6 йил мобайнида «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилган тажрибали ҳимоячи Боян Миладинович айни пайт Малайзиянинг «Фельда Юнайтед» клубида тўп сурмоқда. Унинг жамоаси 13та турдан сўнг 21 очко билан турнир жадвалининг 5-поғонасини эгаллаб турибди. «Фельда» пешқадам - «Паханг Куантан» клубидан 6 очко ортда қолмоқда. Биз 14-тур доирасида «Симе Дарби» клубига қарши кечадиган ўйин олдидан Боян билан боғланиб, қисқача интервью олдик.
- Боян, салом. Сиз билан 6 ойча муқаддам суҳбатлашгандик. Ўтган вақт мобайнида қандай янгиликлар бўлди?
- Ҳаммаси жойида. Ҳозир Малайзия чемпионати ўзининг айни қизғин палласида. Чемпионлик учун курашаётган жамоаларнинг хато қилишга ҳаққилари йўқ. Ҳар бир йўқотиладиган очко қимматга тушиши аниқ. Шу жумладан, биз ҳам биринчи даврада бой берилган очколар ўрнини тўлдиришга уриняпмиз. Мавсум якунланишига 9 тур қолган бир пайт карвонбошидан 6 очко ортда қоляпмиз. Бу унчалик катта фарқ эмас.
- Жамоа олдига қандай мақсад қўйилган?
- Максимал вазифа - чемпионлик. Шахсан мен ҳамон Малайзия чемпиони бўлишдан умидворман. Камида совринли ўринлардан бирини эгаллашимиз керак. Айтганча, кейинги турда чемпионат аутсайдерини қабул қиламиз.
- Малайзияда ўйнаётган собиқ жамоадошларингиз - Фарҳод Тожиев ва Садриддин Абдуллаев билан гаплашиб турибсизми? Уларда қандай янгиликлар бор?
- Албатта. Фарҳод ва Садриддин Малайзия 1-лигасида «Т-Тим» клубида ўйнашяпти. Уларнинг жамоалари пешқадам бўлиб турибди. Тожиев 12та ўйинда 14та гол уришга муваффақ бўлди. У 1-лига тўпурари. Садриддин ҳам жуда яхши ўйин намойиш этяпти. Ҳар икки футболчи мураббийларда фақат илиқ таассурот қолдирмоқда. Буни матбуот ҳам эътироф этяпти. «Т-Тим» клуби олий лигага чиқишга жуда яқин турибди. Келаси мавсум улар билан тез-тез кўришиб турсак, ажабмас.
- Яқинда маълум муддат мамлакатимизда фаолият юритган Дэвид Ониянинг вафоти ҳақида эшитдик. Бу ҳақда нима дея оласиз?
- Билишимча, унинг юрагида муаммолари бор экан. Ҳатто Ўзбекистон чемпионатида ўйнаб юрган кезлари ҳам хасталиги хуруж қилган экан.
- У билан сўнгги бор қачон кўришган эдингиз?
- Бир ойча олдин кўришиб, гаплашгандик. Жуда хушчақчақ йигит эди.
- Бош мураббий билан муносабатларингиз яхшими?
- «Фельда»ни маҳаллий мураббий бошқаради. Жуда тажрибали ва билими кучли мутахассис. У билан тезда чиқишиб кетдим.
- «Пахтакор»даги дўстларингиз билан ҳам гаплашиб турибсизми?
- Албатта. Уларни биринчи давра чемпионлиги билан табриклашга ҳам улгурдим. Ярим мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказишди. Иккинчи даврада ҳам шу суръатни сақлаб қолиб, чемпионлик унвонини муносиб ҳимоя қилишларига ишонаман. Дарвоқе, яқинда Ўзбекистон терма жамоасига бош мураббий этиб та-йинланган Самвел Бабаянни ҳам табрикладим. Тажрибали мутахассиснинг терма жамоада ҳам улкан муваффақиятларга эришишига тилакдошман.
"ИнтерФУТБОЛ" газетаси