«Галатасарай» «Манчестер Юнайтед» ярим ҳимоячиси Бруну Фернандешни ўз сафига қўшиб олишга даъвогарлик қилмоқда.
Туркия клуби «қизил иблислар» сардорининг маош бўйича талабларини қондиришга тайёр, деб хабар беради Transfer News Live манбаси HT Spor нашрига таяниб. Ҳозирда португалиялик футболчи ҳафтасига тахминан 300 минг фунт стерлинг (350 минг евродан ортиқ) маош олмоқда. 31 ёшли футболчининг «МЮ» билан амалдаги шартномаси келгуси йилнинг ўрталарида якунига етади, аммо унда битимни автоматик равишда яна бир йилга узайтириш имконияти кўзда тутилган.
Transfermarkt портали экспертлари Бруну Фернандешнинг трансфер қийматини 35 миллион еврога баҳолашмоқда. Ярим ҳимоячи 2020 йилнинг январь ойидан бери Англия гранди шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.













