Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Олимпиячиларимизнинг Словакия сафари плюслари

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Словакияда ўтадиган халқаро мусобақада иштирок этади. Бу - яхши хабар. Яхшилиги шундаки, турнирнинг олимпиячиларимиз учун бир қатор фойдали жиҳатлари бор.

Биринчидан, Бразилия-2016 учун курашга шайланаётган терма жамоа­мизга ҳар қандай мусобақа қўл келиши турган гап. Боз устига, бундай турнир Европада бўлиб ўтса, нур устига аъло нур. Гап шундаки, Тошкент­да йиғилиб, «Жар»нинг жазирама майдонида иккига бўлиниб, «оқлар» ва «кўклар» қабилида футбол ўйнагандан кўра, Словакиянинг соя-салқин жойларида тайёргарлик олиб борган минг бора маъқулроқ. Боз устига, спарринг-рақиблар тайёр. Яна улар оддий эмас. Бунақасини фақат орзу қилиш мумкин.

Иккинчидан, гарчи мусобақа Европада ўтса-да, унда асосан Осиё мамлакатлари жамоалари иштирок этишаркан. Мезбон Словакиядан бошқа барчаси Осиё вакиллари - Ўзбекистон, Саудия Арабистони, Иордания ва Бирлашган Араб Амирликлари. Бу эса Виктор Жалилов шогирдларига жуда маъқул вариант. Зеро, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси январда Қатар мезбонлик қиладиган  Осиё чемпионатида иштирок этиши лозим. Бу мусобақанинг энг аҳамиятли жиҳати-довга Бразилия-2018 йўлланмаси тикилган. Табиийки, бундай масъулиятли турнир олдидан асосий рақиб бўлишлари кутилаётган терма жамоалар билан куч синашиш икки ҳисса фойдали.

Аммо бу ҳаммаси эмас. Словакия­даги мусобақанинг манфаатли жиҳатларини санар эканмиз, «учинчидан», қабилидаги бандни ҳам илова тариқасида келтириб ўтиш шарт. Зеро, унинг аҳамияти «биринчи» ва «иккинчи»дан кам эмас. Демак, кетдик. Учинчидан, мусобақа 28 август кунидан бошлаб, 9 сентябрга қадар давом этади. Бу нафақат терма жамоа, балки футболчилар ва уларнинг клублари учун жуда фойдалидир. Боиси шуки, бу вақтда олий лига ўйинлари ўтказилмайди ва футболчиларнинг клублари жабр чекишмайди. Яъни ФИФА кунларига мўлжалланган мусобақа ҳеч кимга зарар етказмайди. Илгари ўсмирлар, ёшлар, олимпия ва миллий терма жамоалар йиғинлари туфайли футболчилар ўз клублари машғулотларида деярли иштирок этмасликлари ва бу ҳолат салбий оқибатларга олиб келаётгани ҳақида кўп бонг урилган. Масалан, Жамшид Искандеров терма жамоаларда шу қадар кўп юрдики, оқибатда формасини йўқотиш у ёқда турсин, жароҳатга мойил бўлиб ҳам қолди. Натижада ўзбек футболининг энг иқтидорли ёшларидан бири на терма жамоа ва на ўз клуби - «Пахтакор»га ёрдам беряпти. Олимпия жамоасининг айни вақтдаги таркибида ўз клубларида мунтазам ўйнаётган бир қатор ёшлар борлигини инобатга олсак, Словакиядаги турнир биз учун айни муддао.

Шу билан мусобақа ҳақидаги мулоҳазаларни тугатсак. Энди эътиборни футболчиларга қаратамиз. Словакиядаги халқаро турнир кўплаб йигитларнинг келажагига таъсир ўтказиши мумкин. Гап шундаки, ўз вақтида ўсмирлар ва ёшлар терма жамоасида ўзларини кўрсатган баъзи ўйинчилар ке­йинчалик йўқолиб қолган эдилар. Масалан, Максимилиан Фомин, Жавлон Мирабдуллаев, Жаҳонгир Абдумўминов, Диёр Туропов ва Темур Ҳакимов муайян вақт олдин ўзбек футболининг келажаги сифатида эътироф этилганлар. Аммо кейинчалик ўсишдан тўхтаб қолдилар. Айниқса, Жаҳонгир Абдумўминов ва Темур Ҳакимовга катта умид боғланганди. Улар эса ҳаттоки ёшлар терма жамоасидан ҳам четда қолишди. Айниқса, жаҳон чемпионати уларнинг иштирокисиз ўтгани кишини ранжитади. Шундай экан, бу футболчилар Словакиядаги мусобақада ўзларини кўрсатиб, кейинчалик Қатарда ҳам асосий кучга айлансалар, бундан барча бирдек қувониши турган гап. Ахир ўзбек футболида ёшлигида порлаб, кейин сўнган юлдузчалар озми? Етар! Абдумўминов ва Ҳакимовнинг ҳам улар сафига қўшилишларини зинҳор истамаймиз.

Словакиядаги мусобақа шунингдек, Икром Алибоев ва Достон Ҳамдамов сингари иқтидорлар учун ҳам катта аҳамият касб этади. Бу футболчилар қай даражада истеъдодли эканликларини намойиш этиб улгурдилар. Энди ўша иқтидорни юзага чиқара олишларини ҳам исботлашлари лозим. Аксарият ёшлар айнан шунисига келганда оқсайдилар. Демак, Алибоев ва Ҳамдамов қиладиган ишлар ҳали кўп.

Олимпия терма жамоасининг ҳужум чизиғи ҳақида ҳам икки оғиз мулоҳаза. Виктор Жалилов ва Дилшод Нуралиев томонидан эълон қилинган таркибнинг олдинги чизиғи бироз ғариб кўриниш олгандек кўринмоқда. Таркибга киритилган 4 ҳужумчидан фақат Забиҳилло Ўринбоев халқаро тажрибага эга. У «Бунёдкор» билан ОЧЛ ўйинларида иштирок этди ва кўп нарсаларни ўрганди. Қолган ҳужумчилар ҳақида бундай дейиш қийин. «Сўғдиёна» вакили Жасур Ҳакимов ўз клубида майдонга тушмоқда ва ўсмирлар, ёшлар ҳамда олимпия терма жамоаларига кўп бора чақирилган. Аммо гап шундаки, бу ҳужумчи терма жамоаларга қанча чақирилмасин, ҳеч қачон асосий таркиб ўйинчиси ҳисобланмаган ва фақат сўнгги дақиқаларда захирадан майдонга тушиш билан кифояланган. Бундай ҳужумчини яна таркибда кўриш бироз ҳайратланарли. Ҳужум чизиғи вакилларидан Мурод Бобожонов анча умидли кўринмоқда. У «Нефтчи»да  яхши ўйнамоқда ва  шунга яраша илиқ фикрларга лойиқ кўрилмоқда. Умид қиламизки, ҳужумчи барчасини олимпия терма жамоасида ҳам тасдиқлайди.

Абдуллоҳ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси 

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:29, 31.08.2015.
Ўқилди: 4019 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.