Кириш Регистрация
01/06 19:30 Бунёдкор 0-3 Нефтчи
02/06 00:00 Боруссия Д 0-2 Реал Мадрид
02/06 19:00 Андижон - Пахтакор
02/06 19:30 Насаф - Локомотив
02/06 21:00 Аталанта - Фиорентина

Бобур Давлатов "Жетису"да кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлмоқчи

Баҳо:
+ | -

Шу пайтга қадар Россиянинг “Рубин” жамоаси сафида ўйнаб келаётган ўзбекистонлик ёш иқтидор эгаси Бобур Давлатов яқин олти ойни қўшни Қозоғистоннинг “Жетису” клубида ўтказади.

Боиси Қозон клуби ҳамюртимиз ва яна уч футболчисини қозоқ жамоасига декабрга қадар ижарага берди. Хўш, Бобур Давлатов нега “Жетису”га ўтди? Бундан кўзланган асосий мақсад нима? Бу ҳақда футболчи SPORTS.uzнинг жамоатчи мухбирига гапириб берди.

- Бобур, “Рубин”дан “Жетису”га ўтишингиз қандай амалга ошди?

- Барчаси кутилмаганда ва жуда тез бўлди. Қозон клуби ҳам, мен ҳам кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишимни истадик. Қозоқ жамоаси эса бундай имкониятни тақдим этишга тайёр эди. Шу сабабдан мазкур клуб тасарруфига келиб қўшилдим.

- Сиз энди “Жетису” сафида ижара асосида тўп сурасиз. Шундайми?

- Ҳа. Келишувга биноан декабрга қадар Толдиқўрғон жамоаси сафида ўйнайман. Шуни ҳам таъкидлашим жоизки, бу ерда ўзим ёлғиз эмасман. Мен билан бирга яна “Рубин”нинг ёшлар таркиби ва “Рубин-2”дан уч нафар шеригим бу ерга ижара асосида ўйнашга келишган. Насиб этса бу ерда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиб, ўз ўйинимизни шакллантириб оламиз ва ўсишга эришамиз.

- Демак, асосий мақсад кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш...

- Ҳа, шундай. Ўринбосарлар сафида ўйнагандан асосий жамоада кўпроқ майдонга тушиш фойдали, дея ҳисоблайман. Шу боисдан ушбу ўтишга розилик бердим. Олдимга қўяётган асосий мақсадим – имкон борича кўпроқ асосий таркибда майдонга чиқиш ва ўз ўйинимни кучайтириш. Умид қиламанки, “Жетису”да мунтазам ўйин амалиётига эга бўламан.

- Аллақачон дебют учрашувини ўтказишга ҳам улгурдингиз...

- Ҳа, кеча Қозоғистон премьер-лигаси 20-тур учрашуви доирасида “Ордабаси”га қарши баҳс ўтказилди. Ўйин тугашига 3 дақиқа қолганда мураббий менга ҳам майдонга тушиш имконини тақдим этди. Мен эса майдонга тушиб ўзимни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Тўғри, бу жуда оз фурсат. Аммо кейинги учрашувларда кўпроқ ўйнаш имконига эга бўламан, дея умид қиламан. Рақиб сафида Александр Гейнрихни кўрсам керак, деб ўйлагандим. Лекин у бу гал захирада қолдирилибди.

- Толдиқўрғон жамоасида сизни ва шерикларингизни қандай кутиб олишди?

- Бизни бу ерда жуда яхши кутиб олишди. Жамоадаги муҳит ажойиб даражада. Энди биздан ўзимизни кўрсатиш, мураббийлар штаби ишончини қозониш талаб этилади. Насиб этса, буни уддалаймиз ва кўпроқ катта футболдан баҳра олиш имконига эга бўламиз. Қозоғистондан ўйинимда ўсишга эришган ҳолда қайтмоқчиман!

- Сизга бу йўлда омад тилаймиз!

- Раҳмат!

BOBUR.jpg

Таъкидлаб ўтамиз, куни кеча Бобур Давлатов Толдиқўрғон клуби сафидаги дебютини ўтказишга ҳам улгурди. Яна бир ҳамюртимиз Александр Гейнрих тўп сурадиган “Ордабаси”га қарши кечган беллашувнинг сўнгги дақиқаларида майдонга туширилган Бобур ўзидан ёмон таассурот қолдиргани йўқ. Умид қиламизки, келажаги порлоқ дея эътироф этилаётган футболчимиз “Жетису” орқали катта ўсишга эришади. Унинг фалиятига омад тилаб қоламиз.

Диёрбек Хотамқулов суҳбатлашди, sports.uz

Киритилди: 14:56, 14.07.2015.
Ўқилди: 4029 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.