Днепропетровскнинг “Днепр” клубининг собиқ ҳимоячиси, ўзбекистонлик футболчи Виталий Денисов 2018 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон терма жамоаси сафида Шимолий Кореяга таршифи борасидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
“Шимолий Корея ҳақиқатда жуда антиқа давлат. Келишинг биланоқ, ҳамма нарсангни олиб қўйишади. Телефонларни дарҳол топширишни сўрашди. Мен уйга соғ-омон етиб келганимни айтиш учун оддий телефондан қўнғироқ қилдим. Уйимнинг телефон рақамидан бошқа телефон рақамларни ёддан билмасдим. Ҳамма рақамлар уяли телефонимга ёзилган. Карахт ҳолга тушиб қолдим.
Мутлақ ёпиқ мамлакат. Биз йигитлар билан кечаси сайр қилгани чиққанимизда мактаб ўқувчилари кўча чироқлари тагида туриб китоб мутолаа қилаётганларини кўрдик. Ёки улар шу тариқа уйларидаги чироқни тежайдилар, ёки қандайдир дружиначилар бўлсалар керак.
Ўйинга келганимизда, у ерда барча томошабинлар бир хил кийим кийиб олганларини кўрдик! Кўк рангдаги сектор, сўнгра кулранг, ундан кейин қора рангдаги сектор. Биз тўпга эгалик қилганимизда стадионда қабристондек жимжит бўлиб қоларди. Кореяликлар тўпни олишлари билан шовқин, олқишлар, чаппаклар янграрди. Бу қандайдир янги тажрибами билмадиму, бироқ менга стадионда қўшиқ айтиб, қандайдир муносабат билдирилиши қўнглимга яқинроқ. Бу ерда эса югурасан ва “Нима ўртоқлик учрашуви бўляптими? Ундай эмас шекилли, одамлар ўтирибдию” деб ўйлаб қоласан”, деб ўз таассуротлари билан ўртоқлашди Денисов.
Эслатиб ўтамиз, ўша учрашувда ўзбекистонлик футболчилар 4:2 ҳисобида имкониятни бой бердилар ва бу мағлубият Миржалол Қосимовнинг терма жамоа бош мураббийи лавозимини тарк этишига олиб келди.