Маълумки, “Локомотив” ёшлари мавсумнинг биринчи ярмини кўтаринки руҳда ўтказа олишмади. Руслан Аҳмедхонов ваКонстантин Кузнецов шогирдлари биринчи даврани 15-ўринда тугатишди. Футболчиларимиз Ёшлар биринчилиги мусобақасида 15та ўйин ўтказиб, шундан учтасида ғалаба қозонишди, тўрт бор дуранг ўйнаб, саккизта беллашувда мағлубиятга учрашди. Жамоа рақиблар дарвозасига 14та тўп киритиб, ўз дарвозасидан 30та гол ўтказиб юборди, деб хабар беради клуб расмий сайти.
Табиийки бу кўрсаткич клуб раҳбариятини умуман қониқтиргани йўқ. Йиғилишда сўз олган “Локомотив” ПФК Бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов, Спорт директори Равшан Муқимов, Жамоа бошлиғи Қобил Юнусов ҳамда ўринбосарлар бош мураббийи Руслан Аҳмедхонов бир овоздан натижалар жуда қониқарсиз бўлганини маълум қилишди.
Т.Акрамов: – Ўринбосарларимизнинг биринчи даврадаги иштироки умуман қониқарсиз бўлди. 15-ўринда юриш бу “Локомотив” учун уят дегани. Жамоа биринчи даврада бор-йўғи учта ўйинда ғалаба қозонди. Ҳамма шароит бўла туриб ёшларимизнинг пастки ўринда юриши жуда ачинарли ҳолат. Аввалги йиғилишда айтгандим: ким ўзини кўрсатса четга юборамиз деб. Мана, дарвозабон Рустам Нортожиев билан ҳимоячи Сергей Прохоров ўзларини кўрсата олишди. Энди бу икки футболчимиз августда олти ой маҳорат ошириш учун Англияга кетади. Бу гап ҳаммага тааллуқли бўлиши керак. Ким яхши ўйнаса, клубимиз раҳбарияти ҳар доим футболчининг четга кетиши учун қўлдан келганча ёрдам беради.
Р.Аҳмедхонов: – Афсуски, таркибимиздаги ўйинчилар икки тоифага бўлиниб қолишган. “Локомотив”да тўп тепишни астойдил хоҳлаётганлар ва шунчаки вақт ўтказиб юрганлар. Мана шундай муҳит сабаб биринчи даврдада ўзимизни кўрсата олмадик. Иккинчи давра бошлангунча Тошкент вилоятида йиғин ўтказамиз. Йиғин давомида ким ўзини кўрсата олмаса, жамоадан ҳайдаймиз ёки бўлмаса иккинчи лигага жўнатамиз.
Р.Муқимов: – Ҳаммаси футболчининг ўзига боғлиқ. Ким яхши ўйнаб кетса, жамоада қолади. Мураббий нимани талаб қилса, футболчи шуни бажариши керак. Бундан буён ҳар бир мураббий ўзи учун журнал тутади ва машғулотга ким келгани-ю, ким келмагани, ким кеч қолгани тўғрисида ўзига белгилаб боради ва раҳбариятга маълум қилади.
Қ.Юнусов: – Мен ёшларимизнинг барча ўйинларини кўрдим. Шуни айтишим мумкин, 90 фоиз учрашувларда футболчилар кўзида шижоат, иштиёқ кўринмади. Жамоада олдинга қадам ташлаш кузатилмади. Натижада охирги ўринга тушиб кетдик. Футболчилардан ярқ этиб порлаган ўйинчи сифатида ҳеч кимни алоҳида кўрсата олмайман.
Учрашув давомида “Локомотив” ўринбосарларидан Азиз Тўхтаматов, Хумоюн Абдуалимов, Жаҳонгир Сакиев, Орифхўжа Абдухолиқов, Тимур Мифтахутдинов, Ислом Исмоилов каби футболчиларга йиғин пайтида яна бир марта имконият берилиши, агар шунда ҳам ўзларини кўрсата олишмаса жамоадан кетиши айтиб ўтилди. Шунингдек, жамоа сардори Тимур Усмоновга ҳам жиддий эътирозлар билдирилди.
Ёшларимизнинг иккинчи даврага тайёргарлиги пойтахт вилоятидаги “Дўстлик” стадионида олиб борилади. Йиғин давомида 4-5та назорат баҳси ташкил қилинади. Бундан ташқари, 21 июль куни футболчилар “Футбол-Мед”да тиббий кўрикдан ўтишади.
“Локомотив” ПФК матбуот хизмати.