Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ҳужум қаердан куч олади?

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда йиғинни якунлади. Бу йиғинни «навбатдаги» дея олмаймиз, чунки у навбатдан ташқари ташкил этилган бўлиб, янги бош мураббий Самвел Бабаян терма жамоага номзод футболчиларни кўриб олишни мақсад қилган. Айнан шу сабабга кўра йиғинда легионерлар иштирок этишмаяпти. Бабаян Яманга қарши кечадиган муҳим ўйин олдидан ҳозирча маҳаллий футболчиларнинг имкониятини чамалаш билан кифояланмоқда.

Ушбу йиғинга 5 нафар ҳужумчи чақирилган - Баҳриддин Ваҳобов, Темурхўжа Абдуҳолиқов, Элдор Шомуродов, Илҳом Шомуродов ва Игорь Сергеев. Улар билан яхши танишмиз, деб айта олмаймиз. Чунки фақат Игорь Сергеев терма жамоада мунтазам тўп сурган. Қолганларни эса фақат олий лига ўйинларида кўрганмиз, холос.

Келинг, шу ўринда ҳужумчилар статистикасига назар ташласак. Ушбу таркибдан фақат Сергеев терма жамоада тўп суриш тажрибасига эга. 22 ёшли ҳужумчи шу вақтга қадар 19та ўйинда майдонга тушиб, 6та гол урган. Қолганларнинг статистикаси эса анча ғариб - 33 ёшли Баҳриддин Ваҳобов фақат шу йил терма жамоага чақирилган бўлса, Илҳом ва Элдор Шомуродовлар ҳам илк бора йиғинда иштирок этмоқдалар. 26 ёшли Темурхўжа Абдуҳолиқов эса асосан олимпия термасидаги ўйинлари орқа­ли танилган. Ушбу ҳужумчи шу вақтга қадар миллий жамода фақат бир марта майдонга тушган, аммо ўша ўйинда ҳам гол ура олмаганди. Самвел Бабаян Яманга қарши кечадиган ўйинга худди шундай форвардлар билан тайёргарлик кўришга мажбур бўлмоқда.

Ҳужумчилар масаласининг яна бир жиҳати, муаммо кўлами анча кенг эканини кўрсатиб беради. Терма жамоанинг ҳужумдан бошқа чизиқлари легионерлар ҳисобига кучайтирилиши мумкин. Хориждаги футболчиларимиз келгач, ҳимоя ва ярим ҳимоя бошқача кўриниш олиши турган гап. Ҳимояда Анзур Исмоилов ва Виталий Денисовнинг ёрдами тегса, ярим ҳимоядаги номлар ҳам анча жарангдор - Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров, Азиз Ҳайдаров, Санжар Турсунов, Фозил Мусаев. Кўриб турганингиздек, бу борада аҳвол анча яхши. Аммо ҳужум...

Самвел Бабаян айнан шу чизиқда маҳаллий футболчилар билан чекланишга мажбур бўлаётгани бироз хавотирли. Улар эса боя айтиб ўтганимиздек, унчалик ҳам кўзни қувонтирадиган эмас. Баҳриддин Ваҳобов биринчи давранинг ўзида 15та гол ургани билан ҳали бирор марта терма жамоада тўп сурмаган. Боз устига, бу ҳужумчи олий лигадаги узоқ йиллик фаолияти давомида ҳам барқарорлиги билан ажралмаган. Жорий мавсумдаги сермаҳсуллигини эса мўъжиза сифатида қабул қилиш мумкиндир балки. Қолган ҳужумчилар ҳақида ҳам шунга яқин фикр юритиш мумкин.

Албатта, бизда ҳам хорижда тўп сураётган ҳужумчилар бор. Айтайлик, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ёрдамчи мураббийи Равшан Ҳайдаров яқинда Александр Гейнрихнинг ўйинини кузатиш учун Чимкент шаҳрига бориб келди. Шунингдек Сербиянинг «Явор» клуби сафида 21 ёшли Ҳусниддин Ғофуров тўп суради. Бу ҳужумчи ҳали олий лигада ўйнамай туриб Сербия суперлигаси таъмини тотиб кўрган. Гарчи «Явор»нинг «википедия»даги саҳифасида Ҳусниддин ҳимоячи сифатида кўрсатилган бўлса-да, аслида у ҳужумчи эканини яхши биламиз. Аниқроғи, эшитганмиз.

Аммо бу номзодлар терма жамоа ҳужумини фавқулодда кучайтиришига ишониш қийин. Александр Гейнрих бир вақтлари Европанинг кучли клубларида ҳам ўйнай олиш салоҳиятига эга эди. Аммо Саша бу устунликни қай даражада енгилтаклик билан ҳавога совурган бўлса, терма жамоадаги фаолияти ҳам кутилганидек самарали кечмади. Акс ҳолда, у 83та ўйинда 28та эмас, балки кўпроқ гол урган бўлар эди. Тўғри, у ҳозир терма жамоа тўпурарлари рўйхатида учинчи ўринда турибди (биринчи ўринда 34та гол билан Максим Шацких, иккинчида эса 30та гол билан Миржалол Қосимов жойлашган), аммо бу натижа Гейнрих учун фахрдан кўра уятга кўпроқ сабаб бўлиши керак. Чунки у ўзи истаганда бундан анча яхшироқ натижага эриша оларди. Шундай экан, фаолиятининг энг гуллаган даврида терма жамоага етарлича ёрдам бера олмаган ҳужумчи энди наф келтирармикан?

Ҳусниддин Ғофуров ҳақида эса аниқ фикр билдира олмаймиз. Чунки у бизга унчалик таниш эмас. Уммонга қарши кечган биргина ўртоқлик ўйини билан ҳукм чиқариш ҳам ярамайди. Билганимиз фақат шуки - Сербия клублари анча-мунча ҳужумчи билан уч йиллик шартнома имзолашмайди. Айниқса, у футболи ривожланмаган Осиё қитъасидан келган бўлса. Нима бўлган тақдирда ҳам, Ғофуровни синаб кўришда давом этиш керак. Аммо у ҳам бирданига терма жамоага ёрдам бериши даргумон.

Шундай экан, айни вақтда йиғинда иштирок этаётган ҳужумчилар билан чекланишга тўғри келади. Асосий форвард эса барибир, Игорь Сергеев бўлиб қолса керак. Қолганлар эса Игорь билан рақобатлашиши мушкул. Ҳужумчи майдонда энг кўп куч йўқотадиган ўйинчи ҳисобланади. У гол уришга мудом шай туришдан ташқари, прессингда иштирок этиши, югуриши ва курашиши керак. Табиийки, тезда чарчаб қолиши ҳам турган гап. Шу сабабли, дунё футболида ҳужумчилар кўп алмаштирилади. Аммо бизда бир-бирининг ўрнини тўлдира оладиган форвардлар танқис.

Хўш, бу муаммони Самвел Бабаян қандай ҳал қиларкин? Ёки терма жамоа ўйини яна ўзгаришсиз қоладими? Кўрамиз, ҳаммаси икки ойдан сўнг аниқ бўлади...

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:27, 28.07.2015.
Ўқилди: 4221 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.