Теннис бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда бўлиб ўтган Жанубий Кореяга қарши ўйинда ғалаба қозонди ва Девис кубогининг жаҳон лигасига ўтиш турнирида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Хабарингиз бор, дастлабки икки кун натижаларига кўра теннисчиларимиз 2:1 ҳисобида олдинда боришаётган эди. Бугун эрталаб бўлиб ўтган дастлабки баҳсда Денис Истомин кореяликларнинг биринчи рақамли спортчиси Хёнг Чунгни мағлуб этди. Аниқроғи, дастлабки сетда ҳамюртимизнинг қўли баланд келган бўлса (6-1), иккинчи сет бошида рақиб теннисчиси жароҳат боис ўйинни давом эттира олмади.
Тўқнашув тақдири ҳал бўлгани боис бешинчи ўйинда Ўзбекистон шарафини Темур Исмоилов ҳимоя қилди. У Жанубий Кореянинг иккинчи рақамли теннисчиси Сеонг Чанг Хонгга қарши ўйинда 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Натижада Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги тўқнашув 3-2 ҳисобида вакилларимизнинг фойдасига ҳал бўлди. Жамоамиз кузда жаҳон лигасига ўтиш мусобақасида иштирок этади. Теннисчиларимизнинг рақиби қуръа натижасида аниқ бўлади.