Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Қизиқарли чемпионат ғаройиботлари ёки бор айб "Нефтчи"дами?

Баҳо:
+ | -

Ўтган ҳафта «Нефтчи» клуби Ўзбекистон профессионал футбол лигасига бутун бошли баёнот билан чиқди. Вазият ҳақидаги тасаввурларимиз аниқроқ бўлиши учун қуйи-да фарғоналикларнинг расмий баёнотини қандай бўлса, шундайлигича келтириб ўтсак. Эътибор беринг, ушбу эътироз «Нефтчи» клубига тегишли fcneftchi.uz расмий сайтида келтириб ўтилганки, бунга албатта яна тўхталамиз.

«НЕФТЧИ» ИСЁНИ

«Футболда, худди ҳаётдаги сингари кутилмаган воқеалар тез-тез учраб туради. Айниқса, бизнинг миллий чемпионатда. Асосан ҳакамлар билан боғлиқ ақл бовар қилмас воқеалар сўнгги пайтда кўпайиб бормоқда.   Ҳақиқат излаб, ҳакамлар устидан  ПФЛга мурожаат қилсангиз, ўзингизни айбдор қилиб чиқаришади. ПФЛнинг Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши қарори ҳам қайсидир маънода,  «Нефт­чи»ни «айбсиз-айбдор»га айлантириб қўйди.

Аслида Ўзбекистон чемпионатининг биринчи давраси сўнгги учрашувида Навоийда бўлиб ўтган  ўйин­нинг 27-дақиқасида «Нефтчи» томонидан  урилган гол ҳақиқий экани оммавий футбол сайтлари ва жамоатчилик томонидан ҳам тасдиқланган эди. Лекин «Нефтчи»нинг бу масаладаги аризаси фойдасиз бўлди. Бундай воқеалардан кейин, ҳар хил хаёлларга бориш мумкин. Балким, «Нефтчи»нинг орадан  вақт ўтиб, яна етакчилар қаторида юриши кимларгадир ёқмаяпти шекилли, жамоа аъзолари бирин - кетин ПФЛнинг Тартиб-интизом қўмитаси томонидан четлатиб келинмоқда. Маълумки, Андижондаги ўша аламли  воқеадан кейин жамоа бош мураббийи иккинчи давранинг сўнгги учрашувларидан четлатилган эди. Оқибатда Мурод Исмоилов мавсумнинг энг муҳим уч ўйинини трибунадан томоша қилишига тўғри келди. Мана энди иккинчи давранинг 2-3та учрашувида клуб раиси Тоҳир Кападзе ва жамоа етакчиси М.Саидов иштирок эта олишмайди. Бу эса жамоа ўйинига таъсир қилмай қолмайди. Нима бўлганда ҳам ҳаммаси яхши бўлишига умид қилиб қоламиз», - дейилади клуб томонидан берилган баёнотда.

 

ПФЛ ҚАРОРИ

Келинг, шу ўринда энди ПФЛ Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши қарори билан ҳам танишиб ўтсак. Ушбу иқтибос «Нефтчи» клуби томонидан билдирилган расмий эътирозга илова сифатида келтириб ўтилган.

2015 йил 10 ИЮЛЬ, ЖУМА

Тартиб-интизом қўмитасининг нав­батдаги йиғилиши бўлиб ўтди ва унга кўра бир қатор футболчи ва мураббийларга санкциялар қўлланилди. «Нефтчи» ПФК раиси Тоҳир Кападзе 15-тур доирасида сафарда «Қизилқум»га қарши баҳс якунига етганидан сўнг интизомсиз хатти-ҳаракати учун 2та ўйинга четлатилди. Шунингдек, Кападзе огоҳлантирилди ва жаримага тортилди.

Олий лига 15-турида сафарда «Қизилқум»га қарши кечган баҳсда захира ўриндиғида ўтирган ҳолда захира ҳакамини ҳақорат қилгани учун майдондан четлатилган «Нефтчи» ярим ҳимоячиси Мансур Саидов, 3та ўйинга четлатилди ва жаримага тортилди.

БИЗНИНГ ФИКРИМИЗ

Хуллас, шунақа гаплар. ПФЛ олиб борадиган иш тизимини назарда тутсак, бунга ҳайрон қолишнинг кераги йўқ, чунки шу вақтга қадар ташкилот ишида тушунмовчиликлар кўп бўлган. Аммо бу билан биз «Нефт­чи»ни батамом ёқламоқчи эмасмиз. Мақсадимиз - холисона фикр билдириш. Шу сабабли танганинг олдига ҳам, орқасига ҳам назар ташлашга имкон қадар ҳаракат қиламиз. «Нефтчи»нинг баёнотига келадиган бўлсак, профессионал клуб расмий эътирозни бу тахлит эмас, балки бошқача билдириши керак эди, деб ҳисоблаймиз. Келинг, ҳозир шу мавзуга тўхталиб ўтсак. Бу борада айтар гапимиз бир неча банд­ни ўз ичига олади.

1. «Нефтчи» - профессионал клуб. Шундай экан, профессионал жамоа бу тахлит иш юритмаслиги керак эди. Одатда юзага келадиган норозиликлар юзасидан расмий сайтда баёнот чоп этиш эмас, балки юқори инстанцияларга апелляция билан мурожаат қилиш керак бўлади. Масалан, Европа клубларидан бирортасининг расмий сайтида бундай мақола чиқарилиши - шармандаликдан ўзга нарса эмас...

2. «Нефтчи» клуби расмий сайтида чоп этилган баёнот аниқ фактлардан кўра ҳиссиётга кўпроқ асосланган. Профессионал футбол клуби раддиясида: «Нефтчи» томонидан  урилган гол ҳақиқий экани оммавий футбол сайтлари ва жамоатчилик томонидан ҳам тасдиқланган эди» ва «Балким, «Нефтчи»нинг орадан  вақт ўтиб, яна етакчилар қаторида юриши кимларгадир ёқмаяпти шекилли»га ўхшаш гаплар бўлиши ғалати. Профессионал иш олиб борадиган клуб расман норозилик билдирган тақдирда ҳам фақат ва фақат фактларга асосланиши керак. «Нефтчи» клуби матбуот хизмати эса фактлардан кўра «оммавий футбол сайтлари ва жамоатчилик фикри»га мурожаат қилишни маъқул кўрган. Ушбу баёнотни ўқиб кўргач, интернет орқа­ли шунга ўхшашини қидириб кўрдик. Топа олмадик. Афтидан, «Нефт­чи» матбуот хизмати «ўхшаши йўқ» ишга қўл уриб қўйган кўринади...

3. Аслида, бундай вазиятда «Нефт­чи» қандай йўл тутиши керак эди? ПФЛ тартиб-интизом қўмитаси томонидан чиқарилган қарор клубга ёқмаган бўлса, ЎФФдаги апелляция қўмитасига мурожаат қилиш керак бўларди. Агарда шунда ҳам клубга ёқадиган ҳукм чиқарилмаса, Лозаннадаги спорт арбитраж судига қадар бориш мумкин. Профессионал иш тизими мана шундай юритилади. Масалан, УЕФА тартиб-интизом қўмитаси Сербия - Албания учрашувидаги тартибсизликлардан сўнг ҳар икки жамоага техник мағлубият ёзган эди. Аммо Албания футбол федерациясининг мурожаатидан сўнг Лозаннадаги спорт арбитраж суди бу қарорни бекор қилган ва Албанияга уч очко олиб берган эди. «Нефтчи» ҳам ўзининг ҳақлигига ишонган бўлса, мана шундай услубда курашиши керак эди. «Расмий сайтим бор экан», деб ҳар нарсани ёзавериш эса профессионал клубга ярашмайди.

Хуллас, шунақа гаплар. «Нефтчи» матбуот хизматининг бу юриши профессионал клуб баёноти эмас, балки  бир журналистнинг ҳиссиётларга тўлиб-тошган мақоласини ёдга солиб юборди. Табиийки, бундай вақт­да ПФЛ «Нефтчи» матбуот хизматини жазоласа ҳам ҳайрон қолмас эдик. Бошқасини билмадик-ку, аммо бунга ПФЛнинг ҳаққи бор. Чунки профессионал клубга ярашадиган иш эмас бу.

Аммо шу билан бирга, ПФЛга айтар баъзи гапларимиз ҳам борки, буни ҳам ўртоқлашиб ўтмасак, асло иложи йўқ.

 

ПФЛ ТОМОРҚАСИГА  НАВБАТДАГИ ТОШ

Одам бир гапни ҳадеб такрорлайверса, яна айтишдан уялиб қолар экан. Масалан, қўшнингиз ҳовлисини тозалаб қўймаса, бир айтасиз, икки айтасиз, охири айтишга ҳам тортиниб қоласиз. ПФЛ ҳам худди ўша қўшнига ўхшайди. Камчиликлар бир дунё, аммо айтадиган бет қолмади. ПФЛ томорқа­сига шу қадар кўп тош отилдики, у ерда ҳозир бирор нарса кўкариб турганига ҳам ишонгинг келмайди. Шундай бўлса-да, яна бир бор тош отмасликдан ўзимизни тўхтатиб тура олмадик.

Русларда «Какой привет - такой ответ» деган гап бор. Ўзимизда эса «Экканингни ўрасан», дейдилар. Аслида «Нефтчи» томонидан бундай йўл тутилишида ПФЛнинг ҳам етарлича «ҳиссаси» бор. ПФЛ шу вақтга қадар ҳамма ишни профессионал тарзда амалга оширганида, клублар ҳам шунга мос тарзда ишлаган бўлардилар.

Профессионал футбол лигаси - шундай ташкилотки, мавсум бошида тузилган ва тасдиқдан ўтган тақвими йил ўртасида янги тузатишларга албатта муҳтож бўлиб қолади. Бу йилдан эътиборан бошқа анъанага ҳам қўл урилди, энди мавсумнинг иккинчи ярми учун қайтадан тақвим тузишга тўғри келади. Айтинг-айтинг, ўша тақвим ҳам аввалгилари сингари ўзгаришларга дуч келмасин. Мартдан июлгача бўлган ўзгаришларни санагудек бўлсангиз, адашиб кетишингиз ҳеч гап эмас.

"ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 18:42, 19.07.2015.
Ўқилди: 5743 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.