Ўзбекистон 24-миллий чемпионати 19-турининг кутилмаган натижаси Қаршида қайд этилди, десак хато бўлмаса керак. Ўз майдонида чемпионат аутсайдери - «Бухоро»ни қабул қилган «Насаф» қимматли икки очкодан маҳрум бўлди. Қизиғи, ҳисоб очилмаган ўйинда ҳар икки жамоанинг бир нафардан футболчиси - Шоҳруҳ Гадоев ва Азиз Ибрагимов майдондан четлатилган эди. Биз учрашувдан сўнг меҳмонлар ярим ҳимоячиси, ўйин «қаҳрамон»ларидан бири Азиз Ибрагимовдан интервью олдик.
- Аввало, «Насаф»га қарши ўйин ҳақида фикрингизни билдирсангиз. Натижага кутилмаган, дея баҳо бериш мумкинми ёки ҳисоб ҳаққоний бўлдими?
- Менимча, дуранг ҳаққоний эди. Ҳатто Қаршидан уч очко билан қайтишимизга оз қолди. Лекин сўнгги дақиқаларда юзага келтирилган хавфли вазиятларни голга айлантира олмадик. Акс ҳолда, «кутилмаган» сўзининг ўрнига «шов-шувли натижа» жумласи ишлатилармиди? Очиғи, ўйин осон кечмаслигини олдиндан билардик. Боиси, «Насаф» совринли ўринлар учун курашяпти. Йўқотиладиган ҳар бир очко қаршилик футболчиларни пешқадамлардан узоқлаштирарди. «Бухоро» эса аутсайдер бўлиб турганлиги учун кўпчилик «Насаф»нинг йирик ҳисобдаги ғалабасини кутганди. Рўзиқул Бердиев шогирдлари майдонда бир киши кам бўлиб қолгандан кейин ҳам ҳужум қилишни тўхтатишмади. Якунда ўзимиз учун керакли натижани қайд этганимиздан хурсандман. «Бухоро» ўз ўйинини топиб бормоқда.
- Гапларингиздан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бу кутилмаган натижа эмас, шундайми?
- Агар жамоаларнинг турнир жадвалида эгаллаб турган ўринларини инобатга олсак, шундай дейиш мумкин. Лекин ўйин бўйича олсак, бу фикрга қўшилолмайман. Биз ҳимояга ётиб олганимиз йўқ. Ҳужумлар уюштирдик. Голга тортадиган вазиятларни яратдик. Элдор Суюнов жамоасини муқаррар голлардан қутқариб қолди. Қолаверса, ҳимоячиларимизнинг ишончли ўйнашганини ҳам айтиш лозим.
- Иккинчи сариқ карточка туфайли майдондан четлатилдингиз. Бу ҳақда нима дейсиз?
- Умуман норозиман. Ўша вазиятда тўпни атайин қўлим билан ўйнамагандим. Ҳеч қандай хавфли вазият ҳам юзага келмаётганди. Бош ҳакам иккинчи огоҳлантиришни нотўғри берди, деб ўйлайман. Шунчаки, майдондаги ўйинчилар сони тенглаштириб қўйилди. Мен шундай деб ўйлайман.
- Кўпчилик қатори сиз ҳам Самарқандни тарк этдингиз. Умуман, «Динамо»дан «Бухоро»га ўтишингиз қандай рўй берди?
- Тўғриси, бу мавзуда ортиқ гапирмоқчи эмасман. Ўша онларни эсга олгим келмаяпти.
- Унда нега «Бухоро»ни танладингиз? Бу саволга жавоб берарсиз.
- Тачмурод Агамуродовнинг таклифи билан Бухорога келдим. Ушбу мутахассис «Динамо»да ишлаган пайтида жуда яхши таассурот қолдирганди. У билан бирга ишлаганмиз, муносабатларимиз аъло даражада. Агамуродов кучли мураббий ва яхшигина руҳшунос ҳисобланади.
- «Динамо»даги маошларингизни тўлиқ олдингизми?
- Ҳа, олдим. Бунинг учун клуб раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Шунингдек, жамоа мухлисларига ҳам катта раҳмат айтмоқчиман. Улар «Динамо»дан кетишим сабабларини билишади. Самарқандни тарк этиш олдидан клубнинг жонкуяр мухлислари, оқсоқоллар билан учрашдим.
- «Бухоро» олий лигада қолишга қодирми? Бу вазифани уддалай оласизларми?
- Насиб қилса, мақсадга эришиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Клуб раҳбарияти қўлидан келганча ёрдам беришга тайёр. Футболчилар ҳам 100 фоиз куч билан ўйнашяпти.
- Иккинчи давранинг қолган ўйинларида олий лигада жон сақлаб қолиш учун кураш авжига чиқади. Бу рақобатдаги аёвсиз курашга тайёрмисизлар?
- Албатта. Айниқса, аутсайдерлар ўртасидаги олти очко учун ўйналадиган учрашувларда қоқилишга ҳаққимиз йўқ.
- «Динамо»да бажарган вазифангиз «Бухоро»га ўтганингиздан кейин ўзгардими? Қайси позицияда ўйнаяпсиз?
- Гоҳида ҳужум чизиғида, аксарият ҳолатларда эса ярим ҳимояда ўйнаяпман.
- «Бухоро»нинг молиявий ҳолати яхши эканми?
- Кўз тегмасин, ҳозирча ёмон эмас. Вилоят раҳбари «Бухоро»нинг ҳар бир уй учрашувини бевосита стадионда кузатадилар. «Бунёдкор» билан учрашувдан кейин кийиниш хонасига кириб, чиройли ўйин учун бизни табрикладилар. Албатта, бу муносабат футболчилар руҳиятини янада кўтарди.
- Клуб базасида яшаяпсизми?
- Ҳа, шундай. Бу ерда барча шароитлар яратилган. Нолишга асло ҳаққим йўқ.
- Олий лиганинг юқори қисмидаги кураш ҳақида қандай фикрдасиз?
- Чемпионат якунланишига 11та тур қолган бир пайтда «Пахтакор» пешқадамликни давом эттиряпти. «Локомотив» эса карвонбошини қувишдан чарчамаяпти. Гарчи биз билан ўйинда очко йўқотган бўлсада, «Насаф» ҳам ҳали чемпионлик учун курашни давом эттирса керак. Рўзиқул Бердиев шогирдларини сафдан чиқаришга шошилмаслик лозим.
- Тахмин қилиб кўринг, сизнингча, якунда ким чемпион бўлади?
- Буни айтиш қийин. «Пахтакор» ва «Локомотив» жамоаларидан бирининг чемпионлик шоҳсупасига кўтарилиш эҳтимоли жуда ҳам юқори.
- Аутсайдерлар ўртасидаги кураш ҳақида нима дея оласиз?
- Ҳозирча бизнинг жамоа охирги ўринни эгаллаб турибди. Лекин чемпионат сўнгида турнир жадвалидаги жойлашув ҳозиргидек бўлмайди. Бунинг учун юқорида айтганимдек, астойдил ҳаракат қиламиз. Қолган аутсайдерлар ҳам қараб туришмайди. Менимча, кўп нарсага айнан қуйи поғоналардаги клубларнинг ўзаро учрашувидан кейин ойдинлик киритилади.
- Бир муддат аввал Молдованинг «Дачия» клубига ўтишингиз мумкинлиги ҳақида хабар тарқалганди. Лекин мазкур трансфер амалга ошмай қолди. Бунинг сабаби нимада?
- «Дачия» Чемпионлар Лигасининг саралаш баҳсларида иштирок этаётганди. Шу боис, уларга ҳужумкор ярим ҳимоячи сув ва ҳаводек зарур эди. Минг афсуски, «Динамо» жамоаси раҳбарлари тегишли ҳужжатларни беришни пайсалга солишди. Молдова чемпионлари эса узоқ кута олмасдилар. Бундан ташқари, тиббий кўрикдан ҳам ўтишим керак эди. Телефон орқали ўрнимга бошқа ўйинчи олишганини айтишди. Ҳозир кўпчилик бу таклиф бўлмаганини таъкидлаяпти.
Камолиддин Алимов суҳбатлашди.