачон ўтиб кетди ва ҳозир Мухлислар клуби яхлит куч сифатида бирлашган. Нафақат биз - мухлислар, балки барча - журналист­лар, мураббийлар ва мутахассислар ҳам терма жамоа атрофида бирлашишлари лозим, деб ўйлайман. Ҳаммамиз Самвел Бабаянга ёрдам беришимиз шарт. Фақат шундагина муваффақият қозонишимиз мумкин, деб ўйлайман.

"ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 03:44, 02.07.2015.
Ўқилди: 7193 марта.
Фикрлар: 49 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.