ОФК ва КОНКАКАФда жаҳон чемпионати-2018 саралаш ўйинлари аллақачон бошланган. Қолган қитъаларда ўтадиган саралашга 25 июль куни қуръа ташланади. Бу маросим Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ташкиллаштирилади. Қуйидаги мақола асосида барча қитъалар бўйича қуръа механизми ва саралаш мусобақаси формати ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
АФРИКА (5та йўлланма)
ФИФА Тартиб-интизом қўмитасининг қарори билан Зимбабве термаси мусобақалардан четлаштирилган. Шу боис, Африка футбол конфедерациясига аъзо 54та давлат жамоасидан 53таси мундиал саралашида иштирок этади. Дастлаб ФИФА рейтинги бўйича қуйи поғоналарда қайд этилган 26та жамоа курашга киришади. Қуръа жараёнида улар ФИФАнинг июль ойи рейтинги асосида 2та саватчага ажратилади. Хуллас, 13та жуфтлик вакиллари 5 ва 13 октябрь кунлари «плей-офф» тизими («уй-сафар»)да баҳслашадилар. Якунда 13та ғолиб терма 27та жамоага қўшилиб, кейинги босқичда ўйнайди.
Иккинчи босқичда 40та яна «плей-офф» тизимида курашиб, 20та жамоа номига ойдинлик киритади. Сўнгги босқичда бу жамоалар 5та гуруҳга бўлинадилар ва квартет ғолибларига Россия-2018 йўлланмаси берилади.
ЕВРОПА (13та йўлланма+мезбон)
Саралашда УЕФАга аъзо 53та жамоадан 52таси иштирок этади. Россия мезбон сифатида квалификацион ўйинлардан озод этилган. Жамоалар 9та гуруҳга ажратилади: 7тасида олтитадан, 2тасида бештадан. Қуръадан олдин терма жамоалар ФИФАнинг июль ойидаги рейтинги асосида 6та саватчага ажратилади. Саралаш баҳслари 2016 йилнинг 4 сентябридан 2017 йилнинг 10 октябрига қадар ўтказилади. Қуръа жараёнида битта жиҳат инобатга олинади: Англия, Франция, Германия, Италия, Испания ва Голландия термалари 6та жамоали гуруҳга тушишлари шарт. Гуруҳ ғолиблари (9та жамоа) ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритишади. 2-ўринни эгаллаганлар орасида яхши кўрсаткич қайд этган 8та терма 2017 йилнинг ноябрь ойида бўладиган «плей-офф» орқали яна 4та йўлланма тақдирини ҳал қилади.
КОНКАКАФ (3+1та йўлланма)
Саралашнинг 1-2-босқичидан муваффақиятли ўтган 10та жамоа (Канада, Сальвадор, Гватемала, Сент-Винсент ва Гренадина, Гренада, Антигуа ва Барбуда, Белиз, Аруба, Кюрасао ва Никарагуа) сафига учинчи босқичда Ямайка ва Гаити термалари қўшилишади. Қуръа жараёнида жамоалар ФИФАнинг июль ойидаги рейтинги асосида иккита саватчага ажратилади. «Плей-офф» ўйинлари шу йилнинг 31 август ва 8 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Мазкур тўқнашувларда ғолиб чиққан 6та жамоа сафига Коста-Рика, Мексика, АҚШ, Гондурас, Панама, Тринидад ва Тобаго термалари қўшиладилар ва 4-босқич ўтказилади. Яъни 12та жамоа 3та гуруҳга ажратилади. Ўйинлар шу йилнинг 15 ноябрида бошланиб, келаси йилнинг 6 сентябрига қадар давом этади. Гуруҳларда 1 ва 2-ўринни эгаллаган термалар 5-босқич йўлланмасига эга бўлишади. Якуний босқич формати ҳақида кейинроқ маълумот берилади.
ОКЕАНИЯ (0+1та йўлланма)
Океания минтақасида дастлаб Америка Самоаси, Кука ороллари, Самоа ва Тонга жамоалари бир даврали тизимда баҳслашишади. Ўйинлар 5-13 октябрь кунлари Тонгада бўлиб ўтади. Ушбу гуруҳ ғолиби қолган 7та жамоа билан ЖЧ йўлланмаси учун курашни давом эттиради. 8та жамоа 2та гуруҳга бўлинади ва ўйинлар бир даврали тизимда ўтказилади. Гуруҳларда 1, 2-3-ўринни эгаллаган жамоалар 3-босқичга йўл олишади.
Сўнгги раундда 6та жамоа 2та гуруҳга ажратилади. Ўйинлар «уй-сафар» тизимида олиб борилади. Гуруҳ ғолиблари «плей-офф»да ўзаро тўқнаш келадилар ва устун келган жамоа қитъалараро ўтиш ўйинига чиқади.
ЖАНУБИЙ АМЕРИКА (4+1та йўлланма)
Ушбу минтақанинг 10та жамоаси битта гуруҳда «уй-сафар» тизимида ўйнайди. Баҳслар жорий йилнинг сентябридан 2017 йилнинг октябрь ойига қадар бўлиб ўтади. Мусобақа тақвими Санкт-Петербургдаги қуръа маросимида тасдиқланади. Энг яхши 4та жамоа Россия-2018 йўлланмасини қўлга киритса, 5-ўрин эгаси қитъалараро «плей-офф»да иштирок этади.
ОСИЁ (4+1та йўлланма)
Энди бизнинг қитъадаги саралаш босқичига ҳам қисқача тўхталиб ўтамиз. Хабарингиз бор, айни паллада 40та жамоа 8та гуруҳга бўлинган ҳолда, саралашнинг 2-босқичида иштирок этмоқда. 8та гуруҳ ғолиби ва 2-ўринни эгаллаганлар орасида энг яхши кўрсаткич қайд этган 4та жамоа кейинги раундга ўтиш билан бирга Осиё кубоги-2019 (мезбон - БАА) йўлланмасига эга бўлади.
Шу ўринда битта жиҳатга ойдинлик киритиб ўтиш лозим. Саралашнинг «F» гуруҳида иштирок этиши кўзда тутилган Индонезия ФИФА томонидан дисквалификация қилинган. Шу боис бу гуруҳда 4та жамоа қолди. Энди гуруҳларда 2-ўринни эгаллаган жамоалар натижалари ҳисоб-китоб қилинаётган пайт «Ғ»дан бошқа бешликда 2-ўринни эгаллаган термаларнинг 5-ўринни банд этган иштирокчи билан ўзаро ўйинлари натижаси чиқариб ташланади. Шундан сўнг 2-ўрин соҳиблари рейтинги тузилади ва энг яхши кўрсаткичга эга 4та жамоа ЖЧ-2018 йўлланмаси учун курашни давом эттиради.
Якуний босқичда 12та жамоа 2 гуруҳга ажратилади. Ўйинлар «уй-сафар» тизимида ўтказилади. Гуруҳларда 1-2-ўринни эгаллаган жамоалар Россияда ўтадиган мундиал йўлланмасини қўлга киритишади. 3-ўринни эгаллаган жамоалар эса ўзаро куч синашиб, қитъалараро ўтиш ўйинига чиқишади.
Айтганча...
ОФКнинг 5-жамоаси қитъалараро «плей-офф»да қайси Конфедерация (КОНКАКАФ, КОНМЕБОЛ ёки Океания) вакили билан ўйнаши ҳам Санкт-Петербургдаги қуръа ташлаш маросимида аниқланади.