Олий лигада чемпионлик учун кураш олиб бораётган “Локомотив” давралар оралиғида ўз сафини икки нафар футболчи билан тўлдириб олди.
Шу йилнинг бошида ижара асосида Қувайтнинг “Ал Қодисия” таркибида тўп тепиб, яна “темирйўлчилар” сафига қайтган тезкор ҳужумчи Иван Нагаев ҳамда бир неча йилдан бери олий лигамизда тўп суриб келаётган Мўйдин Мамазулумов иккинчи даврада “Локомотив” шарафини ҳимоя қилишади.Кеча “Чемпионат.Азия” сайти “Футбол Экспресс” газетасига таянган ҳолда бу икки футболчининг “Қўқон-1912″га ўтиши мумкинлиги ҳақида хабар чоп этди. Шундан сўнг бу борада турли гап-сўзлар юзага келди. Лекин якунда миш-миш ўз тасдиғини топмади ва иккала ҳужумчи ҳам “Локомотив” таркибида қолди.
31 июль, жума куни “Локомотив” стадионининг матбуот анжуманлар залида янги ўйинчиларни кенг оммага таништириш ҳамда уларга футболка топшириш маросими бўлиб ўтади. Ушбу тадбиримизга барча турдаги ОАВ ходимларини таклиф этиб қоламиз. Таништирув маросими соат 12:00да бошланади.