Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Рой Рок: «Футбол бу – бизнес!»

Баҳо:
+ | -

Қаршининг «Насаф» клуби Ўзбекистон кубоги-2015нинг ярим финал йўлланмасини деярли қўлга киритиб бўлди. Воҳаликлар чорак финалнинг жавоб учрашувидан сўнг буни амалда расмийлаштириб олсалар бўлгани. Рўзиқул Бердиев шогирдлари Тошкентда биринчи лига вакили «Пахтакор-2» жамоасига қарши кечган чорак финалнинг илк баҳсида йирик - 6:0 ҳисобида зафар қучишди. Захирада ўз навбатини кутиб ўтирган футболчиларни тушириш мумкин бўлган ўйинда «Насаф» устози таваккалга қўл урмади. Зеро, клуб олдига аниқ вазифа - Ўзбекистон кубогини қўлга киритиш қўйилган. Буни ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Бердиевнинг ўзи ҳам тасдиқлади. Биз учрашув якунланганидан кейин «Насаф»нинг етакчи ўйинчиларидан бири Рой Рок билан суҳбатлашдик. Таъкидлаш жоизки, жароҳатидан аста-секин фориғ бўлаётган словениялик ҳимоячи «Пахтакор-2»га қарши кечган ўйинда майдонда бир бўлим ҳаракат қилди.

- Рой, авваламбор, бугунги йирик ҳисобдаги ғалаба билан табриклайман. Ярим финал чиптасини деярли қўлга киритдинглар...

- Табрик учун раҳмат. Бу даражада йирик ҳисобда ғалаба қозонамиз, деб шахсан мен ўйламагандим. Тўғри, рақиб жамоа биринчи лига аъзоси ҳисобланади. Лекин шу ёш футболчилардан иборат клуб нимчорак финалда «Бухоро» майдонидан йирик ҳисобдаги ғалаба билан қайтганди. Буни ҳам унутмаслик керак. Мураббийларимиз ҳам таркиб танлашда ортиқча таваккалга йўл қўйишмади. Бир-икки нафар ёш футболчиларимизни айтмаса, деярли асосий таркиб майдонга туширилди. Бугунги ғалабадан хурсандмиз.

- Олий лигамизда биринчи давра баҳслари ҳам ўз якунига етди. Хулосаларингиз қандай бўлди?

- Энг аламлиси, Осиё Чемпионлар Лигаси баҳс­ларидан эрта чиқиб кетганимиз бўлди. ОЧЛда олдимизга юқори мақсадларни қўйгандик. Афсуски, бу сафарги уринишимиз кутилган натижани бермади. Олий лига доирасидаги учрашувларни эса нисбатан олганда яхши ўтказяпмиз. Бундан ҳам яхши кўрсаткичларга эга бўлишимиз, турнир жадвалида юқорироқда туришимиз ҳам мумкин эди. Лекин уйда «Металлург», Наманганда эса «Навбаҳор» жамоаларига қарши кечган учрашувларда жуда ҳам қимматли очколарни бой бериб қўйдик. Тан олиш керак, «Пахтакор»га кучимиз етмади. Боз устига, тезкор гол ҳам бизни қийин аҳволга солиб қўйди. Энди иккинчи даврада йўқотилган очколарнинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қиламиз. Жамоамиз жуда аҳил, ички муҳит аъло даражада. Стадионга келиб қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимиз ҳақида ҳам фақат илиқ фикрларни билдириш мумкин. Майдоннинг ҳолати ҳам жуда яхши. Биздан фақат ижобий натижа кўрсатиш қоляпти, холос.

- ОЧЛда гуруҳдан чиқиш учун нима етишмади?

- Менимча, омад бўлса керак. Тажриба десам, таркибимизда бундай футболчилар етарли. Миллий терма жамоада ўйнаган йигитлар бор. Шунчаки, гуруҳ босқичининг дастлабки учта учрашувида яхши натижа қайд эта олмадик. Баъзи футболчиларимиз бундай нуфузли ўйинларда илк бор майдонга тушишди. Қолаверса, ўйин амалиёти бироз камроқ эди. Гуруҳнинг сўнгги учта ўйинида эса жуда яхши футбол намойиш этдик. Бу ўйин билан гуруҳдан чиқа олмаслик яхши иш бўлмади. Айниқса, Дубайнинг «Ал-Аҳли» клубига қарши кечган Қаршидаги учрашувда ҳакамлар тоза голимизни инобатга олишмади. Акс ҳолда, ҳозир ОЧЛ бош мукофоти учун курашни давом эттираётган бўлармидик? Менимча, ўша ҳолат ҳал қилувчи вазият бўлиб хизмат қилди.

- Гуруҳнинг сўнгги ўйинида исталган ҳисобда ғалаба қозонганингларда, «плей-офф»га чиқар эдинглар...

- Айнан шу ҳолат жуда ҳам аламли бўлди-да! Начора, поезд кетиб бўлди. Энди афсус чекишдан фойда йўқ. Ҳозир бор эътиборни иккинчи давра баҳс­ларига қаратиш лозим.

- Юртимизда жуда иссиқ ҳаво ҳарорати ҳукм сурмоқда. Европалик футболчи эканлигингизни инобатга олсак, бундай иқлим шароитига кўникиб қолдингизми?

- Чидаса бўлади. Иссиқ ҳароратга кўникиб кетдим. Ўтган йили Қозоғистон чемпионатида ўйнагандим. У ерда ҳам деярли шундай иқлим ҳукмрон. Ёзда жуда иссиқ бўлади. Шу боис, иқлимга мослашиш менга қийинчилик туғдирмади.

- Жароҳатдан кейинги тикланиш жараёни қандай кетяпти?

- Аввалги спорт формамни тиклаб олиш учун астойдил ҳаракат қиляпман. Кичик жароҳат маълум муддат ўйин амалиётисиз қолдирди. Жамоадошларимга ёрдам бера олмадим. Ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман.

- Биз Қозоғистонда ўйнаб келган футболчиларга бу саволни кўп берамиз: қайси чемпионат кучлироқ?

- Иккала мамлакат ички чемпионатларининг ўзига яраша кучли томонлари бор. Масалан, Қозоғистонда жисмоний тайёргарликка катта эътибор қаратилади. Ўзбекистонда эса аксинча, техника биринчи ўринда туради. Қозоқ клублари кучли легионерларни харид қила бошлашди. Шу кунларда Украина терма жамоаси сардори Анатолий Тимошук «Қайрат» клуби билан шартнома имзолаши керак (якшанба куни расман имзолади, - муаллиф). Бундай машҳур футболчиларнинг Қозоғистонга келишлари мамлакат футболини янада юксалтиради. Уларни кўриш учун стадионга кўплаб мухлислар ташриф буюришади. Чипта кўпроқ сотилганидан ке­йин жамоа ғазнасига шунга яраша пул келиб тушади. Ҳаммаси бир-бирига боғлиқ жараён. Футбол бу - бизнес!

- Ҳозир клуб базасида яшаяпсизми ёки алоҳида квартира беришдими?

- Йўқ, Қаршидаги жамоа базасида яшаяпман. У ерда барча шароитлар яратилган. Ўзимни худди уйимдагидек ҳис қиляпман.

- Таққослаб кўрсак, маошни қаерда кўпроқ тўлашяпти?

- Мен ўйнаган клублар билан таққослаганда катта фарқ йўқ. «Астана», «Қайрат», «Актобе» каби жамоалар эса бошқаларга қараганда футболчиларга ва айниқса, легионерларга кўпроқ пул тўлашади.

- Словения ва Ўзбекистон чемпионатлари орасидаги тафовут қандай экан? Фарқ сезиларлими?

- Деярли фарқ қилмайди. Бизларда ҳам, сизларда асосан техникага асосланган футбол ўйнашади. Фақат Словенияда кўпроқ тажовузкор футболга гувоҳ бўласиз.  Энди барибир Европа ва Осиё футболи орасида фарқ бор ва бу ҳолат яққол кўзга ташланади.

- Давралар оралиғида жамоа таркибида ўзгаришлар бўладими? Клубда бу ҳақда гап-сўзлар қулоғингизга чалинмадими?

- Бу мавзуда бирор нарса дея олмайман. Катта ўзгаришлар бўлмаса керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам олдимизга қўйилган максимал вазифалар ўз кучида қолади.

- Иккинчи даврадан нималарни кутяпсиз?

- Чемпионлик учун кураш авжига чиқиши табиий. Олтин медаль учун кураш олиб бораётган жамоаларнинг энди очко йўқотишга ҳақлари йўқ. Ҳар бир йўқотилган очко энди иккитага, қўлга киритиладигани эса олтитага ўтади. Шу боис, мухлислар иккинчи даврадаги ўйинлардан асло зерикиб қолишмайди.

- Режаларингиз қандай? Жамоада яна камида бир йилга қолиш истаги борми?

- Бу ҳақда мавсум якунида гаплашсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳозир бу борада тайинли бир нарса дея олмайман. Лекин шуни айтишим мумкинки, бу ерда ўзимни яхши ҳис қиляпман. Жамоамизнинг натижаси яхши бўлса, юқори ўринларни олсак, балки яна бир йил «Насаф» шарафини ҳимоя қиларман. Такрор айтаман, бу масалага мавсум якунида клуб раҳбарияти билан ойдинлик киритамиз. Ҳаммаси мавсумни қандай натижа билан якунлашимизга боғлиқ.

- Шу ўринда футболдаги илк қадамлар, мураббийларингиз, тўп сурган клубларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз...

- 7 ёшимдан футбол ўйнашни бошлаганман. Биринчи клубим «Марибор» бўлган. Айнан шу жамоага қарашли футбол мактабида миллионлар ўйини сир-асрорларини ўрганганман. Илк мураббийим Херберт Кланчник бўлган. У менга отадек бўлиб қолганди. Ушбу мутахассисдан кўп нарса ўргандим. Нафақат, футбол ўйнаш, балки ҳаётда қандай инсон бўлиш, майдонда ўзини қандай тутиш каби хислатларни ҳам илк устозим менга уқтирганди. 18 ёшга тўлганимдан кейин «Марибор» билан профессионал тарзда илк шартномамни имзолаганман. Аммо, бу жамоада жуда кам ўйин амалиётига эга бўлдим. «Марибор» Словения чемпиони сифатида Чемпионлар Лигасида ўйнарди. Шу боис, мен каби ёш футболчилар таркибга кўпам киритилмасдик. Шу сабабли, клубни алмаштиришимга тўғри келди. Бир йил мобайнида Австрияда ўйнадим. Кейин яна Словенияга қайтдим ва «Олимпия» жамоаси билан шартнома имзоладим. Бир йилдан сўнг «Рудар» клубига кўчиб ўтдим. Шундан сўнг икки йил Голландияда тўп сурдим. Ўзбекистонга келгунимга қадар эса Қозоғистон чемпионатида ўйнадим. Бир пайтлар Ўзбекистон жамоаларида тўп сурган Олег Собиров телефон қилиб, «Насаф»дан таклиф бўлаётганини айтди. Қаршига келиб, ўз кўзим билан яратилган шароитлар, футбол инфратузилмаси билан танишганимдан сўнг таклифга ижобий жавоб бердим. Қолаверса, «Насаф»нинг ОЧЛда иштирок этиши ҳам трансферимда муҳим роль ўйнади. Туркиядаги йиғиндан сўнг жамоа билан расман шартнома имзоладим.

- Орзунгиз Словения миллий терма жамоасида ўйнаш бўлса керак?

- Албатта. Словения ёшлар терма жамоасида ўйнаганман. Миллий терма жамоа либосида майдонга тушишни эса орзу қиламан. Бугунги кунда терма жамоамизнинг аксарият футболчилари Европанинг кўзга кўринган клубларида ўйнашяпти. Терма жамоада рақобат жуда ҳам кучли.  

- Оилангиз ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

- Уйланганман. Дарвоқе, «Насаф»дан тушган таклифни қабул қилишимни биринчи бўлиб рафиқам маслаҳат берган. Бу ердаги шароитлар унга ҳам маъқул келган. У айнан шу клуб билан профессионал фаолиятимдаги илк совринларни қўлга киритишимни айтганди.

- Янги жамоадошларингиз билан тезда тил топишиб кетдингизми?

- Ҳа, биз аҳил бир жамоамиз. Юқорида айтдим, жамоамизда ички муҳит аъло даражада. Ҳамма бир киши учун, бир киши ҳамма учун шиорига амал қиламиз. Фаррух Сайфиев, Мақсуд Каримов каби жамоадошларим билан жуда қалин дўстмиз. Футболдан ташқари бўш вақтимизни ҳам биргаликда ўтказишга ҳаракат қиламиз. 

- Халқаро майдонда қайси жамоага мухлислик қиласиз?

- «Барселона» жамоасининг ишқибозиман. Хосеп Гвардиоланинг иш услубини ҳурмат қиламан. Ўз вақтида Пепнинг майдондаги ўйинларидан завқ олардим. Гвардиола «Бавария»да ишлаётгани боис, бу йилги ЕЧЛ ярим финалида қайси жамоага мухлислик қилишни билмай қолдим. Шунчаки, чиройли футболга мухлислик қилдим. Финалда эса шубҳасиз, «Барселона»га ишқибозлик қилдим. Жамоа ҳақиқатан ҳам бугунги кунда дунёнинг энг кучли клуби.

- Жаҳон футболида кумирларингиз борми?

- Патрис Эвра ва Дани Алвешнинг ўйин услублари менга жуда ёқади.

- Рўзиқул Бердиевнинг ўйин фалсафаси ҳақида нима дея оласиз?

- Рўзиқул ака ҳақида ижобий фикрдаман. Ёш мураббий бўлишига қарамай, жуда ҳам талабчан. Йигитлар билан худди ака-укалардек муносабатда бўлади. Ҳар бир футболчининг кўнглига йўл топа олади.

- Олдинда бир ойлик таътил бор. Уни қандай ўтказмоқчисиз?

- Олдинда Ўзбекистон кубоги чорак финалининг жавоб учрашуви бор. Кейин иккинчи давра баҳсларига тайёргарлик кўрамиз. Бўш вақтимни асосан базада ўтказаман. Бир марта Самарқанд шаҳрига бориб келдим. Оила аъзоларим билан интернет орқали мунтазам гаплашиб турибман.

- Тил масаласида муаммолар бўлмаяптими?

- Озгина рус тилида гапиришни биламан. Шунингдек, яхшигина тушунаман ҳам. Инглиз тилини эсдан чиқариб қўймаслик учун уйдагилар билан тез-тез гаплашиб турибмиз.

- Таомлар масаласида қийналмаяпсизми? Миллий таомларимиз оғирлик қилмаяптими?

- Йўқ, албатта. Миллий таомларга гап йўқ. Ҳар бир вилоятнинг ўзига яраша миллий таомлари бор экан. Менга кўпроқ ош ва сомса ёқди. 

Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 14:16, 14.07.2015.
Ўқилди: 6248 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.