Ўтган ҳафта ўзбекистонлик легионерлар учун унчалик омадли келмади. Футболчиларимиз ҳисобига расмий ўйинларда гол ёзилмади, уларнинг жамоалари аксарият учрашувларда мағлубият (ёки дуранг) қайд этишди, Александр Гейнрих эса мавсумдаги илк қизил карточкага мубтало бўлди...
МУВАФФАҚИЯТСИЗ ҲАФТА
«Краснодар» ўз майдонида «Спартак»ка минимал ҳисобда ютқазди. Ҳамюртимиз Одил Аҳмедов асосий таркибда майдонга тушиб, 73-дақиқада захирага олинди. «Уфа»нинг «Ростов»га қарши ўйини (1:2)да эса, Вагиз Галиулин захирада қолди. Виталий Денисовнинг клуби - «Локомотив» 2-тур доирасида кеча «Анжи» майдонига сафар уюштирди.
Дарвоқе, ҳуқуқий жиҳатдан «Краснодар»га тегишли Николай Марков «Кубан»га ўтиши мумкин. Икки жамоа асли ўзбекистонлик футболчининг трансфери борасида музокара олиб бормоқда. «Кубань» мазкур харид орқали чап қанот ҳимоясини мустаҳкамлашни режалаштирмоқда. Марков ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида «Урал» шарафини ҳимоя қилганди (ижара). Эслатиш ўринли, Николай Тошкентнинг «Трактор» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади.
ЎЙИН ҲАМ ЙЎҚ
Жанубий Кореяда ҳафта ўрталарида кубок ўйинлари ўтказилган бўлса, дам олиш кунлари «К»-лиганинг 23-тур баҳслари бошланди. Таркибида Сервер Жепаров тўп сурадиган «Ульсан Хюндай» 2та ўйинда ҳам «Сеонгнам»га қарши майдонга тушди. Ульсанликлар кубок баҳсини қўшимча дақиқалардаги гол эвазига ўз фойдаларига ҳал қилдилар, чемпионат доирасидаги ўйинда эса ҳисоб очилмади. Ҳамюртимиз ҳар икки ўйинда қатнашмади. Маълумотларга қараганда, Сервер жароҳатини даволаш билан банд.
САНЖАР ТУРСУНОВГА МАҚТОВ
Украина спортини ёритиб борадиган Sport-express.ua нашри «Ворскла» ярим ҳимоячиси Санжар Турсуновни ўтган мавсум кашфиёти сифатида тан олди ва ярим ҳимоячига қуйидагича таъриф берди. «Ўзбекистонлик 28 ёшли легионер ўтган мавсум нафақат «Ворскла», балки бутун чемпионат учун ажойиб кашфиёт бўлди. Санжар полтаваликларнинг ҳужум чизиғига ҳайратланарли тезликда мослашиб кетди ва ижодкорлиги билан жамоасини кучайтирди. Ҳар қандай ярим ҳимоячи учун 5та гол ва бир қатор голли узатмалар катта обрў келтириши турган гап. Бу борада Санжар серқирра футболчи эканлигини исботлади.
Санжар Турсунов легионер сифатида Шацких ва Денисовдан сўнг ўзбекистонлик футболчилар обрўсини ажойиб тарзда ушлаб турибди. У Украина чемпионатининг энг кучли ўйинчиларидан биридир. Шундай экан, Санжарнинг ўйини Ўзбекистон футболи учун ажойиб реклама ҳисобланади».
«Ворскла»га келсак, клуб Украина чемпионатининг 2-турида ҳам дуранг ўйнади - 1:1. Полтаваликлар Шацкихнинг собиқ жамоаси - «Говерла» меҳмони бўлишди. Санжар Турсунов ўйинни бошланғич таркибда бошлаб, тўлиқ 90 дақиқа ҳаракатланди.
2та ЎЙИНДА 6 ОЧКО
«Явор» жамоаси Сербия супер-лигасининг 2-турида «Спартак»ни қабул қилди ва ғалаба нашидасини сурди. Ўйин аввалиданоқ ташаббусни қўлга олишган иваницаликлар тезкор 2та гол эвазига муҳим 3 очкони қўлга киритишди. Ҳусниддин Ғофуров бошланғич таркибдан жой олиб, 59 дақиқа тўп сурди. Айтганча, «Явор» 1-турда ҳам ғалаба нашидасини сурганди.
ГЕЙНРИХГА ҚИЗИЛ КАРТОЧКА
«Ордабаси» жамоаси Қозоғистон премьер-лигасининг дастлабки босқичини якунлаб берувчи турда «Иртиш» меҳмони бўлди. Мазкур ўйинда шимкентликларнинг омадлари юришмади. Хусусан, жамоадаги ҳамюртимиз Александр Гейнрихники ҳам. Саша 53-дақиқада захирадан тушди ва жамоаси ютқазаётган пайт қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Шунга қарамай, «Ордабаси» жадвалда 5-ўринни банд этди ва энди иккинчи босқичда медаллар учун курашади.
«Жетису» эса мазкур турда ғалаба қозонди ва премьер-лигада «жон сақлаб» қолиш учун курашни давом эттиради. Клуб сафидаги Бобур Давлатов 73-дақиқадан захирадан майдонга тушди.
НАЗОРАТ ЎЙИНИДА ГОЛ
Малайзияда нуфузи жиҳатдан иккинчи ўринда турувчи премьер-лига иштирокчиси «Т-Тим» эълон қилинган қисқа танаффусдан фойдаланиб, иккига бўлинган ҳолда назорат ўйини ташкил қилди. Унда асосий жамоа 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Голлардан бирига Садриддин Абдуллаев муаллифлик қилди. Жароҳатини даволаётган Фарҳод Тожиев эса майдонга тушгани йўқ. Жамоа навбатдаги расмий ўйинини 31 июль куни «Жоҳар Дарул Таъзим»га қарши ўтказади. «Т-Тим» турнир жадвалининг 2-поғонасида бормоқда. 33 очко тўплаган жамоа пешқадам «Кедах»дан 1 очко орқада.