Хитойнинг Уланчаб шаҳрида бокс бўйича хотин-қизлар ўртасида ўтказилаётган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг бир йўла тўрт нафар аъзоси ярим финалга чиқиб, камида бронза медалларини нақд қилиб қўйдилар.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон аёллар бокси тарихида шу кунга қадар ҳеч бир спортчимиз Осиё чемпионатида совринли ўринни қўлга киритмаган. Демак, чин мамлакатида ўтаётган навбатдаги Осиё чемпионати Ўзбекистон тарихи саҳифаларига зарҳал харфлар билан битилади.
Умид қиламизки, спортчиларимиз ушбу натижалар билан чекланиб қолмайдилар ва навбатдаги жангларда ҳам зафарли одимлашда давом этадилар. Осиё чемпионати 13 августга қадар давом этади.
12 август куни ўтказиладиган ярим финал жангларида ҳамюртларимиз қуйидаги рақибларига қарши рингга кўтариладилар:
57 кг. Ёдгорой Мирзаева – Ри Кванг Сук (КХДР)
69 кг. Шаҳноза Низомова – Ву Пей-И (Х.Тайпейи)
81 кг. Дилнавоз Норхўжаева – Савити (Ҳиндистон)
+81 кг. Гўзал Исматова – Лаззат Кунгейбаева (Қозоғистон)