Биласиз, кеча "Камп Ноу" ўйингоҳида "Барселона" ва "Атлетик" жамоалари ўртасида Испания Суперкубогининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди.
1:1 ҳисобидаги дуранг билан тугаганига қарамасдан, илк учрашувдаги ғалаба эвазига "Атлетик" Суперкубокка эга чиқди. Эътиборли жиҳати, мазкур жамоаларнинг ҳал қилувчи қарама-қаршилигини ҳамюртимиз Сардор Рашидов бевосита стадионда кузатди. Австрия йиғини якунлангач, қисқа муддатли таътилга чиққан “Ал Жайиш” аъзоси SPORTS.uzга ўйин борасидаги таассуротларини бўлишди.
- Ўйин жуда ҳам ажойиб тарзда ўтди. “Барселона”нинг ўйинини яқиндан кўриш мақсадида буерга келган эдим. Ростини айтсам, ўйинни оддий мухлис сифатида кузатиб мазза қилдим. Стадиондаги атмосферани оддий сўзлар билан таърифлаб бериш қийин. Мухлислар чиндан ўз севимли клубларини қўлларидан келганча қўллаб-қувватлаб туришди. Менга айниқса, Мессининг ўйини жуда ёқди. У чиндан юксак иқтидор эгаси.
“Барселона”га эса негадир бу соврин керак эмасдек туюлди. Шу боисдандир балки Каталон клуби ғалаба учун ортиқча жон куйдирмай ўйнади. Умуман олганда, ўйиндан таасуротларим жуда ажойиб. Мухлислик маданиятига қойил қолдим. Лекин шуни таъкидлай оламанки, бизнинг ўзбек ишқибозлари ҳам ўз севимли жамоаларига мухлислик қилишни жуда қойиллатишади. Мен ҳам кечаги ўйинни оддий мухлис каби кузатиб жуда роҳатландим, - дейди маҳоратли футболчи.