Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг Халқаро алоқалар бўлимининг 2015/16 йилги Европа Чемпионлар Лигаси ўйинларини намойиш қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш бўйича олиб бораётган музокаралари ҳозиргача ўз самарасини бермади.
Халқаро алоқалар бўлими телетрансляциялар ҳуқуқини қўлга киритиш учун узоқ вақт музокаралар олиб борди. «Спорт» телеканали УЕФА ЧЛ ўйинларини трансляция қилиш ҳуқуқини мусобақа бошланишига бир кун қолганда ҳам қўлга киритиши мумкинлиги хабар қилинганди. Аммо эртага, 15 сентябрь куни Европа Чемпионлар Лигаси ўйинлари «Спорт» орқали кўрсатилмайди.
Халқаро алоқалар бўлимидагиларнинг «Дарё»га маълум қилишича, агар ЕЧЛ ўйинларини намойиш этиш ҳуқуқи қўлга киритиладиган бўлса, бу ҳақда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг расмий сайти орқали хабар берилади.
Эслатиб ўтамиз, UzReport TV телеканали УЕФА Чемпионлар Лигаси мусобақасини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўғридан-тўғри трансляция қилиш ҳуқуқини берувчи лицензион пакетни харид қилган.