Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Мухлисларга алам қилганда

Баҳо:
+ | -

Бундан 21 йил муқаддам, аниқроғи, 1994 йилнинг 2 июлида дунё спортидаги энг мудҳиш воқеалардан бири рўй берди: футбол бўйича Колумбия терма жамоаси аъзоси Андрес Эскобар шахсий автомобилида ўққа тутилди. Бу суиқасдга оддийгина мухлис алами сабаб бўлганди. «Чемпионат.сом» портали шу муносабат билан ишқибозларнинг ҳиссиётларга берилишига боғлиқ ҳодисаларни ёдга олди. Улар орасида эса даҳшатлилари ҳам, кулгулилари ҳам, ҳатто, ғайритабиийлари ҳам топилади.

Автогол учун 12 ўқ

Эскобар агар тақдири шундай бўлишини билганида, ҳеч қачон терма жамоа сафида кўриниш бермасди. Чунки, унинг қисқа ҳаётида учраган сўнгги «ишқибоз» бечорага қарата тўппончадан 12 марта ўқ узди. қотил эса колумбиялик оддий қўриқчи, аммо ашаддий футбол ишқибози Умберто Муньос эди. Таъкидлаш лозим, суиқасддан 10 кун аввал АқШдаги ЖЧ-1994да иштирок этаётган колумбияликлар гуруҳ босқичининг ҳал қилувчи баҳсида мезбонларга мағлуб бўлишади. Эскобар эса ўйинда тасодифан ўз дарвозасини ишғол қилиб қўяди. Шундан сўнг колумбияликлар ўз ватанларига қайтишади. Омадсиз футболчи эса бир неча кун тушкун кайфиятда юргач, оқшом чоғи йўл устидаги кафега киради. У эндигина кафега яқинлашган пайтда Андресни бояги қўриқчи таниб қолади-да, анчагина маст бўлгани сабабли, ёнидан тўппончасини чиқариб,  барча ўқни бечора футболчининг танасига қадайди. Боз устига, ҳар гал тепкини босганида, «Гол!» деб қичқиради. Энг қизиғи, шунчалик ваҳшийларча қилинган суиқасд учун у атиги 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Бўялган спортчилар

Яхшиямки, бундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг ҳаммасида ҳам ўқотар қурол ишлатилавермайди. Жумладан, 2012 йилнинг октябрида Москванинг «Динамо» клуби мухлислари футболчилар ва мураббийларга ҳужум қилишади. Чунки, жамоа мавсумни жуда бўш бошлаганди. Шу сабабли ишқибозлар пейнтболда фойдаланиладиган ва бўёқ отишга мослаштирилган «милтиқ»лар билан қуролланиб, ўз севимлиларини турли ранглар билан «безашади». Албатта, бундай ҳужумдан кейин жабрдийдаларга айтарли зарар етмайди. Лекин «бўёқчилик»дан кўп ўтмай, жамоа футболчилари норози мухлислар билан учрашиб, кўплаб саволларга биргаликда жавоб топишади. Муҳими, ана шу учрашувдан кейин «Динамо»нинг натижалари турдан-турга яхшиланиб боради.

«Хавфли» сабзилар

2007 йилнинг апрелида Рим полицияси бўлимларининг бирида телефон жиринглайди. Лекин қўнғироқ қилган кимса кимлигини айтмай, шунгача кетма-кет бир неча ўйинларда очко йўқотган «Рома» клуби ўйингоҳига портловчи моддалар ўрнатилганини хабар қилади. Табиийки, маҳаллий полиция тезда футболчилар ва стадион ходимларини бинодан эвакуация қилишади ва у ерга сапёрлар гуруҳи чақирилади. Ҳарбийлар эса чиндан ҳам стадионда бир нечта шубҳали қоғоз қутиларни топишади. Лекин уларнинг ичида барча кутганидек, хавфли модда эмас, оддийгина сабзи ҳамда бир нечта тирик ўрдаклар бор эди, холос. Безори мухлис бу билан нима демоқчи бўлгани ҳалигача номаълумлигича қолмоқда.

Лаънатланган қурбақа

О, бу мухлислар... Улар ўзларига алам ўтказган рақиблар (ёхуд севимлилар)дан ўч олиш учун нималар қилишмайди?! Аммо ҳеч бир кимса бу борада Бразилиянинг камтарингина клуби бўлмиш «Андараи»нинг номи номаълум ишқибозига тенглаша олмайди. Аниқроқ айтсак, бу жамоа 1936 йилги чемпионат баҳсида таниқли «Васко да Гама»дан ўта йирик ҳисобда енгилгач, ўша кимса яширинча «Васко» ўйингоҳига кириб, чим остига лаънатланган қурбақани кўмиб қўяди. Бу жонсиз маҳлуқни кўмар экан, севимли жамоаси «Андараи»ни «Васко» нечта гол билан «сийлаган» бўлса, шунча йил совринсиз қолишини самодан илтижо қилади. Ҳайрон бўласиз, аммо бу расм-русум кутилган натижани берди - «Васко да Гама» навбатдаги совринни нақ 12 йил кутди.

ФожИага етаклаган ҳасад

2014 йилнинг май ойида бобслей бўйича икки карра Олимпия чемпиони Александр Зубков ғоят кутилмаган воқелик билан тўқнаш келди. Яъни, унинг муваффақиятлари ва омадини кўра олмаган икки нафар ён қўшниси қўлларига каттакон болға олиб, спортчига қарашли «Мерседес» автомобилини пачоклай бошлашди. Бу вақтда уйда бўлган спортчи шовқинни эшитиб ташқарига чиқди ва машинасини қутқаришга интилди. Минг афсуски, ичи қора қўшнилар маст ҳолатда унинг ўзига ҳам жароҳат етказишди. Ҳайриятки, спортчи жиддий шикастланмади. «Мерседес» ҳам тезда аввалги ҳолига қайтди. Ҳасадчилар эса қисқа муддатли қамоқхонасига ҳукм қилинди.

«Тоза»сидан нусха яхшироқ

Энди шу ҳолатнинг деярли акси билан танишинг: етти йил давомида Канаданинг «Оттава Сенаторз» клуби шарафини ҳимоя қилиб, жамоа билан кўплаб ютуқларга эришган Алексей Яшин вақт пойлаб туриб, «Оттава»нинг энг ашаддий рақобатчиси бўлган клуб сафига ўтиб кетади. Албатта, шундан сўнг россиялик хоккейчи пойтахт жамоаси мухлислари учун биринчи рақамли душман бўлди-қолди. Жамоа раҳбарлари эса вазиятдан фойдаланиб, клуб аренасининг кираверишига хужумчининг автомобили нусхасини ўрнатиб қўйишади. Машина ёнида эса бир қанча бейс­бол таёқлари бор эди. Хуллас, аренага келаётган ҳар бир аламзада ишқибоз аввал бечора «нусха»ни тўйгунича калтаклаб, кейин ўйинга кириш имконига эга бўлади. Антиқа ечим, шундай эмасми?

Сукунатдаги маросим

Баъзида эса спортчиларни «тузлаш» учун ишқибозлардан ҳеч нима талаб қилинмайди: улар шунчаки, жим туришса бўлгани. Масалан, хоккей бўйича Россия терма жамоаси яқиндагина бўлган ЖЧ-2015да финалгача етиб боришди. Бироқ улар кутилмаганда Канада термасидан шармандали ҳисобда мағлуб бўлди - 6:1. Албатта, кумуш медаллар ҳам чакки эмас, аслида. Бироқ рус хоккейчилари бу медаллар билан самолётдан тушишди-ю, уятдан ерга кириб кетишларига оз қолди. Чунки, уларни кутиб олиш учун аэропортга келган кўп сонли мухлислар спортчиларга ўткир назар солишдан бошқа ҳеч бир ишга қўл уришмади. Жуда қизиқ: одам кўп-у, шовқин йўқ. Каттакон аэропортда қабристондагидек сукунат. Бизнингча, спортчиларнинг ўрнида бўлишни ҳеч ким истамаса керак.

«Киберўч»нинг фойдаси

Интернет жуда кенг оммалашган бизнинг даврда «ижодкорлик»нинг ҳам тури роса кўпаймоқда. Жумладан, Омскнинг «Авангард» номли хоккей клуби мағлубиятлар гирдобига тушиб қолгач, номаълум кибер-қароқчилар жамоанинг «Википедия»сига ҳужум қилиб, баъзи «тузатишлар»ни амалга оширишди. Бу ўзгаришлардан кейин жамоа номи «Авангардочка» бўлиб қолди. Клуб майдони эса «Омскдаги ахлат қутиларнинг бири» деган «шараф»га лойиқ кўрилди. Жамоа етакчиси А. Фролов эса «Тўнка» лақабига муносиб кўрилди. Албатта, бир неча кундан сўнг «тузатиш»лар қайта тўғриланди. «Авангард» эса навбатдаги турдаёқ узоқ кутилган ғалабани тантана қилди.

 

Айбсиз айбдор

Интернетга боғлиқ машмашалардан бири 2012 йили Италияда, Пекин Олимпиадасида ғолиб бўлган енгил атлетикачи Алекс Шварц билан содир бўлган. Чунончи, у чемпионлик шоҳсупасига кўтарилганидан тўрт йил ўтгач, допинг истеъмолида айбланади ва унвондан маҳрум қилинади. Алекс ҳам терговлар чоғида кўп таранг қилмай, чиндан ҳам эритропоэтиндан фойдаланганини айтади. Энг қизиғи, ушбу воқеадан сўнг нафақат спортчи, балки унинг қайлиғи Каролин Костнер ҳам жазоланади. Ахир у бўлаётган воқеалар ҳақида вақтида тегишли жойларга мурожаат қилмаган-да! Мухлисларга эса бу ҳам камлик қилди: улар Шварцнинг шахсий сайтини бузиб кириб, у ерда гиёҳвандлик яхшиликка олиб келмаслиги ҳақида битик қолдиришди.

Тенниснинг «қиёмат»и

Бутун дунёга таниқли теннисчи Рожер Федерернинг ишқибозлари саёрамизнинг исталган нуқтасида топилади. Лекин улар орасида ақлдан озган кимсалар ҳам йўқ эмас экан. Ана шундайлардан бири 2012 йили Федерерга мактуб йўллаб, уни деб гаровда ютқазганини, энди бунинг учун ўч олмоқчи эканини айтади. Унинг мақсади эса Шанхайдаги турнирда аввал Федерернинг ҳаётига нуқта қўйиб, кейин бутун дунё теннисини тугатиш экан. Лекин бу қора ният амалга ошмади: Рожер турнирни тинчгина якунлади. Дунё тенниси эса ўз йўлида давом этди.                                                                           

 Аббосбек  тайёрлади, "ИнтерСПОРТ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 19:11, 15.07.2015.
Ўқилди: 4469 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.