Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоасига давлат томонидан молиявий ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 24-мартдаги ПҚ-107-сонли “Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, пойтахт клубига 5 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Клуб матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу ёрдам фонида жамоа Суперлиганинг навбатдаги учрашувларига белгиланган режа асосида тайёргарликни давом эттирмоқда.
Хабарда, шунингдек, клуб қийин вазиятда жамоани қўллаб-қувватлаётган барча мухлислар, блогерлар, спорт оммавий ахборот воситалари ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа футбол клубларига миннатдорчилик билдиргани қайд этилган. Хусусан, жамоа “Пахтакор”, “Сурхон”, “Бухоро”, “Навбаҳор” ҳамда “Олимпик мобиуз” клубларига алоҳида ташаккур изҳор қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Бунёдкор” футбол клуби йўл харажатлари ҳамда меҳмонхона учун маблағ йўқлиги сабабли 15-тур доирасидаги “Қизилқум”га қарши сафар ўйинига бора олмаслигини маълум қилган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон профессионал футбол лигаси регламентга мувофиқ пойтахт клубига техник мағлубият ёзилишини билдирганди.













